Қабр азобидан асрасин!
20

Айрим тоифалар бугунги кунда ўзларининг янги фик ва тушунчаларини тарғиб қилмоқдалар. Уларнинг янги тушунчаларидан бири “Қабр азоби йўқ” деган тушунчадир. Уларнинг даъвосига кўра, мўмин-мусулмон қабр азобининг борлигига ишониши шарт эмас.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги барча мусулмонлар қабр азобининг ҳақлигига иймон келтирадилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Ва Оли Фиръавнни ёмон азоб ўрабди. У дўзахдир. Унга эртаю кеч кўндаланг қилинурлар. (Қиёмат) соати қоим бўлган куни: “Оли Фиръавнни ашаддий азобга киритинглар”, дейилур” (Ғофир сураси 45-46 оятлар).
“Уларни то ҳалокатга учрайдиган кунларига йўлиққунларигача тек қўй. У кунда ҳийлалар уларга ҳеч фойда бермас ва уларга ёрдам ҳам берилмас. Ва алабатта, зулм қилганларга ундан ўзга азоб ҳам бор, лекин кўплари билмайдилар” (Тур сураси 45-47 оятлар).
“Аллоҳ иймон келтирганларни ҳаёти дунёда ва охиратда субутли сўз ила собит қадам қилур. Ва Аллоҳ золимларни залолатга кетказур” (Иброҳим сураси 27-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси муборакларида шундай дейдилар: “Банда қабрига қўйилиб, асҳоблари ундан қайтганларида, у аларнинг ковушлари таққиллашини эшитиб турганда, ҳузурига икки фаришта келиб, уни ўтқазишади ва унга: “Мана бу одам (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳақида нима дер эдинг?”-дейишади. Шунда мўмин: “Унинг Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман”, дейди. Шунда, унга: “Дўзахдаги жойингга назар сол. Аллоҳ унинг ўрнига сенга жаннатдан жой берди”, дейилади. У икки жойни ҳам кўради”, деганлар.
Бир куни пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабрнинг ёнидан ўтиб кетаётиб: “Албатта, бу иккови азобланмоқда. Азобланишлари катта нарсада эмас. Улардан бири сийдикдан тоза бўлишга эътибор бермас эди. Бошқаси эса, чақимчилик қилиб юрар эди”, -дедиларда бир хурмонинг ҳўл шохини олиб келиб, иккига бўлиб, икки қабрга биттадан суқиб қўйдилар. Кишилар: “Эй Аллоҳнинг Расули, нега бундоқ қилдингиз?” — дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шоядки, булар қуригунча икковларидан азоб енгиллатилса”, дедилар.
Қабр азоби борлигига ишониш ақоид китобларимизнинг барчасида алоҳида таъкидланган. Машҳур ҳанафий олим имом Таҳовийнинг китобига ёзилган шарҳни Муҳаммад Анвар Бадахшоний қилган талхисида бу масала бўйича шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳумлардан келган хабарлар асосида қабр азобига, ким шунга лойиқ бўлса, ва ундан Мункар-Накирнинг Роббисидан, динидан ва набийсидан сўроқ қилишига иймон келтирамиз. Қабр жаннат боғларидан бир боғдир ёки дўзах чуқурларидан бир чуқурдир.
Эй Аллоҳ! Бизларнинг қабримизни Ўзинг кенг ва нурли қилгин ҳамда бизларни қабр азобидан, фитнасидан асрагин!
Муҳаммади ҚОРАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакил ўринбосари, Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби
