Қалб қотишдан эҳтиёт бўлайлик!
18

Дарҳақиқат, инсон вужудида бир парча эт бўлган қалбнинг инсон учун аҳамияти жуда катта. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейдилар: “Инсон вужудида бир эт парчаси бор, у тоза бўлса, бутун вужуд тоза бўлур. Агар у бузилса, бутун вужуд ҳам бузилади. Бу эт парчаси-қалбдир” (Бухорий ривояти).
Уламолар инсон вужудидаги бир парча эт бўлган қалбни икки хил бўлади дейишади. Биринчиси қалбул-мараз (иллатли қалб),иккинчиси эса қалбус-салим (соғлом қалб) дейилади.
Қалбул-мараз покланмаган қалб, унда меҳр-муҳаббат ўрнини бемеҳрлик, кўнгил қаттиқлик эгаллаган. Унда мараздан бошқа ҳеч нарса йўқ. Қалбдаги мараз эса одамни кўнгли қаттиқ инсонга айлантиради. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Сўнгра, шундан кейин ҳам қалбларингиз қотди. Бас, улар тош каби ёки (ундан-да) қаттиқроқдир. Зеро, шундай тошлар борки, ёрилиб ичидан сув оқади. Яна айримлари Аллоҳдан қўрққанидан пастга қулайди”. (Бақара сураси,74-оят). Қалбида марази бор, қалби қатиқ кишилар Аллоҳ таолодан узоқлашадилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам “ Бандани Аллоҳдан узоқлаштирадиган нарса қалбнинг қаттиқлигидир”,-дейдилар. (Термизий ривояти). Ва яна қалби қаттиқ кишилардан одамлар безор бўлиб, ундан узоқроқ юришади. Ўз даврида Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари ҳам бу ҳақда шундай ёзган эдилар:
Сўзни айтдим ҳар ким бўлса дийдор талаб,
Жонни жонга пайванд қилиб, рагни улаб,
Ғариб, фақир етимларни кўнглин овлаб,
Кўнгли қаттиқ халойиқдин қочдим мано.
Қалбус-салим иймон натижасида покланган қалбдир. У юмшоқ, меҳрли, муҳаббатли қалбдир. Аллоҳнинг зикрига юмшайдиган бундай қалблар ҳақида Қуръонда шундай дейилади: “У(қуръондаги хабарлар)дан Парвардигорларидан қўрқадиган зотларнинг терилари титраб кетар, сўнгра терилари ҳам, қалблари ҳам Аллоҳнинг зикрига юмшар-мойил бўлар”. (Зумар сураси, 23-оят). Инсон қалби иймон билан покланади. Иймон бу қалб поклигидир. Шу сабабли Ислом дини қалб поклигига бўлган иймонга тарғиб қилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қиладилар:“Поклик иймонга тарғиб қилади. Иймон ҳам соҳиби билан бирга жаннатга киради”. Табароний ривояти).
Хулоса қилиб айтганда, вужудимиздаги бир парча эт бўлган қалбнинг қотишидан эҳтиёт бўлишимиз ва уни ҳамиша пок бўлишига ҳаракат қилмоғимиз лозим. Инсон қалбини қотишидан асраб, уни поклаш билан дунё ва охират саодатига эришади.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
