Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етишмайди
33

Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигини барчамиз бирдек англайвермаймиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганларидек: “Икки неъмат борки кўпчилик одамлар унинг қадрига етишмайди: булар тансиҳатлик ҳамда тинчлик — хотиржамликдир”.
Дарҳақиқат, инсонга бирор неъмат келса, ҳамма ҳам унинг қадрига бирдек етавермайди. Бу неъматлар қўлдан кетгач пушаймондан не фойда? Неъматларнинг қадрига етиб, уни асраб – авайлаган инсонлар эса бу неъматлардан узоқ вақт баҳраманд бўлиши шубҳасиз. Моддий қийматга эга бўлган неъматлар қўлдан кетгач қайта топиш мумкин. Аммо тинчлик — хотиржамлик, соғлик каби бебаҳо неъматларни йиллар давомида ҳам қайта тиклаш мушкулдир.
Шунинг учун тинч — тотувликда, ўзаро ҳамжиҳатликда яшаш — жамиятда хотиржамлик ва фаровонлик бўлишининг омили ҳамда Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун бир восита эканлигини унутмаслик лозим.
С. Жаҳонов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
