Ислом дини зўравонликни қоралайди

26

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам биз учун ислом динини худди нурафшон йўл каби баён қилиб берганлар. Ундан фақатгина ҳалокатга йўл олган кишигина юз ўгиради. Бу диннинг асоси раҳмат ҳисобланади. Бу борада Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам; “Раҳмдилларга Роҳман раҳм қилади”,  деган  ҳадиси шарифни айтганлар.

Маълумки, ислом динини ниқоб қилиб одамларни бир-бирига қарши қўйиб қон тўкишни ташкил қилаётган, амалда ўзининг ҳузур ҳаловатини ўйлаётган кимсаларни ақидапарастлар ёки экстремистлар деб атаймиз.  Ҳозирги кунга келиб, экстремистик оқимлар ва террористик гуруҳлар ўз сафларини кенгайтиш мақсадида турли усулларни қўлламоқдалар. Жумладан, улар кўпинча ҳали мавкуравий жиҳатдан тўлиқ шаклланмаган ёшларга диний таълим бериш ниқоби остида, ҳар хил алдов йўллари билан ўзларининг қўпорувчилик ғояларини сингдириб, кейинчалик мамлакатда нотинч вазиятни юзага келтириш орқали, ўзларининг диний давлат қуришга бўлган уринишларини амалга оширишда фойдаланишга ҳаракат қилиб келмоқдалар.

Инсонларга раҳм-шафқатсиз, кунига юзлаб бегуноҳ одамларни ўлдираётган, юз минглаб тинч аҳолини ўз уйини ташлаб сарсон-саргардонликка солиб, қочоқлар сафига қўшилишга мажбур қилаётган террористик ташкилотларнинг охири вой бўлиб, фаолиятига чек қўйилиши муқаррар.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, одамларни Ислом динидан қўрқитиш билан шуғулланувчилар – Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган ёвуз кимсалардир. Модомики, улар ҳар қандай қабиҳ ишдан қайтмайди. Мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш, бўҳтон ёғдириш, кўп­лаб хунрезлик­лар содир этишдан ҳам тап тортмайди. Дунёда бўлаётган қўпорувчилик­лар бунга яққол мисолдир. Бундай қинғирлик­ларни қандайдир кўринмас кучлар қўлида қўғирчоқ бўлаётган исломни ниқоб қилган тўдалар зиммасига қўйиб, муборак Ислом дини билан боғлашга ҳаракат қилинади. Бу каби ҳийлаларни кимлар қилиши Қуръони каримда очиқ баён этилган: “Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир”, дейилади. (Наҳл, 105)

Ислом дини ва террор бир-бирига бутунлай қарама-қаршидир. Ислом бир инсонни ўлдириш у ёқда турсин, унга бироз озор беришдан ҳам қайтаради. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом): “Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир”, деб таъкидлаганлар.

Муқаддас динимизнинг маъри­фат­парвар ғоялари ва ҳаётбахш ўгит­ларини душманлар ўзларининг қо­ра мақсадларига етишларида тўсиқ деб билади ва уни таназзулга учратиш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилади.
Улар бу мақсад йўлида ҳар қандай ёмонликни қилишга тайёрдир.

Диний фундаментализм ва экстремизм асосида вужудга келиб, террорчилик усулларини қўллаётган ислом ниқобидаги турли ташкилотлар ва ҳаракатларга қарши самарали мафкуравий кураш олиб боришда, уларнинг ғайриинсоний маҳиятини англаб етиш муҳим аҳамият касб этади. Халқимиз айниқса ёшларимиз онгига таҳдид солишига ҳаракат қилаётган мазкур оқимларнинг таъсирига тушиб қолмаслик учун маънавий салоҳиятимиз етук бўлиши, ҳар биримиз доимо огоҳ бўлишимиз юрт тинчлиги халқ фаравонлиги йўлида ўз хиссамизни қўшишимиз лозим.

Ўткир Ғузаров,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус  ислом билим юрти мудири