Огоҳлик — давр талаби
20

Инсон доим хотиржам, барча эзгу амаллар оғушида фаровон ҳаёт кечиришни истайди ва доим шунга ҳаракат қилади. Оила бошлиқлар саналмиш эркаклар ўз аҳлини ёмон кўз, ёмон сўз ва турли иснодлардан ҳимоя қилишга интилади. Бегона кишини уйи атрофида юрганини кўриб, хавотирга туша бошлайди. Аслида ҳам ҳаммамиз ўз уйимизни ўзимиз асрасак, доим фидоий ва огоҳ бўлса бизга ҳам жамиятимизга ёвлар таҳдид қила олмайди.
Чунки тинчлик Аллоҳ таоло томонидан берилган неъматлар ичида энг буюги ҳисобланади. Чунки, жуда кўплаб неъматлар бевосита ва билвосита тинчликка боғланган. Тинчлик мавжуд бўлган жойда бу неъматлар ҳам мавжуд, тинчлик бўлмаган жойда бу неъматлар ҳам ўз-ўзидан йўқолади.
Жамият фаровонлиги ва тараққиёти, илм-фан ривожи, одоб-ахлоқ ва бошқа инсоний фазилатларни барқарорлиги учун албатта тинчлик керак. Инсон туғилиб, бу ҳаётда инсон каби яшамоғи учун умрининг бошидан то охиригача албатта энг биринчи навбатда тинчлик керак. Яратганга беҳисоб шукрлар бўлсинким, биз тинчлик сабабли моддий ва маънавий неъматлар ичра яшамоқдамиз. Ҳаётимиз тинч, осуда ва хотиржамликда ўтмоқда. Аммо, бугунги кунда ўзини ислом ҳимоячилари деб эълон қилиб, турли жиноятчилик ва хунрезликларни амалга ошираётган бир тўда каллакесар, қонхўр жиноятчилардан ташкил топган экстремистик ва терррорстик кайфиятдаги гуруҳ бутун дунёни хавотир ва ташвишга солиб қўйди.
Биз мана шундай фитналар бошланишидан огоҳ бўлишимиз керак. Бу борада бепарво бўлган халқлар бошларидан не балоларни кечираётганлигига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз, бу биз учун сабоқ бўлиши лозим. Агар бирор жамиятнинг маълум маконида қандайдир сабаб билан бирор фитна бошланса-ю, ўша жамиятнинг оқил инсонлари жоҳилларини унга аралашиб қолишдан тўсиб қола билмаса, у фитна кенгайиб жамиятдаги оқилни ҳам жоҳилни ҳам, солиҳни ҳам фожирни ҳам ўз домига тортади. Жамиятда бузғунчилик кўпайса, яхши-ёмон бирдек жазоланади. Агар ҳеч ким золимнинг қўлини зулмдан тўхтатмаса, Аллоҳнинг балоси ҳаммага ёғилади.
Халқимизда “Ўрмонга ўт кетса ҳўл қуруқ баробар ёнади,” деган мақолида ҳам фитна бошқарилмаган оловга ўхшатилади. Чунки, фитнанинг ортидан келадиган маънавий ва иқтисодий зарарни ҳеч бир моддий қийматдаги нарсалар билан ўлчаб бўлмайди. Фитнанинг кўлами қанчалик кенгайган сари, унинг зарари ҳам шунчалик кенгайиб, турли қавмлар ва халқларни, турли миллатлар ва элатларни ўз домига тортиб бораверади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналардан ва ундай фитналарни ташкиллаштирувчи фитначилардан эҳтиёт бўлишимизга чорлаб шундай дейди:
“Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”. (Анфол 25)
Жамиятда фитна оловини ёқишга уринаётган экстремистик кайфиятдаги бундай жиноий гуруҳларга қонун нуқтаи назаридан баҳо бериш, огоҳ бўлиш билан бир қаторда ислом динининг тинчликпарвар, оқибат ва эзгулик тарқатиш моҳиятини жамиятнинг ҳар бир аъзосига етказишга ҳаракат қилиш ҳозирги кунимизнинг долзарб вазифаларидандир.
Саид Худойқулов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
