СИЛАИ РАҲМНИ УЗИШЛИК ЯХШИ ИШ ЭМАС
97

Аллоҳ таоло биз бандаларига шу қадар меҳрибонки, Ўзининг розилигини ибодат билан топишимиз билан бир қаторда, ўзаро инсонлар ўртасидаги муомалаларни чиройли ва холис қилиш билан ҳам топиш имкониятини берган.
Силаи раҳм – қариндошлик ришталарини боғлаш бўлиб, у инсоний муомалаларнинг энг афзалидир. Унинг акси бўлган қариндошлик ришталарини узиш эса, қотиур-раҳм бўлиб, у энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло бандаларини қариндошлик ришталарини боғлаш ва мустаҳкамлашга буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир” (Бақара сураси 215-оят).
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом Мадинага келиб, илк хутбаларининг бирида: “Эй, инсонлар! Саломни орангизда ёйинглар, таом улашинглар, силаи раҳм қилинглар ва инсонлар ухлаётган вақтда кечаси бедор бўлиб намоз ўқинглар ана шунда жаннатга саломат кирасизлар”, дея марҳамат қилганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Қариндошлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсонни ризқини кенг ва умрини узун бўлишига сабаб бўлади. Силаи раҳм қиладиган инсон бу дунёда кўп яхшиликларга эга бўлиш билан бирга охиратда улуғ ажру мукофотлар соҳибига айланади.
Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг оғир гуноҳлардан ва ёмон феъллардан ҳисобланиб, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб баҳоланади. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, силаи раҳм қилишлик билан инсоннинг умри зиёда, моли кўп, ризқи кенг бўлади, ажали орқага сурилади, ўз аҳли ва қариндошларининг муҳаббатига сазовор бўлади.
Силаи раҳм деганда яқинлар билан яхши муносабатда бўлиш, уларнинг хурсандчиликлари билан қувониш, мусибатларига ҳамдард бўлиш, муҳтож бўлсалар уларга ёрдам бериш, уларни доимо зиёрат қилиб туриш, кўнгилларини олиш, дилларини оғритишдан сақланиш, улардан бирор ёмонлик етса ҳам кек сақламай кечириб юбориш, қалбида уларга нисбатан ҳасад ва адоват сақламасдан ўртада муҳаббат пайдо қилиш йўлида бор куч ва ғайратини сарф қилиш каби фазилатларни ўз ичига олади.
бугунги кунда тирикчилик, нафақайи рўзғор илинжида чет элларда йиллар давомида қолиб кетиб, ота-она ва фарзандларининг ҳолидан хабар олмай, ҳатто бутунлай алоқани узуб юборган юртдошларимиз ҳам йўқ эмас. фуқаҳоларимиз эр ўз турмуш ўртоғини тўрт ойдан ортиқ муддатга қаровсиз ташлаб кетиши мумкин эмаслигини айтганлар. Силаи раҳм энг аввало кишининг ўз оила аъзоларидан бошланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини силаи раҳмга чақириб, ўз яқинларидан алоқаларини узганларни охиратда оғир азоб-қийноқлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирганлар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қариндошлик алоқасини узиш ва зулмдан кўра эгасига тез уқубат етказадиган ва қолгани охиратга сақлаб қўйиладиган гуноҳ йўқ”, деганлар” (Абу Довуд, Термизий ва ибн Можа ривоят қилган).
Хулоса қилиб айтганда, силаи раҳм мўминларга хос сифат бўлиб, ҳар бир мўмин-мусулмон бунга эътибор бериши муҳимдир. Хусусан, Аллоҳнинг раҳмат ва мағфирати жўшиб турган муборак Рамазон кунларида меҳр-оқибатларимизни бир-бирларимиздан дариғ тутмасак, бу ойнинг шукуҳига ҳамоханг амал қилган бўламиз. Ана шунда қариндошлар орасидаги силаи раҳмни мустаҳкамлаб, Аллоҳ ва унинг Расули севган бандалар қаторига қўшиламиз, иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло барчаларимизни рушду ҳидоятидан адаштирмасин. Қариндошлар орасидаги силаи раҳмнинг мустаҳкам бўлишини насиб қилсин. Ўзининг розилигига олиб борадиган амалларда барчаларимизни бардавом қилсин! Юртимизнинг тинчлиги ва фаровонлигини зиёда айласин!
Музаффар Қосимов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти маънавий-маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
