Тинчлик — улуғ неъмат

32

Инсоният яшаш давомида эзгу мақсадларга етиш учун доимо изланади ва ҳаракатда бўлади. Эзгу мақсадли инсон орзу — умидини амалга ошириши учун энг катта таянч тинчлик ва осойишталик муҳитидир. Одатда, тинчлик сўзи кишини безовта қилмасликни, ҳолатларнинг тинч ва осойишта, уруш-жанжалсизлигини, ҳаёт ва турмуш тизимини бир меъёрда бўлишлигини ифода этади. Оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, оила бардавом ва мустаҳкам бўлади. Эл — юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади. Буларни акс эттирувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф — одат ва расм -русумларимиз, динимиз бевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир.

Жаннатмакон юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта ишлар олиб борилаётгани бизнинг бахтимиздир. Шунга кўра биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, бу фаровонлик, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашликда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу орқали турмушимизнинг янада  фаровонлигига эришамиз.

Дунёда рўй бераётган турли ноҳуш ходисалар биздан доимо огоҳ ва хушёр бўлишни тақозо этади. Ана шу ҳолатни эсдан чиқармай, ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва адолат билан ҳаракат қилишимиз, тинчлик ва инсонпарварликка ундовчи ғояларни рўёбга чиқариш йўлида бир тану, бир жон бўлиб ҳаракат қилмоғимиз лозимдир.

А. Асқаров,

“Хожа   Бухорий”   ўрта    махсус   ислом   билим   юрти ўқитувчиси