Исломда уламоларга эътибор

19

“Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар”, — деб Ўз каломида уламоларни улуғлаган Аллоҳ таолога ҳамд-у санолар бўлсин.

“Уламолар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир”, — деб марҳамат қилган Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламга ва у зотнинг аҳли байтларига дуруд-у саловатлар бўлсин!

Тарихдан маълумки, ҳар бир жамиятнинг ривож топиши ва тинчлик, барқарорликка эришиши учун ана шу жамиятда адолат меъзонларига амал қилинмоқлиги ва жамият аъзолари ўртасида ўзаро муносабатлар ҳурмат ва меҳр-муҳаббат асосида бўлиши лозим.  Агар турли динлар, таълимотлар ва тузумларга эътибор берадиган бўлсак, адолатли жамиятнинг тамойилларини Ислом динида яққол кўрамиз, зеро, Ислом бу тинчлик, биродарлик динидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Оли Имрон сурасининг 110-оятида: “Одамларга чиқарилган умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, зеро, амри маъруф наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз”,- деган.

Ояти Каримада зикр қилинган “Энг яхши умматнинг сифати амри маруф, наҳйи мункар қилишлик ва Аллоҳга иймон келтиришлик”, экан. Зеро, амри маъруф, наҳйи мункар қилиш билан кўпроқ аҳли илмлар – олимлар шуғулланиб келишган. Шунинг учун ҳам тарихдан маълумки, жамиятларни пароканда қилиш, ўзларининг ёвуз ниятларини рўёбга чиқариш учун миллат ва элатлар ўртасида турли бузғунчиликлар, урушлар келтириб чиқарадиганларнинг дастлаб амалга оширадиган ишлари жамиятда ўзининг яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариши билан муҳим бир мавқеда турган раҳбарлар ва уламоларни обрўсизлантиришдан иборатдир. Жамиятда бузғунчилик қиладиганлар бирор бир жамият, давлат ёки  миллатни ўзларига тобе қилмоқчи бўлсалар ўша жамиятда муҳим мавқедаги уламоларга нисбатан халқнинг ишончини йўқотишга ҳаракат қилишади ва бу йўлда ҳеч бир нарсадан таб тортишмайди. Бунинг ёрқин мисоли яқин тарихимизда болшевик тузумининг олиб борган амалиётларидир. Улар юртимизда узоқ йиллар ҳукумронлик қилиш, халқимизни ўзларига қул қилиш учун Ўрта Осиё зиёлиларини қатағон қилиш орқали ўз мақсадларига эришмоқчи бўлдилар. Албатта улар даб-дурустдан зиёлиларни отиб йўқ қилишмаган, аввал зиёлиларга нисбатан турли тухмат ва бўҳтонлар уюштириб, уларга нисбатан оддий халқнинг нафратини уйғотишган кейин ўзларини қаҳрамон сифатида кўрсатиб зиёлиларни қатағон қилишган.

Бугунги кунда биз тарих сабоқларидан хулоса чиқаришимиз лозим. Шуни билишимиз керакки, қадим тарихдан буён ҳақ аҳлига нисбатан фитналар тўхтаган эмас. Бугунги кунда уламоларга халқнинг ишончини йўқотиш учун турли ҳаракатлар, урунишлар борлиги мўмин-мусулмонларни огоҳ бўлишликка чорлайди. Бугунги кунда уламоларни обрўсизлантириш, уларга нисбатан халқнинг ишончини йўқотиш  ва уламолар ўртасида турли фитналар солиш учун оммавий ахборот воситалари қулай омил бўлиб хизмат қиляпти. Бугунги кунда бу воситаларисиз жамият ҳаётини тасаввур қилиб бўлмайди, “Виртуал олам” фойдаланувчилари

нинг асосий қисмини ёшлар ташкил этаётганлигини эътиборга олиб ёшларга оила даврасида, боғча-мактабларда ва бошқа таълим марказларида диний ва миллий маънавий қадриятларимизни ўргатишлик ва ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш билан бирга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш одобларини ўргатиб боришлик мақсадга мувофиқ бўлади.

Сўзимиз охирида барча мўмин-мусулмонларни уламоларга нисбатан номақбул ҳаракатлар ва гап-сўзларни айтишликдан огоҳ бўлишликка ва ватанимиз ободлиги, жамиятимиз ривожи ва Ислом умматининг иттифоқи йулида уламоларга эргашиб, бир мақсад, бир ғоя асосида яхшилик йўлида ҳамкорлик қилишга чақирамиз. Зеро, халқлар уламоларга эргашса, уламолар ўзаро иттифоқда бўлишса, Ислом уммати равнақ топади.

 

Хуррамов Исроил

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

“Ёш илмий татқиқотчи” аъзоси