Имом Суютийнинг ҳаёти ҳамда Қуръон илмида тутган ўрни
47Ўзининг мўжиза китоби бўлган Қуръони Каримни барча илмларга асос қилган ва Қуръони Каримга хос илмларни жорий қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога битмас тугамас ҳамду санолар бўлсин!
Имом Суютининг тўлиқ исмлари Абдураҳмон ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Усмон ибн Муҳаммад ибн Хизр ибн Айюб ибн Муҳаммад ибн Ҳумомиддин ал-Хузойрий ал-Асл ал Тулуний ал Мисрий ал Шофеий Жалолидин Абул Фазл. Лубоб китобида келишича она диёрлари бўлмиш Мисрнинг жанубидаги Асют шаҳрига нисбат берилиб, Суютий деб номландилар. «Ал Минаҳул Бодия» китобида келишича, у киши Ибнул китоб, яъни китобнинг ўғли деб ҳам лақабланарди. Чунки у кишининг отаси китобини олиб келишини онасига буюрганида китоблар олдида тўлғоқ тутиб, у киши дунёга келдилар. Уша сана ҳижрий 849 йил милодий 1445 йилда ражаб ойининг бошларида якшанба куни шомдан кейин Қоҳирада дунёга келди.
Жалолиддин Суютий саккиз ёшга тўлмасдан Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди ва “Умдатул – Қорий”, Имом Нававийнинг “Минхож”, Ибн Моликнинг “Алфия” китобларини ёдладилар ва бошқа диний илмларни ҳам ёдлаб чиқардилар. Буларнинг хаммасини замоналарининг олимларидан ўтказиб, мустаҳкамлаб олдилар.
Имом Суютий даврида уламолар кўп эди. Манбаларда унинг олти юздан ортиқ шайхи бўлган дейилади. Ёш илмга киришган Суютий ўн етти ёшидаёқ “Шарху истиъаза вал басмала” китобини ёзди. Аламуддин Балқиний, Ибн Хажар Асқалоний, Жалолиддин Маҳаллий каби уламолар назарига тушган эди (Ияд Таббоъ “Жалолиддин Суютий”).
Имом Суютий илм талабида Миср ва Шомга, Яман, Ҳиндистон, Мағрибга сафар қилди. Ҳижозда бир йилга яқин яшади. (Мустафо Ошур “Суютий соҳибу улумис сабаъа”)
Имом Суютий қирқ ёшидан кейин ўзини китоб ёзишга батамом бағишлади. Халқдан ва султонлардан ўзини узоқ тутарди. Амалдорлар юборган ҳадяларни қайтариб юборарди, саройга таклиф қилинганида рад этарди. Йигирма икки йил таълиф билан шуғулланди. Китоблари тақсим қилинса, кунига қирқ варақдан тўғри келади. IХ аср мужаддиди бўлишни умид қилиб шундай деганди: “Аллоҳнинг фазлу марҳамати сабаб бу аср мужаддиди бўлишни умид қиламан, ҳамма фанларда чуқур илм ҳосил қилдим” (Мустафо Ошур, “Суютий соҳибу улумис сабаъа”).
Имом Суютий илмий ишларини бугун бир муассасанинг барча ходимлари бирлашиб ҳам удда қила олмайди. Демак, Аллоҳнинг тавфиқи ҳамма сабаблардан олийдир. Суютий айтади: “Етти фанда етукликка эга бўлдим, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳу, маъоний, баён, бадиъда…”
Имом Суютий “Хуснул муҳозара фи ахбаари Миср вал Қоҳира” ва “Ат-Таҳаддус бинеъматиллаҳ” номли икки асарида жамиъ ёзган китоблари рўйхатини келтиради. Улар сони 1194 тага етади: шулардан 331 таси чоп қилинган, 431 таси қўлёзма ҳолатида, 432 таси бизгача етиб келмаган (Ияд Таббоъ “Жалолиддин Суютий”).
Қуръон илмларини такомилига етказишда беназир хизмат қилган, “Улумул Қуръон”га бағишланган кўплаб асарлари билан Ислом умматининг илм-маърифат хазинасини кенг бойишига салмоқли ҳисса қўшган олим Ҳофиз Жалолиддин Абул Фазл Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Собиқиддин Ас-Суютийдир.
Илмнинг ана шундай муҳим соҳасида битилган мўътабар манбалардан бири сўзсиз “Ал-Итқон фи улум ал-Қуръон” бўлиб, Имом Ас-Суютий бу асарини “Мажмаъул баҳрайн ва матлаъул бадрайн” деб номланган улкан тафсири учун муқаддима сифатида ёзган эди. Бу ҳақида мусаннифнинг ўзи “Ал-Итқон” асари охирида шундай дейди: “Мен тафсир борасида барча илмларни – нақлий тафсирлар, ақлий фикрлар, истинбот, ишорот, луғат, балоғат нукталари, бадиъ гўзалликларини ўзида жамлаган, толиб қўлига олганда бошқасига муҳтож бўлмайдиган бир китоб ёзишни бошладим ва уни “Мажмаъул баҳрайн ва матлаъул бадрайн” деб номладим. Ушбу китобим “Ал-Итқон” мақсадимдаги китобнинг муқаддимасидир”. Афсуски, унинг “Мажмаъул баҳрайн ва матлаъул бадрайн” деб номланган тафсири бизгача етиб келгани номаълум.
Имом Ас-Суютий “Ал-Итқон” асарини саксонта бобга ажратган. Ўзи зикр қилишича, бу ассимиляция (яъни, бир-бирига яқин мавзуларни бирлаштириб юбориш) йўлига кўра бўлган. Агар Қуръон илмларига доир ҳар бир мавзуни алоҳида навъ сифатида бобларга ажратилганида, боблар сони уч юзтадан ошиб кетган бўлар эди.
Имом Ас-Суютийнинг “Улумул Қуръон” мавзуларига киритган янги қўшимчалари тўрт қисмга бўлинади: Биринчи қисм “Улумул Қуръон”га бағишлаб ёзилган ўзидан олдинги бирор асарда баҳс юритилмаган мавзулар бўлиб, улар учта навъдан иборат: 1) Арзий (Ерга оид), самоий (самога оид) оятлар. 2) Қуръондан баъзи саҳобаларнинг тиллари узра нозил бўлган оятлар. 3) Қуръондан баъзи Пайғамбарларга нозил қилинган оятлар. 4)Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан олдин бирор Пайғамбарга нозил қилинмаган оятларга бўлганлар.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у кишидан Ўзи рози бўлсин!!!
“ХОЖА БУХОРИЙ” ўрта махсус ислом билим юртининг
4-курс талабаси Махмаюсупов Муҳаммаджон
