ЮКСАК ИНСОНИЙ ҚАДРИЯТЛАР
28

Ҳар йили 9-май юртимизда “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида кенг нишонланади. Хотира деганда — биз бу фоний дунёдан ўтган аждодларимизни эслаш, уларнинг ҳақига дуолар қилиш ва эзгу ишларини давом эттиришни тушунамиз. Бундан ташқари қабрларни зиёрат қилишда савоб борлиги ва энг муҳими ўлим деган нарса ҳар бир инсоннинг бошида борлигини эслаш асосий мақсад бўлиши керак. Зотан, пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларни қабрларни зиёрат этишдан қайтарган эдим. Энди зиёрат қилаверинглар», бошқа ривоятда: «Ким қабрларни зиёрат этишни хоҳласа, зиёрат қилаверсин. Чунки зиёрат охиратни эсга солади», деб марҳамат қилган эдилар. Имом Муслим ва Термизий ривоятлари.
Бизлардан мусулмон бўлиб ўтганларни хотирлаш борасида Аллоҳ таоло Ҳашр сурасининг 10-оятида марҳамат қилиб айтадики: Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!»
Ўтганларни хотирлаш хайрли фазилат. Чунки, бунда ибрат бор, тафаккур бор. Инсон доимо ўтган инсонларни эслаб, уларнинг бу дунёда яшаб ўтган ҳаётлари ҳақида тафаккур қилиб туриши лозим.
Қадрлаш дегани — бу асрлар давомида она диёримизни, халқимизнинг озодлиги ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи ватандошларимизни ёдга олмоқ, бугун орамизда ҳаёт бўлиб тургарларига муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоқдир.
Хотира ва қадрлаш – халқимизнинг асрий қадриятлари, улуғ фазилатларидан. Асли мукаррам қилиб яратилган инсон доимо ҳурмат- эҳтиромга лойиқ. Айниқса умри довамида кўплаб хайрли ишларни қилиб ҳозирда қарилик ёшига етган нуроний отахонларимизни, азиз момоларимизни қанча улуғлаб, эъзозласакда оз. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида ҳам ёши улуғларимизни қадрлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш борасида кўплаб кўрсатмалар келган. Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом: “Ким кичигимизга раҳм қилмаса, каттамизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас”, деганлар. Имом Бухорий ривояти.
Яна шуни таъкидлаш жоизки, катта ёшдаги кишиларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш юксак фазилат деб баҳоланиб келган. Шу маънода кўрсатилган ҳурмат эвазига инсон ўзи ҳам келажак ҳаётида эъзоз-эҳтиромга эга бўлиши муқаррарлиги таъкидланган. Зеро, ҳадиси шарифда “Ҳурмат қилган кишига ҳурмат насиб бўлади” — дейилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ўтганларни эслаш ва улар учун истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ҳамда ҳақларига дуолар қилиш қолаверса, биз тириклар бир биримизга меҳр мурувватли бўлиш, ўзаро аҳл-иноқ яшаш барчамизнинг диний ва инсоний бурчимиз эканлигини асло унутмаслигимиз керак.
Ўткир Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
