ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ОДОБИ

20

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ОДОБИ

 

Инсоният жамияти ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, доимий равишда ривожланиш ва ўзгаришда бўлади… Йигирманчи асрнинг энг катта кашфиётларидан бири бу – халқаро тармоқ, яъни интернет бўлди десак, хато бўлмайди. Бу тармоқ қисқа йилларда телевидение, радио, газета ва журналларни орқада қолдирди. Дунё бўйича сон-саноқсиз одамлар интернет хизматларидан фойдаланадилар, ахборот алмашадилар, турли масалаларни ҳал қиладилар.

Интернет пайдо бўлгандан бери баъзилар уни ижобий баҳолашса, баъзилар салбий томонларини гапиради. Бу мавзудаги мақбул қараш шуки, интернет ҳам телевизор, радио каби бир восита. Уни яхшиликка ишлатсак – яхши, ёмонликка ишлатсак, ёмон нарсага айланади. Демак, бизнинг энг муҳим вазифамиз – интернетдан ёмон мақсадда фойдаланаётган инсонларга, айниқса ёш авлодга, тўғри йўлни кўрсатиш, зарарли оқибатлардан огоҳлантиришдир. Бошқа томондан эса ижтимоий тармоқларда миллий-диний қадриятларимизга зид нарсаларни тарғиб қилаётган шахслар таъсирига тушмаслик йўлларини ўргатишдир. Зеро Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур” (Зориёт сураси 55-оят).

Афсуски, ижтимоий тармоқларда мусулмонлар бир-бирини ҳақорат қилиши, туҳмат, ҳаттоки бўҳтон қилиши, обрўйига путур етказиши, ғийбат қилиши, ўзининг она юрти ва жамиятда фитна уруғларини сочиши кузатилиб турибди. Энг ёмони – бундай кишиларда холислик топилмаяпти. Улар баъзи пайтларда “тирноқ ичидан кир қидириш”га тушмоқдалар. Лекин кўз ўнгларида турган яхши ишлар, ислоҳотлар ва ўзгаришларни кўришмаяпти. Гоҳида ўзлари нима исташаётганини ҳам англамай қолишмоқда.

Мана шу масалага бепарво бўлиш кўп муаммоларга сабаб бўлмоқда. Ижтимоий тармоқларда бир-бирига номаҳрам бўлган шахсларнинг ўзаро ножўя суҳбатлари оилалар ўртасидаги кўплаб ажримларга ҳам сабаб бўлмоқда. Ҳали оила қурмаган ёшлар орасида ҳам ижтимоий тармоқларда турли ношаръий муносабатлар, ҳаёсизлик, зинонинг виртуал кўринишлари кузатилмоқдаки, бу нарсалар шариатимизда қатъиян ман қилинган. Тўғри, шариат қоидаларига амал қилиб, беғараз мақсадлар билан, зарурат миқдорича бирор маълумот олиш, сўраб ўрганиш мумкин. Лекин ўзаро “электрон муҳаббат” алоқаларини ўрнатиш ҳаром ҳисобланади.

Турли оқимлар ўзларининг манфур қарашларини ёшлар онгига сингдириш учун ижтимоий тармоқлардан кенг кўламда фойдаланмоқдалар. Бу эса диндан, диний маърифатдан яхши хабардор бўлмаган кишиларни, айниқса ёшларимизни, соф ақидадан оғиб кетишига, фиқҳий мазҳаблар борасида нотўғри фикр ва тушунчалар шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Аввало шуни айтиш керакки, ислом уламолари ёш авлодга илмларни тартиб билан ўргатишга алоҳида эътибор берганлар. Илмни ўрганиш – динни ўрганишдир! Қолаверса, диний илмларни олишда, фатво олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги ҳам, кимдан таълим олгани ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди. Чунки, фатво бу – дин демакдир!  Шариатимизга кўра эса, уни ким етказаётгани муҳимдир. Шунинг учун машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи: “Илм – бу диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар», – деганлар (Имом Муслим ривоятлари).

Имом Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи: “Илмни ишончли зотлардан олиш лозим, чунки диннинг устуни илм биландир. Киши ўзининг жонини ишонадиган кишигагина динини ҳам ишониб топшириши лозим”, – деганлар.

Шунингдек, террорчилар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта.

Ёвуз ниятли кимсалар ғаразли мақсадлари йўлида ва халқнинг ўзлигини емириш учун турли усуллардан фойдаланади. Улардан бири – жамиятда ахлоқий бу­зуқликни ёйишдир. Бу йўлда ғаламислар ижтимоий тармоқ орқали ахлоқсизликни, фаҳшни кенг тарқатишга бор имкониятларини сарфламоқдалар. Беҳаёликка йўғрилган тасвирлар, видео-роликлар тарқатиш орқали ер юзида фасод тарқашига “хизмат” қилмоқдалар.

Бу каби иллатлар жамиятимизда ўзининг салбий таъсирларини кўрсатмай қолмайди. Бу иллат катта ёшдагиларнинг ҳам, ўрта ёшдагиларнинг ҳам ахлоқий бузилишига олиб келмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (Нур сураси 30-оят).

Салмон Форсий разияллоҳу анҳу: “Ўлиб, қайта тирилишим сўнг яна ўлиб, яна қайта тирилишим, сўнг яна ўлиб, яна қайта тирилишим – бир мусулмон кишининг авратига қарашимдан ёки у менинг авратимга қарашидан кўра яхшироқдир”, – деганлар (Имом Аҳмад ривоят қилганлар).

Ижтимоий тармоқлар орқали динимизга бўлаётган зарарлардан яна бири –  ҳар бир юртнинг пешқадам олимларини таҳқирлаш, туҳмат-буҳтон сўзлари билан обрўсизлантириш, уларни нифоқда, куфрда айблашдир. Уларнинг бундан ўйлаган мақсадлари – мусулмон оммасини илмий раҳбарсиз қолдириб, ўзларига эргаштириш ва бошқаришдир.

Ижтимоий тармоқ орқали фикр билдириш ва бунинг ортидан мақтов (“лайк”)ларни қўлга киритишга уриниш бугунги ёшларини тобора ўз домига тортмоқда. Бунинг салбий томони шундаки, фойдаланувчи бундай мақтов (“лайк”)ларни яна ва яна олишни истайди ва роҳатланади. Бунинг оқибатида улар виртуал дунёга буткул шўнғиб кетадилар ва ташқи дунёдан узиладилар. Ижтимоий тармоқларга боғланиб қолган ёшлар бошқалар билан жонли мулоқотда қийналади, одамови бўлиб қолади, дўстлашишда адашади. Фақат ижтимоий тармоқда топган “дўст”ларининг фикри билан иш кўрадиган бўлиб қолади.

Албатта, ижтимоий тармоқни буткул ёмонга чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Ижтимоий тармоқ ҳам телевидение, радио каби бир восита. Уни яхшиликка ишлатса – яхши, ёмонликка ишлатса – ёмон натижа беради.

Шундай экан, бугунги куннинг талаби – интернетнинг ижобий жиҳатларидан фойдаланиб,  дунё-охиратимизни обод қиладиган, халқимизга манфаат келтирадиган ишларни қилишдир. Ҳар бир мусулмон ҳаётда қандай умуминсоний ва диний қоидаларга амал қилиши лозим бўлса, интернетдан фойдаланишда ёки ўзаро алоқада ҳам шу асосларга риоя қилиши шарт. Акс ҳолда, турли ноқулайликлар ва гуноҳ ишларга аралашиб қолинади. Демак, яқинларимиз, айниқса ёшларни ижтимоий тармоқнинг салбий жиҳатлари ва оқибатларидан ҳимоя қилиш, доимий тушунтириш ишларини олиб бориш – ҳар биримизнинг бурчимиздир!

Аллоҳ таоло барчамизга ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланишни насиб қилиб, уни икки дунёмизнинг обод бўлишига сабабчи воситалардан айласин….

 

 

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом

билим юрти маънавий-маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари