ИНСОН ҲАЁТИДА ВАҚТНИНГ ҚАДРИ

Вақт Қуръони карим оятлари ва ҳадисларда ҳар доим энг асосий ва энг муҳим масала бўлиб келган. Энг аввало вақт Аллоҳнинг буюк бир неъмати экани ва унинг аҳамиятини баён қилиш ғояси асосий ўрин тутган. Зеро, мусулмон кишининг кундалик ҳаёти илоҳий дастур асосида тартибга солинган.

Охиратда инсонлар ўз умрларини, вақтларини қандай ўтказганлари ҳақида сўраладилар. Албатта, инсонга бу дунёда берилган ҳар бир неъматнинг қиёматда савол-жавоби ва ҳисоб китоби бор. Киши ўзига берилган неъматлар ва имкониятларни қай тариқа тасарруф қилди, уларни қандай ишларга сарфлади, неъматлардан тўғри фойдаландими ёки суистеъмол қилдими, шулар ҳақида ҳар бир киши албатта сўралади.

Аллоҳ таоло Такасур сурасида марҳамат қилиб айтганидек, «Сўнгра, албатта, Ул кунда (охиратда) неъматлар ҳақида сўралурсиз!» Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, дедилар: «Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси умрини нима билан ўтказгани, иккинчиси ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани, учинчиси мол-дунёни қай йўсинда топгани ва нималарга сарфлагани, тўртинчиси ўрганган илмига қандай амал қилгани ҳақида сўралади». Баззор ва Табароний ривоят қилган.

Инсон умрининг ҳар бир давридан умумий равишда, ёшлик давридан эса, ўзига хос шаклда сўралади. Ёшлик умрнинг бир бўлаги, лекин унинг бошқа даврлардан ажралиб турувчи ўзига хос қийматдор тарафи бор. Ёшлик икки заифлик, гўдаклик ва кексалик орасидаги жисмоний қувватга тўлишган бир даврдир. Рум сурасининг 54 оятида бундай дейилади: «Аллоҳ шундай зотдирки, У сизларни ночор нарсадан (яъни, бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизлар учун) ночорликдан кейин куч-қувват (пайдо) қилди, сўнгра куч-қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди…». Кишининг гўдаклиги заиф бўлган давридир. Кексалиги ҳам заифлик даври. Демак, ўртада оз муддатга ёшлик деб аталмиш куч-қувватли давр берилар эканки, унинг қадрига етиш, бу оз муддатни яхши ишларга сафарбар қилиш, ҳалол касбкор қилиш, илм олиш, фарзандларини келажакда элу юртига хизмат қиладиган, жамиятга манфаат келтирадиган олим, фозил, ҳунарманд, тадбиркор, солиҳ кишилар бўлиб вояга етишларини таъминлашга ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқдир. Модомики вақт шунчалик аҳамиятли экан, демак, мусулмоннинг вақт олдида вазифалари бор. Мусулмон киши ана шу вазифаларни тушуниб адо этмоғи шарт. Улар эса қуйидагилар:

  1. Вақтдан имкон қадар унумли фойдаланмоқ. Бебаҳо мол-давлатини беҳад авайлайдиган инсон аслида бебаҳо вақтига бунданда эътиборлироқ бўлмоғи, уни фақат хайрли ўринларда хайрли мақсадларга ишлатиши лозим эди. Салафи солиҳлар вақтларига жуда эътиборли эдилар. Чунки улар вақт қадрини яхши англардилар. Улуғ имомлар ҳар бир вақтни фойдали илм, яхши амал, нафсга қарши кураш ёки бошқаларга фойда етказиш билан ўтказиб охират ғамини ердилар. Ҳасан Басрий айтади: «Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздек, улар ҳам вақтларига шундоқ ҳарис эдилар».
  2. Вақтни тартибга солиш. Диний ва дунёвий ишларни батартиб адо этмоқ мусулмон кишининг вақти олдидаги вазифаларидандир. Ана шунда ишлар бир-бирига ҳалал бермайди. Муҳим ва номуҳим амаллар ўз ўрнини топади. Солиҳлардан бири айтади: «Банданинг (ўтган) вақтлари тўрт турли бўлади, бешинчиси йўқдир: неъматда, кулфатда, итоатда ва маъсиятда.
    Вақтнинг ҳамма ҳолатида ҳам зиммангда Аллоҳнинг ибодатидан улуш бордир. Демак, кимнинг вақти тоатда ўтган бўлса, унинг йўли Аллоҳ тарафидан унга берилган марҳаматга, яъни Аллоҳ уни ҳидоятлаб, ибодатга муваффақ қилиб қўйганига шоҳид бўлишдир. Кимнинг вақти неъматда ўтган бўлса, унинг йўли шукр қилишдир. Кимнинг вақти маъсиятда ўтган бўлса, унинг йўли тавба ва истиғфордир. Кимнинг вақти кулфат (синов)да ўтган бўлса, унинг йўли розилик ва сабрдир».
  3. Бўш вақтни ғанимат билиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, дедилар: «Икки буюк неъмат борки, кўп одамлар улар борасида алданиб, чув тушиб қоладилар. Улар сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир». Ушбу муборак ҳадисда саломатлик билан вақт неъматининг аҳамияти жуда гўзал шаклда, ўта балоғатли тарзда баён қилинган. Араб тилида «ғабн» деб аталмиш «алданиб қолиш, чув тушиб қолиш» маъноларини англатувчи сўз аслида тижорат ва олди-сотдига тааллуқли сўз ҳисобланади. Арзон нарсани ўта қимматга сотиб олган ёки аксинча қимматбаҳо нарсани билмасдан арзон баҳога сотиб юборган киши араб тилида «мағбун» дейилади. Тожирлар ўз сармояларини эътиборсизлик билан нобоп нарсаларга ишлатиб қўйсалар, чув тушадилар, алданадилар. Худди шунга ўхшаб вақт билан саломатлик ҳам дунё тижоратхонасига келган инсон сармояси экан.
    Бу муборак Рамазон ойларида вақтнинг қадрига яна ҳам эътиборлироқ бўлайлик. Бу ойнинг ҳар бир дақиқаси, соати ва кунидан унумли ва охират учун заҳира бўладиган амалларни қилишга шошилайлик.

Ўткир Маҳмудов

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим ўқитувчиси