Охиратда саодат топиш – ота-онага эҳтиром этиш биландир!
26

Кишининг бор бўлса ота-онаси,
Ғаниматдир унга ота-она ризоси.
Худонинг қошида қабули аниқдир,
Ота ва онанинг болага дуоси.
Ота-она кўнглин агар ким оғритса,
Қиёматда жаҳаннамдир жазоси.
Ислом дини онанинг мақомини юксак даражага кўтарган. Аллоҳ таоло онанинг ҳақини ўз ҳақи билан бирга зикр этган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!” (Исро сураси, 23-оят).
Дунёда фарзандларга энг меҳрибон ва дўст кишилар ота-оналаридир. Ҳар бир она ўз боласини ёруғ дунёга келтиргунга қадар не-не азобларни бошидан кечиради. Оёққа турғизгунга қадар икки йил кўксига босиб, кўтариб юради. Тунларни, тонгларга улайди. Оқ ювади, оқ тарайди, оч қолса тўйғизади, йиғласа овунтиради, юпатади. Касал бўлса, изтироб чекади. Фарзанди ҳаққига дуолар қилиб, Аллоҳдан шифо сўрайди. Фарзандининг соғлиги учун нимаики бўлса, қўлидан келган ҳамма нарсага рози ва тайёр туради, керак бўлганида жонини аямайди.
Ота эса, кун бўйи ишлаб болаларига ош, нон ва кийим-бош олиб беришга ҳаракат қилади. Бундан ташқари фарзандларимга мендан мол-мулк мерос қолсин, болаларим бировга муҳтож бўлмасин деб, кеча-ю кундуз меҳнат қилади. Ота-онанинг фақат Аллоҳдан тилаган тилаги ва орзу-умиди битта, у ҳам бўлса, жонидан азиз фарзандларининг соғлиги, узоқ-умр, бахти ва охиратда саодатли бўлмоғидир. Болаларга бундай ғамхўрлик ва яхшиликни ота-онадан бошқа ҳеч ким қилмайди.
Шундай экан, биз ота-онамизни ниҳоятда иззат-ҳурмат қилмоғимиз, уларнинг ҳар бир буюрган ишларини сўзсиз бажаришимиз даркордир. Қилма деб қайтарган ишлардан тезда қайтмоғимиз лозимдир. Шундагина ота-онамиз ҳавас қилган азиз фарзандлардан бўла оламиз.
Ота-онага яхшилик қилиш фарзанд учун саодатдир. Ота-онага яхшилик қилиш туфайли фарзанднинг бошига тушган кулфатлари аритилади, фарзанднинг гуноҳи кабираларига каффорат бўлади, фарзанднинг ризқи кенг ва умри узун бўлишига сабаб бўлади. Ота-онанинг дуосини олиш фарзанднинг дунё ва охирати обод бўлишига сабаб бўлади. Ота-онага яхшилик қилиш фарзанднинг қилган амаллари қабул бўлишига ва гуноҳлари кечирилиб жаннатга киришига сабаб бўлади.
Ота-онага яхшилик қилиш: ота-онага холис ният билан яхшилик қилиш яъни, улар дунёга келишларига сабаб бўлганлари учунгина эмас, балки Аллоҳ таоло буюргани учун яхшилик қилиш, ота-онани яхши кўриб улуғлаш, Аллоҳга маъсият бўлмайдиган ўринларда уларга итоат этиш, ота-онага тавозеъли бўлиш, улар хурсанд бўладиган ишларни қилиш, ота-онадан олдин овқатланмаслик, уларнинг ҳузурига киришда ҳам, чиқишда ҳам салом бериш, олдида овозини баландлатмаслик, ота-она учун молини сарфлаш, улар яхши кўрадиган кишиларга ҳам яхшилик қилиш, сафарга ота-онанинг дуоларини олиб чиқиш, ота-она шариатга мувофиқ қасам ичган бўлсалар уни адо этиш учун ҳаракат қилиш, уларнинг жаҳллари чиқадиган ишларни қилмаслик, ота-онани исмлари билан чақирмаслик, ота-онани камситадиган ишлардан сақланиш ҳамда улар вафот этганларидан сўнг ҳам уларнинг ҳақларини сақлаш билан бирга уларга яхшилик қилиш ишларини адо қилган бўламиз.
Аллоҳ таоло Нисо сураси 36-оятда марҳамат қилади: “Ота-онага, қариндошга, етимларга, мискинларга, яқин қўшнига, ён қўшнига, ёндаги соҳибга, йўқсил йўлчига, ва қўлингиз мулк қилиб олганларга яхшилик қилинглар”.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу онасини елкасида кўтариб Каъба атрофини тавоф қилаётган кишини кўрдилар. У киши айтди: Эй Ибн Умар, мен онамнинг ҳаққини адо қилдимми? Ибн Умар айтдилар: «Туғиш азобларидан битта ҳаққини ҳам адо қилганинг йўқ. Лекин сен яхши иш қиляпсан. Аллоҳ камига ҳам кўп ажр-савоб беради».
Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
“Эй Аллоҳнинг Расули! Мен катта гуноҳ қилдим.
— Энди мен учун тавба борми?” деди.
— “Сенинг онанг борми?” дедилар.
— “Йўқ” деди.
— “Сенинг холанг борми?” дедилар.
— “Ҳа”, деди.
— “Унга яхшилик қил”, дедилар”. Термизий ривояти.
Онага яхшилик қилиш қанчалик улуғ иш эканини қаранг! Бу иш гуноҳларни мағфират қилинишига ҳам сабаб бўлар экан. Агар онанинг ўзи ўтган бўлса, онанинг синглисига ёхуд опасига яхшилик қилиш ҳам гуноҳларни мағфират қилинишига сабаб бўлар экан.
(Эй Муҳаммад), сиздан нима эҳсон қилишни сўрашса, ”Нима эҳсон қилсангиз ҳам ота-онага, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилинг, қандай яхшилик қилсангиз ҳам Аллоҳ уни албатта билади”, денг (Бақара сураси, 215-оят).
Демак, ота-онага иззат-эҳтиром кўрсатиб, уларга ихлос билан Аллоҳнинг розилигини истаб, хизмат қилиш фарзандга нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам яхшиликлар етишига сабаб бўлар экан. Ҳатто бошига тушган мусибатнинг кўтарилишига ҳам васила бўлар экан…
Шундай экан, ўзимизга савол бериб, унга инсоф ила жавоб берайлик-чи. Ҳаммамиз ҳам ота онамизга кераклигича нафақа қилиб қўямизми…?
Болаларимизга неча бор сарфлаганимизда, ота-онамизга бир бор сарфлаймиз…?
Кунларнинг бирида қалам ўчирғичга шундай дебди:
— Биласанми, ўчирғич, мен жуда афсусдаман.
— Нега? — сўрабди ажабланиб ўчирғич. Ҳеч бир хато иш қилмадинг-ку!
— Сабаби, мен туфайли бот-бот шикастланасан, ҳамиша мен қилган хатоларни ўчирасан. Ҳар гал хатоларимни ўчира туриб, маълум бир бўлагингни йўқотасан, шу аснода кундан — кунга кичрайиб бораверасан.
— Шундайку-я, лекин мен кўриб турганингдек, шу вазифани бажариш, яъни хатога йўл қўйганингда, уни ўчириб сенга кўмак бериш учун яратилганман. Вақт келиб тамом бўлишимни ва мени бошқасига алмаштиришингни ҳам биламан. Шундай бўлсада, ўз хизматимдан жуда бахтиёрман. Шундай экан, кел энди, афсусланишни бас қила қолгин! Сени хафа ҳолда кўришни хоҳламайман.
Мен ўчирғич ва қаламнинг ўзаро суҳбатидан қаттиқ таъсирланиб, ўйга толдим. Ўйлаб қарасак, ота-она фарзандининг хатоларини тузатадиган ўчирғичга ўхшайди. Уларнинг ҳам вақт ўтган сайин жуссалари ўз шаклини аста-секин йўқотиб, сочларига оқ қоралайди. Фарзандлар кун келиб ўзларига янги шерик, яъни турмуш ўртоқ топадилар. Ота-она эса бундан ўзини, шубҳасизки янада бахтиёр ҳис этади. Жондан суюк фарзандининг афсус чекишларини ёхуд ғамгин ҳолда кўришни сира истамайди.
Яшар эканман, «қалам» бўлиб келдим. «Ўчирғич» ота-онамнинг кундан-кунга кичиклашиб, емирилиб боришлари мени буткул дилхум этади. Бир кун келиб, фалакнинг гардиши ила менда бор-йўғи ўчирғич қириндилари, хотиралари қолади, холос …!
Нилуфар Аҳадовна
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
