Абул Мунтаҳо Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Мағнисовийнинг ҳаёти ва ижоди

Абул Мунтаҳо Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Мағнисовийнинг

ҳаёти ва ижоди

Абул Мунтаҳо куняси билан машҳур бўлган “Фиқҳул акбар” китобининг шориҳларидан бири ҳисобланган мазкур олимнинг тўлиқ исми Мавло[1] Абул Мунтаҳо[2] Шаҳобиддин[3] Аҳмад ибн Муҳаммад[4] Мағнисовий ал-Мотуридий ал-Ҳанафий (раҳматуллоҳи алайҳи) бўлиб, ҳозирги Туркия ҳудудида жойлашган Мағнисо[5] шаҳрида таваллуд топган.

Имом Мағнисовийнинг таржимаи ҳоли келтирилган манбаларга қаралганда у кишининг ёзган таснифотлари унчалик кўп эмаслигини кўришимиз мумкин. Шу ўринда Имом Мағнисовийга оид икки асарни алоҳида қайд этиб ўтишимиз лозим.

  1. Шарҳул фиқҳул акбар[6].
  2. Изҳорул маъоний фи шарҳи ҳирзил амоний[7].

У киши ақида бўйича мотуридия ва фиқҳ бўйича ҳанафия мазҳабида бўлган. У кишининг таваллуд санаси ҳақида манбаларда деярли маълумотлар учрамайди[8]. Лекин кўпчилик жумладан, Шайх Исмоил Пошшо Бағдодий, Умар Куҳало ва Саййид Муҳаммад Боқир Ҳужжатий каби олимларнинг фикрига кўра у киши ҳижрий 1090 йил, милодий 1679 йилда вафот этган[9].

[1] “Мавло” сўзи луғатда “озод қилинган қул” маъносини билдиради. Таржима ҳоллар илми билан шуғулланувчи (биограф) олимлардан фақат Хожи Халифа олимни шу ном билан атаган. Эҳтимол шориҳ озод қилинган қуллардан бири бўлгандир.

[2] Шориҳнинг куняси “фиқҳул акбар”га ёзган шарҳининг аввалида зикр қилинган. Шунингдек, Хайриддин Зирклий олимнинг таржимаи ҳолини баён қилиш асносида айнан мана шу “Абул Мунтаҳо” кунясини келтирган. Эҳтимол унинг Мунтаҳо исмли фарзанди бўлгандир. Фарзанди бўлмаган тақдирда ҳам, кўпчилик олимлар унинг мана шу куня билан машҳур бўлганлигини таъкидлаганлар.

[3] Биограф олимлардан фақат Хайриддин Зирклий уни ушбу лақаб билан атаган.

[4] Аҳмад ўзининг Муҳаммад эса отасининг исми. Манбаларда боболарининг номлари қайд этилмаган.

[5] Мазкур шаҳарда қўлёзма асарлар ва китобларга бой улкан кутубхона мавжуд бўлган.

[6] Ушбу китобнинг ёзилиши қачондан бошлангани ҳақида маълумотлар йўқ. Аммо асарнинг ҳижрий 939 ёки 989 йилда тамомлангани ҳақида маълумотлар бор.

[7] Ушбу китоб Имом Шотибийнинг қироат илмларига бағишланган асос асари “ҳирзул амоний”нинг шарҳи бўлиб, унда қироат илми ҳақида баҳс юритилади.

[8] Бунга сабаб шундай буюк олимнинг таваллуд санаси ҳақида замон (дошлари) нинг бехабарлигидир.

[9] Хайриддин Зирклийнинг фикрига кўра у киши ҳижрий 1000 йил, милодий 1592 йилда вафот этган. Аммо Хожи Халифа “кашф аз-зунун” асарида “фиқҳул акбар” китобининг шориҳлари ҳақида маълумот берар экан олимнинг вафот этган санаси ҳақида ҳеч қандай маълумот келтирмаган.

Ўткирхон Маҳмудов, ўқитувчи

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

*

code