Ота-она ўз фарзандига чиройли хулқдан кўра афзалроқ нарсани беролмайди
23

Эркак киши аҳли аёли ва фарзандлари учун масьулдир. Уларни дину диёнатли, илмли, ахлоқли қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг зиммасидадир. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини, ўзларини ва аҳли аёлларини ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақлашга буюради.
Ҳазрати Умар мазкур мазмундаги ояти карима нозил бўлгандан сўнг:
«Эй Расулуллоҳ, ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраганларида, Пайғамбар алайҳиссалом:
«Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша, уларни ўтдан сақлаш бўлади», деб жавоб берган эканлар.
Пайғамбар алайҳиссалом одоб ахлоқни камолига етказиш ва умматга гўзал тарбия бериш учун юборилганлар. Бу ҳақда У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Мен улуғ ахлоқларни мукаммал қилиш учун юборилдим”, дейдилар (Имом Байҳақий ривояти). Демак, динимизнинг бош ғояси инсонларни ёмон ахлоқлардан поклаш, яхши хулқли инсонларни етиштиришдир.
Фарзандларимизнинг биз орзу қилгандек билимли, ҳунарли, эл-юртга фойдаси тегадиган, оқил инсонлар бўлиб етишиши аввало ўзимизга боғлиқ. Фарзанд Аллоҳ таолонинг инсонга берган олий неъматларидан бири бўлиб, ота-она ҳаётининг давомчилари ҳисобланади. Ҳар неъматнинг ўз шукри бор, фарзанд неъматининг шукри унга чиройли тарбия беришдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-она ўз фарзандига чиройли хулқдан кўра афзалроқ нарсани беролмайди,” -дейдилар.
Буюк маърифатпарвар Абдурауф Фитрат “Тарбия қилиш-тарбияланувчини жисмонан, фикран ва хулқан камолга етказиб, саодатга эришишга қобил этишдан иборатдир”, деганлар. Юнон файласуфи Афлотун “Тарбия-бериш мумкин бўлган барча гўзаллик ва комилликни жисм ва руҳга беришдир” деганлар. Бу таърифлардан хулоса қилганда, тарбия-ёшларни ҳар томонлама комил инсон қилиб вояга етказиш, дунё ва охират саодати учун узоқ вақт меҳнат қилишдан иборат.
Жамиятда баъзи инсонларнинг эътиборсизлик, лоқайдлик ва бепарволик билан ҳаёт кечириши энг катта маънавий иллатдир. Бугунги кунда дунёда бўлаётган жараённинг ўзи ҳар бир нарсага эътибор билан ўзини, оиласини ва она Ватанини турли хавф-хатарлардан ҳимоя қилишда ҳаммани огоҳ бўлишга чорлаб турибди.
Кеча ўғлининг одоб ахлоқи, таълим-тарбиясига қайғурмаган отанинг эътиборсизлиги ва бепарволиги натижасида бугун фарзандларнинг адашган оқимлар, миссионерлар тузоғига осонгина алданиб қолаётганини шунингдек, оилада тарбия кўрмаган фарзандарни “оммавий маданият” қурбонига айланаётганлари ачинарли ҳол.
Маълумки, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун, аввало, киши организмида унга қарши иммунитет ҳосил қилинади. Шундай экан, юртимизда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, муқаддас динимизга садоқат руҳида тарбиялаш учун уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтиришимиз лозим. Токи, ёшларимиз миллий ўзлигини, шу билан бирга, дунёни чуқур англайдиган умуминсоний қадриятларни тушунадиган инсонлар бўлиб етишсин. Ана шунда миссионерлик тарғиботчилари, “оммавий маданият” ни тарғиб қилувчилар, экстремистик гуруҳ ва мутаассиб фирқаларнинг одоб-ахлоқ тушунчаларини рад этадиган, бизга мутлақо бегона ғоялари ҳам уларга ўз таъсирини ўтказа олмайди.
Дарҳақиқат, ёш авлодни турли маънавий тажовузлардан ҳимоя қилишда аввало, худбинлик ва лоқайдлик, қариндош-уруғчилик ва маҳаллийчилик, коррупция ва манфаатпарастлик, бошқаларни менсимаслик каби иллатлардан жамиятни буткул халос этиш зарурлигини биринчи Президентимиз Ислом Каримов кўп бора таъкидлар эди.
Бу каби иллатларга барҳам бериш учун ҳар биримиз фарзандларимизга чиройли тарбия бериш, маънавий ҳаётимизни турли таҳдид ва хуружлардан ҳимоялаш йўлида ўз бурч ва масъулиятимизни чуқур англаган ҳолда порлоқ келажак сари илдамлашимиз лозим.
Азамат УСМОНОВ
