“Ватанпарварлик – номусли ва назокатли туйғудир”

41

Бир донишманд айтган экан:

“Ватан бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари 

бу боғни ўз юрак қонлари ила суғормаклари     даркордир….”

 Ватан боғини юрак қони ила суғурмаклик мажозий маънода айтилган. Ўзини фарзанд деб ҳисобловчи одам бутун тану жони билан боғни яшатиш учун хизмат қилиши керак, дейилмоқчи. Баҳорий озодликка аямажуз хуруж қилгудай бўлса, том маънодаги юрак қонини тўкмаклик билан ҳимоя этмоқ зарурати туғилади. Табиат баҳорининг қонунияти барча жойда бир бўлгани каби, Ватан боғини эҳтиётлаш, яшнатиш мажбурияти ҳам барча мамлакатларга хосдир. Яъниким, немислар Олмон диёрини, можорлар Можористонни, инглизлар Англияни қандай авайласалар, биз – ўзбеклар Ўзбекистонимизни улардан-да юксакроқ мартабада севмоқлигимиз фарздир. Биз бугун тараққиёт бобида айрим мамлакатлардан ортда эканимиз айб эмас, бу ўтмиш жамиятнинг қолоқлиги таъсиридандир. Аммо Ватанга бўлган муҳаббат бобида ортда қолмоқлигимиз мутлақо мумкин эмас.

Ватан – аждодлардан авлодларга қоладиган энг буюк, бебаҳо мерос, энг азиз хотира… бу аждодлар маскани, эл-юрт, халқ вояга етган, унинг тили, тарихи, маданияти, урф-одатлари, қадриятлари чинаккамига шаклланиб, ўсиб, камол топиб борадиган заминдир аслида… Ватан – бу халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагидир. У муқаддас қадрият. Ватан остонадан бошланади… У инсоннинг киндик қони тўкилган жой, инсонни ижтимоий етимликдан асровчи манзил, маънавий камолот ва фуқаролик майдони, ҳаёт мактаби, фаровонлик ва бахт-саодат ўчоғидир…

Ватан туйғуси – бу азиз ватанимизни тери билан обод ва маъмур этган, лекин номлари тарих саҳифаларида қолмаган оддий кишиларимизнинг фидокорона ва яратувчан меҳнатини мудом ёдда тутишдир… Ватан туйғусини қалбида совуқ кунларда қуёшнинг таратган ўтмас нурларини туйган, унсиз садолари чиқмаган, аммо қалби Ватанга бўлган муҳаббати виқор тутган соғинч аланга каби ёнган аждодларимизнинг озодлик учун азиз жонларини аямай, тўкилган қонлари бугун ҳур Ватан заминида қип-қизил очилиб ётган лолақизғалдоқларнинг рангларида кўришимиздир…

“Ватанни севмоқ — иймондандир”. Ер юзида тупроқлар бисёрдир, аммо Ватанинг тупроғи ҳеч қаерда йўқ, чунки у Ватан тупроғи. Ўз Ватанидан йироқда бўлган инсонлар мустақиллик кунига етишмай туриб Ватанга келиш бахтидан бебаҳра бўлишган ва Ватанни бир кафт тупроғига зор бўлишган. Ким илож қилиб Ватанга бориш бахтига эришса улар ўша инсондан қимматбаҳо совға – салом олиб қайтишни сўрашмаган, бир ҳовуч тупроқ олиб келишини илтимос қилишган. Сўнг, Ватан тупроғини кўзларига суртишиб, ўпиб, тўйиб-тўйиб ҳидлашган. Ватанга меҳр иймондан, иймонсиз одам ватанини сева олмайди. Кўп тилга олинадиган “Ватанни севмоқ – иймондандир”ҳикматига марҳум ёзувчи Тоҳир Маликнинг уламоларимизнинг айрим шарҳларини ўқиб шундай фикр билдирганлар: “Одам Ато ва Момо Ҳавонинг яралмиш жойлари – жаннат. Демак, одамзоднинг асл Ватани – жаннат ва оқибатда унга қайтилгусидир. Яъни, дейилмоқчиким, унга фақат иймон эгалари қайтурлар. Демак, жаннатни севмоқликнинг маъноси бу дунёда тўғри, ҳалол яшаб, унга қайтмоқликнинг тадоригини кўришдир. Яъни, мукаммал иймонга етишмоқликдир. Иймон талаблари эса оз эмас. Шулардан бири Ватанга меҳр-муҳаббат қўйишдир.”

Агар инсон ҳур бўлмаса, Ватан ичра беватан ҳисобланади. Ватан эркин ва озод инсонлар билан гўзалдир. Дейдиларки, доно ҳаким машриқдаги бир мамлакатга саёҳат қилибди. Бу мамлакат одамларининг бағри кенг, диллари тоза, ниятлари пок экан. Табиат ҳам бу хокисор одамларнинг феълларига яраша она ерларини ҳосилдору, турли хазиналарга бой қилиб яратган экан. Доно ҳаким бу мамлакатни жаннатга қиёслабди-ю, аммо бир жумбоқ бўйича ўйланиб қолибди. Худо бу мамлакатга беҳисоб бойлик берганига қарамай, аҳоли қашшоқ яшар экан. Чунки уларни қўшни мамлакат истило қилиб олган экан. Аҳоли эса “тақдиримизга ёзилгани шу экан-да”, деб сабр қилар, озодликка чиқишни ўйламас экан. Доно ҳаким юртига қайтаётганда бу мустамлака ўлка аҳлидан бири “Бизнинг юртимиз қандай экан?” деб сўрабди. “Мен дунё кезиб, сизлардай меҳнаткаш одамларни кўрмадим”, — дебди доно ҳаким. Кейин истеҳзо билан қўшиб қўйибди: — Бахтли халқ экансизлар. Сизлар шундай жаннатмаконда яшаб, ҳақ-ҳуқуқларингизни ўзгаларга бериб қўйибсизлар. Сизларнинг бахтингиз шундаки, бахтсиз эканлигингизни билмас экансизлар…

Ватанга меҳр-муҳаббатли бўлиш – ғоят чидам, ғоят юксак онг талаб этувчи ўзига хос илм ва буни эгаллаш ҳам бешикдан бошланмоғи ва оқибат сўнгги нафасга қадар давом этмоғи лозим. Ватанпарварлик – Ватанни севмоқликни англатса, бу илмни эгаллаган киши Ватанга жонини атаган комил инсон мартабасига етган бўлади. Файласуф Гегель айтганидай “Маърифатли халқларнинг ҳақиқий жасорати Ватан йўлида қурбон бўлишга тайёр эканликларида акс этади.” Мана шу нуқтадаги фарққа диққат жалб қилинса, Ватанини севаман, деб юрувчилар кўп. Аммо ҳамма ҳам Ватанга жонини фидо қилишга тайёр турмайди. Ватанга меҳр-муҳаббат мавҳум тушунча бўлмай, балки ҳақиқий маънавий туйғудир. Яъни, ватанпарварлик – Ватанга меҳр қўйишдангина иборат эмас, балки Ватан билан ўзини бир бутунликда кўришдир. Унинг яхши ёмон кунларида асқотишдир.

Ватан равнақи – қудратли иқтисодий кучга айланишдир. Айни чоғда инсоннинг руҳият, маънавият жиҳатидан қудратли қалъага айланмоғидир. Ватан юксалишини ўйламак – бир пайтлар қўлдан кетган ҳуррият ва номусни ўз ўрнига келтиришга ҳаракат этмоқликдир. Энди ўйлаб кўрайлик: ҳуррият ва номусни нима йўқотади? Ноаҳиллик. Энди уни нима ўз ўрнига тиклай олади? Аҳиллик, якдиллик! Боболаримизнинг шарафли кунларини, одилона даврларини нима тирилтиради? Албатта иттифоқлик!

Ватан тарққиёти ҳавойи тушунча эмас, балки аниқ бир ҳаракатдир, бу ҳаракатнинг асоси ҳар бир одамнинг ташаббусидан бошланади. Фарзандларимизнинг мактабда битта ҳарф ўрганишлари ҳам, янги иморатга қўйилган битта ғишт ҳам, илмга оламшумул кашфиёт ҳам ана шу ташаббуснинг меваларидир. Эрталаб Ватандан бир нима олиб, шомда ўша битта миқдорда қайтарсак – ютқизамиз, бунда тараққиёт бўлмайди, аксинча, тушкунликка юз тутилади. Демак, олган нарсамизни бир-икки эмас, ўн, балки унданда кўп ҳисса қилиб қайтаришга интилмоғимиз шарт экан. Донишмандлар айтганларидек: “Ўқишдан тўхтаган одам – фикрлашдан тўхтайди”. Шундай экан, фикрламайдиган одамдан Ватанга қандай наф тегиши мумкин? Биз Ватандан ниманидир талаб қиламиз, оламиз ҳам. Аммо буни юз ҳисса, унданда кўп қилиб қайтармоқликни ўйламас эканмиз, бу бизнинг ақлимиз заифлигига, диёнатимиз ожизлигига далолат бўлади. Ватандан олганимиз – қарздир, қарзни қайтармоқлик фарздир!

Ё Аллоҳ! Она-Ватанимизни турли офатлардан, балолардан асра! Тинчлигини бардавом қил. Ватанимизга ёмон назар билан қараётганларга инсофу тавфиқ бер. Инсофга юрмасалар, уларни Ўзинг бартараф қил. Мамлакатимизни дунё аро иззатли миллатлардан қил. Бизларни ўз миллати шарафи учун хизмат қиладиган, ўзга миллатларни қадрлайдиган миллатпарварлардан қил. Динимизга қувват ва ривож бер. Бизларни ўз дини моҳиятини яхши англайдиган, Ҳақ йўлида иймон билан хизмат қиладиган солиҳ-солиҳа бандаларингдан қил. Адашганларга Ўзинг ҳидоят бер. Амийн, я Роббал аъламийн!

Нилуфар Аҳадовна

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти