МУТААССИБЛИК ЖАМИЯТДА БЕҚАРОРЛИКНИ ВУЖУДГА КЕЛТИРАДИ

Ҳозирги кунда берилган имкониятлардан фойдаланган кимсалар мутаассибликка берилмоқдалар. Мутаассибликка йўлиққан шахс ёки гуруҳлар жамиятда беқарорликни вужудга келтиришга уринадилар.

Мутаассиблик – ўз фикр-мулоҳаза ва дунёқараши тўғрилигига ўта қаттиқ ишониб, бошқа диний эътиқодларга муросасиз муносабатда бўлиш демакдир. У жамият, халқ, қолаверса, бир дин вакиллари орасида ҳурматсизлик, келишмовчилик, ўзаро адоват ва фирқачилик каби салбий омилларни келтириб чиқариши билан ҳам ўта хавфли хусусият касб этади. Зеро, мазкур иллатлар ҳар бир дин ва миллат келажагига тўсқинлик қилиш ва беқарорликни келтириб чиқариш учун етарли хавф-хатарга сабаб бўла олади.

Ислом дини мутаассибликка хайрхоҳлик билдирмайди. Аксинча, теран ўйлашга, бошқаларга нисбатан муросали бўлишга чақиради. Демак, бир фикрда қаттиқ туриб олиш ва уни бошқаларга мажбуран сингдириш шариат ман қилинган ишдир.

Баъзи мусулмонлар ислом ҳукмларини тушунишда мутаассибона қарашларни ёқлаб, диний қарашларни тушуниш ва уларга амал қилишда ихтилоф чиқариб, ўз фикрини диндаги энг тўғри ҳамда асл исломий кўриниш санаб, ўзгаларга нисбатан кескин муносабатда бўлмоқдалар. Аслида ислом дини пойдевори бағрикенглик ва енгиллик асосига қурилганини эслашимиз ўринлидир. Шу маънода, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Албатта, дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса, (дин) уни енгади”.

Шунингдек, Ибн Масъуддан ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Динда чуқур кетадиган (мутанаттиъийн)лар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганлар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганларлар ҳалок бўлди”, – дейилади (Имом Муслим ривояти).

Мутаассибликнинг салбий оқибатлари жуда ҳам кўп. Жумладан, ўзгаларга нисбатан таҳқир ва маломатларни ёғдириш, ўзганинг фикрини эшитмаслик ҳамда холисликнинг йўқолиши натижасида ҳақиқатдан юз ўгириш, кишиларни диндан бездириш, мусулмонлар орасида келишмовчиликни чиқариш ва ҳоказо хатарлари мавжуд.

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом Муоз разияллоҳу анҳу ва унинг шеригини Яманга жўната туриб: “Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг. Ўзаро ёрдам беринг ва ихтилоф қилманг”, – деган эканлар (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа бир ўринда Муоз разияллоҳу анҳу бир жамоатга имом бўлиб, намозни чўзиб ўқиганларида саҳобалар Пайғамбаримизга шикоят қилган эканлар. У зот: “Эй Муоз, фитначимисан!”, – деб айтган эканлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло “Жосия” сураси 23-оятида шундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад), ҳавойи-нафсни ўзига “илоҳ” қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!”.

Демак, мутаассиблик ортида ҳавойи-нафсга эргашиш каби қабиҳ сифат ҳам мужассам эканини кўрамиз.

Албатта, мутаассиблик динни нотўғри тушунишдан пайдо бўладиган сифатдир. Кишининг бир фикрда туриб олиши ёки мутаассибона фикр юритиши ҳавойи-нафсга эргашиш ҳисобланади. Асримизнинг кўзга кўринган уламоларидан Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ўз асарларидан бирида мутаассиблик ҳақида қуйидаги фикрни билдиради: “Мен бу замонда баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату ҳавойи-нафсидан келиб чиқадиган, ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми билан бирлашмайдиган ва уларнинг ҳужжатига бўйсинмайдиган янгича ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман”.

Демакки, динни ўзининг дунёқараши доирасида маҳкам тутиш, ундаги вожиб амалларни адо қилишда уларга эргашмаган кишиларни ёмон кўриш, улар билан низо чиқариш, тарқоқлик ва фитнага сабабчи бўлиш айни мутаасибликнинг ёрқин кўринишидир.

Ислом динимизнинг мужтаҳид уламолари Қуръон ва Сунна асосида қилган ижтиҳодларининг натижасини айтгандан кейин: “Менинг фикрим хатога эҳтимоли бор бўлган тўғри раъй (яъни фикр). Мендан бошқанинг фикри эса тўғрига эҳтимоли бор бўлган хато раъйдир”, – деган сўзлари ривоят қилинган.

Хулоса қилиб айтганда, ислом дини мутаассибликнинг ҳар қандай кўриниши, хусусан, кишининг ўз фикрида муросасиз бўлишини қаттиқ қоралайди. Зеро, Аллоҳ таоло Каломи шарифида марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди” (Бақара, 185).

 

Муҳаммад ҚОРАЕВ,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакил ўринбосари,               

Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.