Юрт тинчлиги, ватан равнақи – олий неъмат

18
Бугун дунёда юз бераётган турли воқеа-ҳодисалар, таҳдидлар биргина ўша давлат ёки минтақа ҳаётига дахлдор деган одам адашади. Чегара билмас бу хавф-хатарлар бутун инсониятнинг, тараққиётнинг душманидир. Атрофимизда бўлаётган геосиёсий жараёнлар, экстремизм, терроризм, наркобизнес, миллатлараро низолар бутун инсониятга катта офатлар келтиришини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.
Шу азиз Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш, салоҳиятини янада юксалтириш барчамизнинг, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Озодликни соғиниб, озодлик йўлида курашиб ўтган ота-боболаримизнинг машаққатли меҳнати, орзу умидлари ва интилишлари рўёбга чиқди. Истиқлол Ватанимиз озодлиги ва мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун замин яратди.
Азалдан юртимизда тинчлик ва тотувлик, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик руҳи юксак қадрланган. Чунки инсонлар онгини эзгу фикр эгалласа, ҳар қандай келишмовчилик, бузғунчилик ва ёвузлик рад этилади. Эзгу фикрнинг ифодаси бўлган сўз яхшилик ва хушмуомалаликнинг кенг ёйилишига, бу ўз навбатида, эзгу амалларнинг чуқур илдиз отишига, ҳар бир инсоннинг ўз вазифасини самимий ва сидқидилдан адо этишига ва шу йўл билан мамлакат ривожи ҳамда бунёдкорликка йўл очади.
С. Жаҳонов,
«Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси