Ёшларимиз муомаласидаги айрим иллатлар
25

Биз бугун ёшларимиз ўртасидаги муомала маданиятида содир бўладиган айрим иллатлардан бири саломлашиш одоби ҳақида айрим фикрларни баён этмоқчимиз. Ёшларга таълим берадиган ҳар бир устоз ёки ота-она энг аввало, уларга саломлашиш маданиятини ўргатиши керак. Бирор бир нотаниш кишига салом бериш билан ўртадаги ноқулайлик барҳам топади, меҳр-муҳаббат ҳосил бўлади ва ўзига хос бегонасираш йўқолади. Афсуски, ҳозирги кунда ёшларимиз ўзаро муомалада маданиятимизга ёт бўлган тарзда саломлашмоқдалар. Масалан, бошни бошга уриштириш, қўлни мушт қилиб уриштириш ёки “қалайсан”, “яхшимисан”, “бормисан” тарзида саломлашиш ёки синфга кирганда умуман салом бермасдан дарсга кириб ўтириш ҳолатлари кузатилади. Бу иллатнинг асосий сабаби ёшларимизнинг саломлашишнинг асл моҳиятини, динимиздаги кўрсатмаларини, ахлоқ-одобимизнинг қандай эканлигини билмаслигидадир. Ачинарлиси шуки, кўплаб ота-оналар ҳам ўзлари ҳаттоки, “сомалайкум”, “салом бердик”, “привет”, “ҳайрли кун” тарзида саломлашишади. Ўз-ўзидан маълумки, ёшлар оила мактабидан ўрнак олади. Устозлар мактабларда салом бермасдан бошини қимирлатиб ёки “салом болалар” тарзида саломлашишади. Бошни қимирлатиб, овозсиз фақат қўлини кўксига қўйиш билан салом бериб ҳам, алик олиб ҳам бўлмайди. Салом-алик баралла эшитириб айтилиши керак. Ҳаддан ташқари эгилиб, ерга букилиб салом бериш ҳам маданиятдан дарак эмас. Озгина эгилиб салом бериш мақсадга мувофиқ. Нотаниш кишиларга, ёш болаларга ҳам салом берилади. Учрашганда қандай салом берилса, хайрлашётганда ҳам салом бериб узоқлашишади. Ҳеч ким йўқ уйга кирганда ҳам овоз билан салом берилади. Агар бирор киши биров орқали сизга салом айтиб юборган бўлса, унинг жавобини дарҳол (ассаламу алайка ва алайҳи) деб қайтаришимиз лозим. Салом мактуб орқали ёки смс хабарнома орқали юборилган бўлса, дилингизда ёки хат орқали ёзма равишда (ва алайкум ассалам) дейилади. Саломга алик олиш мақбул бўлган ўринларда салом бериш макруҳ саналади. Қуръон ўқиётганда, намоз ўқиётганда, такбир айтаётганда, ҳаммомда ювинаётган кишига, хожатхонада ўтирганда, номаҳрам аёлларга, оғзида таоми бўлган кишига, ухлаётганда, дуо, хутба ўқиётганда ва ҳажда “лаббайка” айтаётган эҳромли кишига салом бериб бўлмайди. Қўл бериб кўришганда кафтни-кафтга қўйиб икки қўллаб кўришилади, узрли ҳолатлардагина бир қўллаб кўришса бўлади. Узоқ кўришмаганда ёки яқин кишиларнига меҳмонга борганда эркаклар қучоқлаб кўришишлари мумкин. Бунда ҳам айрим кишилар ўртасида урф бўлган оғиз- бурун ўпишиб кўришиш мутлақо зиддир. Кўп замонлар кўришмаганда пешона ёки бошдан ўпса бўлади. Саломни ҳар бир оқил одам дўстлари ва яқинлари билан учрашганда, одамлар олдидан ўтаётганда, бирор мажлис ёки жамоат жойига кирганда (ассаламу алайкум) деб салом бериши зарурдир. Салом бериш Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмалари яъни суннатдир, унга алик олиш эса вожибдир. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, фарзандларимизга саломлашиш одобини ўргатсак, бу билан улардаги тарбиянинг чиройли бўлишини таъминлаймиз Агарда улар бунинг суннат амал эканлигини билиб,унга амал қилсалар, савобга эга бўлишларини ва Аллоҳнинг кўрсатмаларини тушуниб олсалар ўзлари рағбат билан бажаришлари аниқдир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Қачон сизларга салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинг ёки ўша саломнинг ўзини қайтаринглар”, — деган (Нисо сураси 86).
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Ассалому алайкум”, — деди. Унга жавоб қайтариб ўтирдилар-да, “Ўнта савоб” — дедилар. Бироздан кейин бошқа бир киши келди ва «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ» – деди. Унга ҳам жавоб қайтариб, «Йигирмата савоб» — дедилар. Сўнгра бошқа бир киши келиб, «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу», — деди. Унга ҳам жавоб қайтариб, “ўттизта савоб” — дедилар ”(Абу Довуд, И. Термизий ривояти).
Яъни, бир инсонга оддий ассаламу алайкум деб, тинчлик хотиржамлик тилаб Аллоҳдан ўнтадан ўттизтагача ажр — савоб олиши мумкин экан.
Саҳобаи киромлар саломни кўпроқ айтиш учун бозорларга борар экан. Абдуллоҳ ибн Умардан: “Нега бозорга кўп борасиз, ахир ҳеч нарса харид қилмасангиз”, деб сўрашса, У зот: “Биз бу ерга кўпроқ кишига салом бериб ажр-савоб йиғишга келамиз, деб жавоб беришар экан.” Яна улар савоб қидириб кўчаларга, бозорларга ва одамлар гавжум жойларга чиқишар экан.
Муомала маданиятида, кўчада, ҳар бир жойда саломнинг ўрни жуда муҳимдир. Зеро, салом ҳар бир инсоннинг кимлигини, уни қандай оилада тарбия олганини кўрсатадиган ойнаси десак, муболаға қилмаймиз.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Ижтимоий одоблар” китоби асосида тайёрланди.
Жураев Бегзод
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
