Саҳобаларни яхши кўрмайсизми…?

32

Ўзининг Каломи шарифида “…Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор.” деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

“Менинг саҳобаларим (йўлчи) юлдузларга ўхшайди. Улардан қай бирига эргашсангиз ҳам тўғри йўлни топасиз” деб марҳамат қилган суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога мукаммал дуруду саловатлар бўлсин.

Сўнги вақтларда ижтимоий тармоқларда диний илмларни мукаммал эгалламаган бўлсада, олимлик даъвосини қилиб, мусулмонларнинг бошини айлантираётганлар бир оз кўпайиб қолди десак, муболаға қилмаган бўламиз. Улардан бир қисми Аллоҳнинг осмонда эканини исботлаш йўлида Мотуридий ва Ашъарийларни адашганга чиқариш дарди билан куйиб пишса, яна бир қисми гўё жиҳод номи билан одамларни шаҳид қилиб, жаннатга йўллаш билан овора. Шунингдек “салафийлар” номи билан танилган айрим кишилар ислом уммати томонидан тан олинган буюк имомларга хусусан,  Мотуридия ва Ашъария ақидавий таълимотларининг ҳимоячиси бўлган забардаст уламоларга тил теккизиб, уларни адашганга чиқариш ва обрўсизлантириш пайидан бўлмоқда. Ҳатто, юқоридагилардан фарқли равишда тўғридан-тўғри саҳобалар ҳақида ўйламасдан турли бўлмағур гап сўзларни айтадиган ашаддий гумроҳлар ҳам учраб турибди. Тўғри, ушбу ҳолат чин мусулмонлар учун янгилик эмас, ўтмишда ҳам бу каби ҳолатлар бўлиб турган. Шунинг учун ҳам ақийда китобларимизга саҳобаларнинг қадр-қимматини тўғри баҳолашга доир масалалар киритилган.

Ушбу мақолада мусулмон киши саҳобалар ҳақида қандай эътиқодда бўлиши кераклиги ҳақида сўз боради. Бунинг учун биз юртимизда машҳур бўлган “Ақидатут Таҳовия” номли китобга шарҳ сифатида ёзилган шайх Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Бобуртийнинг “Шарҳул Ақидатут Таҳовия” номли асарларида келган матндан кенг фойдаландик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларини яхши кўрамиз. Улардан бирини яхши кўришда ҳаддан ошмаймиз ва улардан воз кечмаймиз. Саҳобаларни ёмон кўрган ва улар ҳақида ноҳақ гап айтганларни биз ҳам ёмон кўрамиз. Саҳобаларни фақат яхшилик билан зикр қиламиз. Уларни яхши кўриш дин, иймон ва эҳсондир. Уларни ёмон кўриш эса куфр, нифоқ ва туғёндир.

Саҳобаларга муҳаббат қилиш ҳақида тўхталар эканмиз, аввало Аллоҳ таоло улардан рози, улар ҳам Аллоҳ таолодан рози бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Қолаверса, Аллоҳ таоло уларни Таврот, Инжил ва Фурқонда мадҳ этган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.

مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللَّهِ وَالَّذِينَ مَعَهُ أَشِدَّاءُ عَلَى الْكُفَّارِ رُحَمَاءُ بَيْنَهُمْ تَرَاهُمْ رُكَّعًا سُجَّدًا يَبْتَغُونَ فَضْلًا مِنَ اللَّهِ وَرِضْوَانًا سِيمَاهُمْ فِي وُجُوهِهِمْ مِنْ أَثَرِ السُّجُودِ ذَلِكَ مَثَلُهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَمَثَلُهُمْ فِي الْإِنْجِيلِ كَزَرْعٍ أَخْرَجَ شَطْأَهُ فَآَزَرَهُ فَاسْتَغْلَظَ فَاسْتَوَى عَلَى سُوقِهِ يُعْجِبُ الزُّرَّاعَ لِيَغِيظَ بِهِمُ الْكُفَّارَ وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ مِنْهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا

“Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб рукуъ ва сажда қилаётган ҳолларида кўрарсиз. Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир. Мана шу (сифатлар) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса, худди шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб ўз новдасида тик турган, деҳқонларни ажаблантирадиган ўсимликка ўхшайди. (Бу) улар сабабли кофирлар жаҳлини чиқариш учундир. Аллоҳ улардан имон келтириб, солиҳ амалларни қилган зотларга мағфират ва улкан мукофот ваъда қилгандир.” (Фатҳ сураси, 29-оят)

Саҳобалар динни изҳор қилиш ва ҳақ калимасини олий қилиш учун ўзларининг бор кучларини сарфлаганлар. Расулуллоҳни яхши кўрганликлари учун ватанларини ташлаб ҳижрат қилганлар. Ансор саҳобалар эса, у зоти бобаракотни уй-жой билан таъминлаб, қўлларидан келган ёрдамларини кўрсатиб, у киши билан елкама-елка туриб мушрикларга қарши жанг олиб борганлар. Шунинг учун ҳам саҳобаларга муҳаббат қилиш вожибдир.

قال النبي صلى الله عليه وسلم: «الله الله في أصحابي لا تتخذوهم غرضا بعدي فمن أحبهم فبحبي أحبهم ومن أبغضهم فبغضبي أبغضهم ومن آذاهم فكأنما آذاني ومن آذاني فكأنما آذى الله ومن آذى الله كانت النار به أولى»

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг саҳобаларим борасида Аллоҳдан қўрқинглар..! Аллоҳдан қўрқинглар..! Мендан кейин уларни (ёмонлаш учун) нишон қилиб олманглар. Бас, ким уларни яхши кўрса, (улар) мени яхши кўрганликлари сабабли яхши кўрган бўлади. Ким уларни ёмон кўрса, (у) мени ёмон кўрганлиги сабабли ёмон кўрган бўлади. Ким уларга озор берса, худди менга озор бергандек бўлади. Менга озор берган киши худди Аллоҳга озор бергандек бўлади. Ким Аллоҳга озор берса, у учун энг муносиб жой дўзах бўлади.”, дедилар.

Сўзимизнинг аввалида саҳобалардан бирини яхши кўришда ҳаддан ошмаймиз деган эдик. Чунки маълум бир нарсада ҳаддан ошиш бошқасига нисбатан бузуқ тушунча ва ёмон кўриб қолишни пайдо қилади. Рофизалар ҳазрати Алий разияллоҳу анҳуни ҳаддан зиёд яхши кўрганликлари сабабли Абу Бакр Сиддиқ, Ҳазрати Умар ва Усмон разияллоҳу анҳумларни ёмон кўриб қолган эдилар. Аллоҳ ўзи сақласин. Ҳатто, Рофизаларнинг айрим ғулувга кетган тоифалари Алий разияллоҳу анҳуни пайғамбарлик ва илоҳлик даражасигача кўтарган эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Алий разияллоҳу анҳуга: “Сен туфайли икки тоифа ҳалок бўлади. Улар (сени) ашаддий ёмон кўрувчи ва ашаддий яхши кўрувчилардир”, дедилар.

У зот айтганларидек, Ховорижлар Алий разияллоҳу анҳуни ашаддий ёмон кўрганликлари учун, Рофизалар ашаддий яхши кўрганликлари учун ҳалок бўлдилар.

Юқорида айтиб ўтилганидек, саҳобалардан тониш – воз кечиш йўлдан озиш ва залолатдир. Чунки улар тўғри йўл ва тўғри дин узра ҳаёт кечирганлар. Ҳақиқий ҳидоят уларга эргашишга боғлиқ.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларидан бирида: “Менинг саҳобаларим (йўлчи) юлдузларга ўхшайди. Улардан қай бирига эргашсангиз ҳам тўғри йўлни топасизлар” деб марҳамат қилганлар.

Ҳа, саҳобалардан воз кечиш ҳидоятдан мосуво бўлиш демакдир. Бу эса айни залолатдир.

Саҳобаларни ёмон кўрганларни биз ҳам ёмон кўрамиз. Чунки саҳобаларни ёмон кўриш уларнинг Аллоҳ таоло рози бўлган динларини ёмон кўришдан келиб чиқади. Чунончи Аллоҳ таоло Моида сурасининг 3-оятида “Сизлар учун Исломнинг дин бўлишига рози бўлдим” деган. Демак саҳобаларни ёмон кўриш нифоқ ва фасоднинг натижаси ўлароқ бузуқ эътиқоднинг аломати экан. Хуллас, уларни ёмон кўрадиган ва уларни яхшилик билан зикр қилмайдиган кишиларни ёмон кўриш лозим.

Саҳобаларнинг ўзаро тортишувларига чуқур киришмаймиз. Уларнинг ҳолатларини ижтиҳодга йўямиз. Уларни фақат яхшилик билан зикр қиламиз. Чунки улар бу диннинг асл (шахсият)лари ҳисобланади. Уларга қилинган таъна динга қилинган таъна демакдир.   

 

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти

Ўқитувчиси Қодиров Омон