ЁШЛАРНИ ИЛМГА ЙЎНАЛТИРИШ – БАРЧАМИЗНИНГ ВАЗИФАМИЗ
35

Ҳар бир ота-она ўз фарзандини аҳли солиҳ, маънавий баркамол инсон бўлиб вояга етишини орзу қилади.
Шариатимизда ёшларнинг ватанпарвар, инсонпарвар, одоб-ахлоқили инсон бўлиб вояга етишида таълим тарбиясига эътибор бериш энг муҳим масалалардан саналади. Инсоннинг келажакда аҳли солиҳ, баркамол инсон бўлиб етишиши аввало, унинг ёшлигида олган одоб-ахлоқи ҳамда илм-маърифатига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, — деган бўлсалар, бошқа бир ҳадисда эса: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, — деб марҳамат қилганлар.
Шу ўринда илм ҳақида икки оғиз сўз. Инсонни баркамолликка етакловчи бундай улуғ калимага муҳаққиқлар таъриф бериб шундай деганлар: “Илм — бирор нарсани воқеликда бўлганидек идрок этиш”.
Бунга эришмоқ учун толиби илм ўзини қизиқтирган бирор соҳага тегишли илмни пухта ўзлаштирмоғи, унинг йўлида уйқудан, кўнгил хушликлардан кечмоғи, қолаверса, уни айрим ибодатлардан устун қўйишига тўғри келади. Зеро, илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли жузъий саҳв ва хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўрайдилар”, — деган ҳадисларида ўз ифодасини топгандир.
Яна бир калима борки, у ҳам ҳаётимизда муҳим ўрин тутади. Бу калима “зулм” бўлиб, у оддий халқ ўртасида зўравонлик, жабр, қаҳр, ғазаб маъноларини ифода қилсада, муҳаққиқлар бу сўзга ҳам шариат нуқтаи назаридан таъриф бериб: “Зулм — бирор нарсани ўз ўрнидан бошқа жойга қўйишдир”, — дейишган.
Ёшларнинг илмли ва маърифатли бўлиши муҳим масала экан, илм ва зулм тушунчасига жиддий эътибор қаратиш лозим. Фарзандларимизнинг келажакда одоб- ахлоқли, олим бўлиб етишмоқларига аввало кимлар масъул, деган ҳақли савол туғилади. Уларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясининг масъулияти биринчи навбатда, уйда ота-она, боғчада тарбиячи, ўрта ва олий ўқув юртларида муаллим ва устозлар, кўча-кўйда эса маҳалла оқсоқоллари зиммасидадир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида: “Ҳар бирингиз бир раҳбарсиз ва қўл остингиздагилар ҳақида масъулсиз,- деб таъкидлаганларидек, ота-оналар, қолаверса, ёшлар таълим ва тарбияси билан шуғулланишга мутасадди бўлган кишилар бу ишга жавобгар эканликларини ҳис қилмоқлари лозимдир. Бир сўз билан айтганда, фарзандларимиз илм-маърифатли инсонлар бўлиб етишишларида бирортамиз четда турмаслигимиз лозим.
Ўғил қизларимизнинг келажакда баркамол инсон бўлиб етишишлари учун мазкур шахслар масъул эканлар, улар шуни билиб қўйишлари лозимки, биринчи навбатда ота-оналар болаларининг илм олишларига ҳар томондан кўмак бериш ўрнига, уни турли бошқа юмушларга машғул этишлари, боз устига “бир кун кейин олим бўларсан” қабилида иш тутиб, уни илмдан чалғитишларига чек қўйиш керак. Ўқитувчи ва устозлар эса талабаларнинг қимматли вақтларини бекор кетказмай чуқур билим беришлари ва айниқса дарсни қизиқарли, талабаларнинг фикру зикрини сеҳрлаб олгудек мазмунли тарзда ўтказмоқлари даркор. Шунингдек, маҳалла фаоллари ҳам ўз ўрнида маҳаллаларидаги болаларнинг илм олишларига бефарқ бўлмасликлари фойдадан холи эмас. Бунинг учун маҳалладаги ўқувчи ёшлар билан алоҳида шуғулланишлари ўринли, деб ҳисоблаймиз. Агар юқоридаги масъулият зиммаларида бўлган шахслар бу масалада бепарво бўлсалар, ҳар бирлари ўз мавқелари бўйича бир нарсани ўз ўрнидан бошқа жойга ишлатиш билан уламолар айтганларига зид иш тутган бўлиб, зулмкор, бошқачароқ айтганда болалар ҳаққига ҳиёнат қилган бўладилар. Шу жумладан болалар ҳамки, дарс вақтида бошқа иш билан машғул бўлсалар юқоридаги ҳукм таҳтига дохил бўлиб қоладилар. Ваҳоланки, давлат болаларнинг илм олиб келажакда буюк инсонлар бўлиб етишишлари учун миллиардлаб маблағ сарф қилиб қўйибди. Буни оқлашга барчаларимиз масъуллигимизни зинҳор унутмаслигимиз керак. Ҳозирги кунда кўплаб ўқувчи ва талабалар дарсдан қочиб баъзилари турли ношаръий ҳисобланган кўнгилочар жойларга кетиб қолмоқдалар. Ҳар қандай бўлганда ҳам дарс соати бола учун ғанимат дамлар бўлиб саналиши керак эмасми?
Айрим болаларнинг бири гиёҳванд, бири ўғри яна бири мутаассибликка берилиб кетиши назоратнинг сусайгани оқибатидан келиб чиқмаяптимикан? Ҳар бир нарсани шунингдек, ўйин кулги, хордиқ ва ибодатни ҳам ўз вақти бор. Бас шундай экан болаларнинг келажаги устида қайғурар эканмиз, биз фарзандларимизга бир кўзда меҳр ва бир кўзда қаҳр билан қараб иш тутмоғимиз лозим.
Ёшларни дунёвий илмлар соҳиби ва ҳунарли бўлишга тарғиб қилиш энг муҳим масалалардан экан, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳам ҳар бир даврда ўзига хос, ўрганишлик лозим бўлган илмларни ҳосил қилишга ишора қилиб:
“Болаларингизга ўша давр илмини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келганлар”, — деганлар.
Буюк келажакни азиз ёшлар қўлига топширар эканмиз, ҳар дақиқада уларни бунга тайёрлаб бормоғимиз лозимлигини унутмаслигимиз керак.
Аллоҳ таоло ёшларимизни оиласини, ватанини севадиган, одоб-ахлоқли, илм ва маърифатли бўлиб вояга етишларини насиб қилсин ва бу йўлда ғайрат билан меҳнат қилаётган ота-оналар ҳамда барча мутасадди кишиларга Ўзи мададкор бўлсин.
Холли ХОНИМОВ,
Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби
