ЮРТ ХИЗМАТИДА КАМАРБАСТА БЎЛАЙЛИК
16

Муқаддас динимизда ҳар бир мўмин-мусулмон киши дунё ҳаётида фаровон яшаши ва Аллоҳ берган ризқини ҳалол йўллар билан топиши учун меҳнат ва ҳаракат қилиши кераклиги баён этилган. Чунки, инсон доимо ҳаёти учун зарур бўлган уй-жой, улов, озиқ-овқат, рўзғор анжомлари ва кийим-кечакка эҳтиёж сезади. Буларнинг барчаси касб-ҳунар ва меҳнат қилиш орқали ҳосил бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир” (Мулк сураси, 15-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнаткаш ва касб- ҳунарли кимсаларни мақтаб шундай деганлар: “Аллоҳ таоло касб-ҳунарли кишини яхши кўради” (Имом Термизий ривояти).
Мусулмонларга ёрдам қилиб, уларнинг ҳожатини чиқариш иймон келтириш каби савобли ишлардан эканлиги ҳақида Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг “Мунаббиҳот” китобида қуйидаги ривоятни келтиради: “Икки хислат борки, улардан афзал нарса йўқ: Аллоҳга иймон келтириш ва мусулмонларга фойда келтиришдир. Ва икки хислат борки, улардан ёмонроқ нарса йўқ: Аллоҳга ширк келтириш ва мусулмонларга зарар етказишдир”.
Дарҳақиқат, динимиз инсонпарвар, яхшилик дини бўлиб, доим инсонларга манфаат етказиш ва яхшилик қилишга чорлайди. Шундай экан, мўмин киши доим халқ хизматида бўлишга ҳаракат қилади ҳамда халққа наф етказиш, дардига малҳам бўлишни ўзига шараф деб билади.
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бугунги кунда Юртбошимиз бошчиликларида барча соҳа вакилларига, хусусан, тадбиркорлар, тижоратчилар ва инвестиция киритувчиларга ниҳоятда катта имконият ва шароитлар яратилмоқда. “Бир мўмин-мусулмон мен сабабли ишли бўлиб қолсин”, дейдиган ғайратли кимсаларга барча хайрихоҳ инсонлар раҳмат ва тасаннолар айтмоқда. Шундай экан, ҳар биримиз Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан унумли фойдаланиб, эл-юртимиз равнақи йўлида жонбозлик қилмоғимиз даркор. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасос сураси, 77-оят).
Аллоҳ таоло дунёдаги барча нарсаларни инсоннинг фойдаси учун яратди. Шундай экан, инсон ҳам шунча имкониятлардан унумли фойдаланиб ҳамиша у зотга шукр қилиб яшаши лозимдир….
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти маънавий-маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
