Фарзанд – ёзилмаган оқ қоғоз каби…
35

Болага ёшликдан меҳнат кўникмаларини сингдириш ҳар бир ота-она ва тарбиячининг бурчидир. Меҳнат қилиш жараёнида бола ҳаёт деган мактаб сабоқларини қийинчиликларига мардонавор туриб бериш тушунчаларини сингдира бошлайди. Табиатида чаққонлик, зийраклик хислатлари камол топади.
Шундай ота-оналар борки, тикиш, ювуш, тозалаш ва пишириш каби юмушларни қиз болалар иши дейдилар. Барча уй ишларидан озода қилиб қўйилган ўғил бола онгида “ўғиллар қизларга қараганда афзал”, “фақат қизларгина уй юмушларини бажарадилар” деган фикр ўрнашиб қолган.
Оилада болаларни ўз-ўзига хизмат қилишга одатлантириш меҳнат тарбиясининг жуда муҳим шаклидир. Бола ёшлигидан бунга одатланиб борса, бутун ҳаёти давомида иродали бўлади, айниқса, аёллар меҳнатини қадирлайди. Бола истаган нарсасига эришавериши яхши эмас. Маҳрум бўлиш аччиғини тотиб кўриши, нафси хоҳишларини қайтаришни ўрганиши керак.
Фарзанд уй ишларини бажаришда ҳамма билан аҳил-иноқ бўлиши, оилавий муаммоларни беркитиши, жипсликни сақлашни ўрганиши лозим. Ота-она фарзандига иш буюриб, масъулият юклаб, сўнг натижасига эътибор қаратса, бола бурчига садоқатли бўлади.
Бола истаган нарсасига эришавериши яхши эмас. Маҳрум бўлиш аччиғини тотиб кўриши, нафси хоҳишларини қайтаришни ўрганиши керак.
Афсуски, айрим ота-оналар ўғил- қизларини ҳақиқий бахт манбаи бўлган меҳнатга, сабр-қаноат, ҳалолликка ўрганиб, турмишнинг оғир –йенгилликларига кўниктириш ўрнига, уларнинг қўлларини совуқ сувга урдирмайди. Бундай ота – оналар ўзлари билмаган ҳолда болаларига жабр қўядилар.
Муносабатлар икки томонлама бўлсин, шундай йўл тутинг, у сизга яқин дўстидек ишонсин. Шунда унга насиҳат қилсангиз, оғир олмайди. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу: “Фарзанд билан етти ёшгача ўйна, унга фикри қабул қилинганини билдириб қўй. Бу услубнинг самараси кўп”, деган. Фарзанд билан дўстларча муносабатда бўлиш уни ёмонлар билан дўстлашишдан, бузғунчи ахборотларга эргашишдан сақлайди.
Фарзанд ўз бахтини халол меҳнати , катталарга хурмати, кичикларга шафқати, Ватани ва халқига садақоти билан топади. Оилада болалар билан биргалашиб меҳнат қилиш – ота –оналар ўртасидаги муносабат, меҳр –оқибатни мустаҳкамлайди. Унутмайлик, меҳнат билан топилган неъматлар, обрў – ҳурматнинг мукофати икки дунёда ҳам юксакдир.
Фарзанд гўё оқ қоғозга ўхшайди. Уни яхши ёзувлар билан тўлдириш ота-она билан устознинг вазифасидир (ҳикмат).
Оллоёр ОМОНОВ,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
