Долзарб мавзу: Ижтимоий тармоқларнинг хатари

25

Ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнги пайтда ижтимоий тармоқнинг ҳам жиддий хатари юзага чиқмоқда. Жумладан, айрим бузғунчиларнинг интернетдан ўз ғарази йўлида фойдаланаётгани, ёшларни домига тортаётгани, айрим сайтларда беҳаёлик, ўз жонига қасд қилиш каби аянчли иллатлар тарғиб этилаётгани, фитналар, жамиятни беқарорлаштирувчи ёлғон маълумотлар берилаётганини кузатиш мумкин. Шундай паллади ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради. Қуйида ижтимоий тармоқларнинг хатарларидан айримларини санаб, улардан огоҳ этиш мақсад қилинди.

Ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири – ёлғон маълумот тарқатишдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз хабарларни тарқатиш, турли бўҳтонлар ва уйдирмаларни урчитиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси 6-оят).

Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига қуйидаги ҳадис ҳам яққол далилдир: Пайғамбар алайҳиссалом: “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, – деганлар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).

Ачинарлиси – кўпинча тарқатилган ёлғон маълумотлар оқибатида инсоннинг обрў ва шаъни топталмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган катта гуноҳлар  содир этилмоқда. Шариатга кўра, ҳар бир мусулмоннинг шаъни ва обрўсини тўкиш – ҳудди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби, бошқа мусулмон учун ҳаромдир. Қолаверса, Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: “Жаброил (алайҳиссалом) мени осмонга олиб чиққанда бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдашар эди. Мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?” – деб сўрадим. Шунда: “Улар одамларнинг гўштини еб (яъни уларни ғийбат қилиб), обрўларини тўккан кимсалардир”, – деб жавоб берди” (Имом Абу довуд ривояти).

***

Интернет сиёсий курашлар майдони, турли манфаатларнинг қуролига ҳам айланиб бормоқда. Террорчи тўдалар, адашган фирқалар ва бошқа бузғунчи кучлар ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда одамларни, айниқса ёшларни тўғри йўлдан адаштириш, улардан ўзларининг манфур мақсадлари йўлида фойдаланиш, жамиятда нифоқ чиқариш, энг ачинарлиси уруш оловини ёқишга уринишмоқда ва бунга маълум маънода эришишмоқда. Бунга яқин тарихда “Араб баҳори” деб ном олган араб давлатларидаги инқилоб ва зиддиятлар яққол мисол бўлади.

Аслида турли фитналар уюштириш, инсонлар ўртасида адоват уруғини сочиш – динимизда энг катта жиноятлардан бири экани таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган: “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир…” (Бақара сураси 217-оят). Яна: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”, дейди. (Анфол сураси 25-оят).

Ислом уламолари ёш авлодга илмларни тартиб билан ўргатишга алоҳида эътибор берган. Илм ўрганиш – динни ўрганишдир! Илмсиз одам ҳеч қачон диннинг моҳиятини англамайди. Қолаверса, диний илм олиш, фатво тинглашда шахсият муҳим. Ижтимоий тармоқ орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги ҳам, кимдан таълим олгани ҳам номаълум кимсадан илм ўрганилмайди. Чунки, фатво дин дегани.  Шариатга кўра уни ким етказаётгани жуда аҳамиятли. Машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳ: “Илм диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг”, деган.

Террорчилар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айримларни ўзларининг тузоғига илинтираётгани ачинарли ҳол. Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Мендан кейин умматимдан ёки мендан кейинги бўладиган умматимдан (бу ерда ровийнинг иккиланиши) Қуръон ўқиганда, у халқумларидан ўтмайдиган, диндан худди камондан ўқ чиққандек, чиқиб кетиб, кейин унга қайтмайдиган қавм бўлади. Улар одамлар ва махлуқотларнинг ичида энг ёмонларидир” (Имом Муслим ривояти).

Фатво бериш – улкан масъулият. У билан етук илм ва малакага эга уламоларгина шуғулланиши лозим. Шуни инобатга олиб, юртимизда шаръий саволларга фатво бериш фақат Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади.

Ёвуз ниятли кимсалар ғаразли мақсадлари йўлида ва халқнинг ўзлигини емириш учун турли усуллардан фойдаланади. Улардан бири – жамиятда ахлоқий бу­зуқликни ёйишдир. Бу йўлда ғаламислар ижтимоий тармоқ орқали ахлоқсизликни, фаҳшни кенг тарқатишга бор имкониятни сарфламоқда. Беҳаёликка йўғрилган тасвирлар, видео-роликлар тарқатиш орқали ер юзида фасод тарқашига “хизмат” қилмоқда.

Бу каби иллатлар жамиятимизда ўзининг салбий таъсирларини кўрсатмай қолмайди. Бу иллат катта ёшдагиларнинг ҳам, ўрта ёшдагиларнинг ҳам ахлоқий бузилишига олиб келмоқда. Ижтимоий тармоқларда бир-бирига номаҳрам бўлган шахсларнинг ўзаро ножўя суҳбатлари оилалар ўртасидаги ажримларга ҳам сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (Нур сураси 30-оят).

Иброҳим ибн Адҳам айтадилар: «Ботилга кўп назар солиш қалбдан ҳақни таниш неъматини кетказади» (Имом Абу Нуайм «Ҳилятул авлиё» китобида ривоят қилган).

Ижтимоий тармоқлар орқали динимизга бўлаётган зарарлардан яна бири –  ҳар бир юртнинг пешқадам олимларини таҳқирлаш, туҳмат билан обрўсизлантириш, уларни нифоқда, куфрда айблашдир. Уларнинг бундан мақсадлари мусулмон оммасини илмий раҳбарсиз қолдириб, ўзларига эргаштириш ва бошқаришдир.

Қалбидан дин ташвиши, уммат ғами ўчиб, иши – фақатгина уламоларнинг айбларини қидириш, уларни ғийбат қилиш бўлган кимсаларнинг ушбу найрангларига нисбатан ҳушёр бўлмасак, оқибати жуда ҳам хатарли бўлиши мумкин. Бундай улкан йўқотишга дунё тан олган уламолардан марҳум аллома Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг шаҳид бўлишлари мисолида гувоҳ бўлинди.

Албатта, ижтимоий тармоқни буткул ёмонлаш ниятимиз йўқ. Ижтимоий тармоқ ҳам телевидение, радио каби восита. Уни яхшиликка ишлатса яхши, ёмонликка ишлатса ёмон натижа беради. Эслаб ўтиш лозим, бирор-бир маълумот, матн, аудио ёки видеофайлни тарқатиш қонун нуқтаи назаридан “ахборот тарқатиш” сифатида баҳоланади. Тарқатилган маълумотда бировнинг обрўсига путур етказиш, туҳмат қилиш, ҳақоратлаш, ёлғон хабар тарқатиш ёки радикал ғоялар мавжуд бўлса, қилмиш содир этган шахсга қонунчиликда жазо муқаррар. Муҳими, ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдалансак, хусусан ёшлар ақлан ва руҳан тўғри тарбия топишда турли қарашлар таъсирига тушиб қолмасликларига ҳушёр бўлсак, кифоя.

Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,

Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжиди имом-хатиби