Ҳасаддан сақланинглар. Чунки у …
21

Жамиятимизда мўмин-мусулмонлар амал қиладиган турли хил яхши хислатлар билан бирга зарарли хулқлар ҳам, афсуски, мавжуд. Шулардан бири ҳасаддир. Биринчи гуноҳ Иблис томонидан Одам алайҳиссаломга кибр ва ҳасад қилишидан келиб чиқди. Ер юзидаги биринчи қотиллик ҳам ҳасад сабабли содир бўлди. Одам алайҳиссаломнинг ўғли Қобил ўз укаси Хобилга ҳасад қилди ва унинг қотилига айланди. Ҳасад – бандалар ичидаги Аллоҳнинг тақсимотига эътироздир. Аллоҳнинг бирор неъматни ўз бандасига ато этиши ёки бермаслигига эътироз қилган кишининг ҳолати оғир бўлади. Зеро, Аллоҳ ўз ҳикматига биноан хоҳлаган бандасига хоҳлаган неъматини беради, хоҳламаса – йўқ. Аллоҳ таоло ҳар нарсани билгувчи ва ҳикмат соҳиби бўлса, унга қандай эътироз қилиш мумкин?!
Ҳасад – бир кишига берилган неъматни ундан кетишини хоҳлашдир. Ҳасаднинг бундан ҳам ёмонроғи – бир инсонга берилган неъматнинг йўқ бўлишини орзу қилиш билан, ўша неъмат ўзида ҳосил бўлишини таъма қилишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳасаднинг ёмонлиги тўғрисида шундай дейди: “Ёки (улар) Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими? Ахир, Биз (илгари ҳам) Иброҳим наслига (Юсуф, Довуд, Сулаймон каби зотларга) Китоб, Ҳикмат бериб, яна уларга буюк мулк (ҳукмронлик) ҳам ато этган эдик-ку!” (Нисо сураси, 54-оят).
Ояти каримадаги “неъматлари” дегани – “пайғамбарлик, ҳидоят ва имон”дир. “Одамларга” сўзидан мурод – “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга имон келтирганлар”дир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг охирги сураларидан бўлган “Фалақ” сурасида ҳасад қилувчининг ёмонлигидан паноҳ сўрашга буюради: “ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан” (паноҳ сўрайман деб айтинг) (Фалақ сураси, 5-оят). Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳасаддан огоҳлантириб шундай деганлар: “Ҳасаддан сақланинглар. Чунки у худди олов ўтинни егани каби, яхшиликларни ейди” (Имом Бухорий ривояти).
Баъзи ҳадисларда ҳасад сўзи ҳавас маъносида келган: “Икки кишидан бошқага ҳасад қилиш йўқ: Аллоҳ Қуръонни ато қилган киши ва Қуръонни кечаю кундуз ҳаққини адо қиладиган киши; Аллоҳ мол берган ва у молни кечаю кундуз инфоқ-эҳсон қиладиган киши” (Имом Бухорий ривояти). Бу ҳадис ҳақида Имом Жалолиддин Суютий шундай дейди: “Ҳасад икки хил бўлади: ҳақиқий ва мажозий. Ҳақиқий ҳасад бир кишидан неъматнинг йўқ бўлишини исташ; бу ижмоъ ва бошқа далиллар билан ҳаром қилинган. Мажозий ҳасадни “ғибта” дейилади. “Ғибта” дегани неъмат эгасидан кетмасдан, ўзида ҳам бўлишини орзу қилишдир (буни бизда “ҳавас” дейилади). Дунё ишларида ҳавас қилиш – мубоҳ иш. Ўзгалар қилаётган тоатларни орзу-ҳавас қилиш эса мустаҳабдир”.
Қалбни гина-кудуратлардан поклаш – мўмин кишини жаннатга олиб кирувчи катта ютуқдир. Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон аввало қалбини гина-кудурат, буғзу адоват, кўролмаслик, кибр ва ҳасаддан поклаши даркор. Қалбнинг покланиши, имону ихлос, ҳусну хулқ, самиймийлик ва камтарлик билан гўзал бўлиши инсонни икки дунё саодатига етказади.
Хулоса ўринда айтиб ўтиш жоизки, кун сайин дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини топиб бораётган ЖОНАЖОН ватанимиз ва ватандошларимизга ҳасад кўзи билан эмас, балки ҳавас кўзи билан қараш керак. Давлатимизда олиб борилаётган сиёсат ва ислоҳотларни фақат ёмон гумон ва ҳасад билан таҳлил қиладиганлар ҳам, афсуски, топилади. Биз уларга таҳлилда холис бўлиш ва жамиятга фойдали бўлган ислоҳотларга хайриҳоҳ бўлишни тавсия қилган бўлардик. Зеро, ҳасад билан бирор натижага эришиб бўлмайди.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳасаддан ва бузуғ адоватдан асрасин ўзаро дўст бўлиб яшашни муяссар қилсин!
Музаффар Қосимов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти маънавий -маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
