Фарзанд камоли — оилавий тарбияга боғлиқ
23

Бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзод ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди.
Абдурауф Фитрат “Оила” асарида оила асосини тўғри қуриш, оилада ёш авлодга жисмоний, ақлий ва ахлоқий тарбия бериш орқали мана шу турғунликдан қутулиш, жамиятни ислоҳ қилиш мумкинлигини баён қилиб, шундай дейди: “Миллат тақдири мана шу миллат вакиллари яшаган оиланинг ҳолатига боғлиқдир….Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва тартибли бўлади”. Фитрат ўз фикрини давом эттириб, “Агар бир мамлакат аҳолиси ахлоқсизлик ва жоҳиллик билан оилавий муносабатларни заифлаштириб юборса ва интизомсизликка йўл қўйса, шунда бу миллатнинг саодати ва ҳаёти шубҳа остида қолади”, деб ёзади.
Шундай экан биринчидан ёш авлодга ўзлигимизни, муқаддас анъаналаримизни англаш туйғуларини, халқимизнинг кўп асрлар давомида шаклланган эзгу орзуларини, жамиятимиз олдига бугун қўйилган олий мақсад ва вазифаларни сингдириш;
иккинчидан, жамиятимизда бугун мавжуд бўлган ҳурфикрликдан қатъий назар ёшларни жипслаштирадиган, халқимиз ва давлатимиз дахлсизлигини асрайдиган, эл-юртимизни энг юксак мақсадлар сари чорлайдиган ягона ғоя — миллий мафкурага садоқат руҳида тарбиялаш;
учинчидан, ёшларни байналмилал жаҳон ҳамжамиятида, халқаро майдонда Ўзбекистонга муносиб ҳурмат туғдириш учун интилиш руҳида тарбиялаш;
тўртинчидан, ёш авлодни ватанпарварлик, эл-юртга садоқат, юксак одамийлик ва инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш;
бешинчидан, ёш авлодни улуғ аждодларимизнинг муносиб ворислари эканликлари, айни вақтда жаҳоннинг умумбашарий ютуқларини эгаллаш руҳида тарбиялаш мамлакатимизда ёшларни тарбиялашнинг энг долзарб масаласидир.
Қонунга ҳурмат ҳисси ҳар бир ёш авлод қалбида эътиқод даражасида шаклланиши лозим. Бунинг учун эса ҳуқуқий тушунчалар болалар онгига сингдирилиб, мустаҳкамланиб борилиши керак. Ана шундай мақсад, мактабгача тарбия муассасалари, мактаблар, барча жамоат уюшмалари ва давлат ташкилотлари қаторида ота-оналарнинг ҳам асосий вазифасига айлангандагина самарали натижаларга эришиш мумкин.
Ҳар бир инсон бахтли оила қураман, яхши, комил фарзандли бўламан деган мақсадда оила қуради. Бу мақсадга эришиш учун эр ва хотин, ота-она ва фарзанднинг бир-бири олдидаги вазифаларини, бурчларни, оилавий тарбиянинг муҳим омилларини билиб иш кўриш зарур.
Элимиз миллий қадриятларни, алломаларимиз бизга мерос қилиб қолдирган ноёб ўгитларни эъзозлайдиган халқ. Шу боис ота-оналар ва ёшлар онгига, хулқига таъсир кўрсатишда Шарқ алломаларининг маънавий меросидан фойдаланиш даркор. Оилада фарзандларга бериладиган дастлабки маънавий-ахлоқий ва ҳуқуқий тушунчалар, ижтимоий тасаввур ва малакалар, аввало, ота-оналарнинг саводхонлик даражасига бевосита боғлиқдир. Айниқса, болалар онгига маънавият, мафкура, ахлоқ, тиббий маданият, ҳуқуқий тушунчаларни сингдириш аввал таъкидлаганимиздек ота-оналардан ўзига хос билим ва кўникмани талаб этади.
Шундай қилиб, ота-оналар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила Кодекси ва бошқа меъёрий ҳужжатларда кўрсатилган фуқаролар ҳуқуқи, эркинликлари ва бурчлари, оила ва никоҳ муносабатларининг тартибга солинишини ўрганиб чиқиб, уларни ҳаётга тўғри татбиқ эта олишлари шарт. Қонунларда кўрсатилган, ҳамма учун мажбурий бўлган ҳуқуқий қоидаларни билгандан кейин ўз фарзандларига аста-секин уларни ўргатиб, тушунтириб боришлари лозим. Шунингдек, ўзбек миллатига хос бўлган миллий урф-одатлар, анъана ва диний қадриятларни тўлақонли англай олишлари, уларни бугунги давр талаби билан уйғунлашган ҳолда оила тарбиясида фарзандларга асл моҳияти ва маъносини етказа билишлари ва онгига сингдира олишлари зарур. Жамиятдаги ўзгаришлар оилага таъсирини кўрсатганидек, оиладаги ўзгаришлар ҳам жамиятга, албатта, ўз таъсирини кўрсатади. Болани шахс сифатида шаклланиши, орзу-умидлари қанот ёзиб келажакка интилишлари оила муҳитида қарор топади. Оиладаги хайрихоҳлик, ўзаро муносабат атроф-муҳитга ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.
Aзамат УСМОНОВ
