ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ КУРАШИШ – ДОЛЗАРБ  ВАЗИФА

19

Маълумки, бирор касалликка қарши курашиш, уни таг-томири билан йўқотиш учун келиб чиқиш сабабларини ўрганиб шунга кўра иш олиб бориш энг самарали услуб ҳисобланади. Шундай экан, ақидапарастлик, терроризм ва экстремизм каби жамиятга ёпишган иллатни томири билан қўпориб ташлаш учун ҳам уни келтириб чиқарувчи омилларни яхши ўрганиб, шунга қарши чора кўриш керак бўлади.

Терроризмнинг глобаллашуви, яъни “макондан-маконга” тарқалишида дунё мамлакатларида юзага келган ижтимоий-иқтисодий аҳволнинг таъсири сезиларлидир. Агар иқтисодий глобаллашув замирида жаҳон ҳамжамияти давлатлари иқтисодий алоқаларининг байналмилалашуви ётган бўлса, уюшган жиноятчиликда ҳам у (глобаллашув), ўзига хос кўринишда намоён бўлмоқда. Хусусан, халқаро экстремистик ва террорчи ташкилотлар “хуфиёна” иқтисодиёт базасини яратиш йўлида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўймоқдалар.

Шунингдек, мутаассиб гуруҳлар томонидан ҳаётий қийинчиликка учраган, жамиятда этарли эътиборга эга бўлмаган кимсаларни ҳам асосий нишонга олиши уларнинг ўз сафларини тўлдиришда қўллаётган маккорона усулларидан биридир, десак бўлади. Биргина, “ихвонул-муслимийн” ташкилоти ҳам Мисрдаги дастлабки фаолиятини аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиш, хусусан кишиларнинг эҳтиёжи кўп тушадиган мактаб, тиббиёт марказларини очиш, уларни иш билан таъминлашга эътиборни қаратган эди. Албатта, бундай “тузоқ” ташкилот аъзолари тарафдорларининг кўпайишига ҳамда унинг омма орасида обрўсининг ошишига олиб келган.

Шубҳасиз, дунё мамлакатларида аҳолининг қашшоқлашуви экстремистик ғояларни ёйилишига туртки бўлмоқда. Яъни, терроризмнинг озиқлантирувчи асосий омиллардан бири ҳам жамиятни этарли даражада ижтимоий ҳимояланмаганлиги, дея хулоса қилиш ўринлидир.

Шунингдек, ақидапарастлик шаклидаги гуруҳларнинг жамият ичида “илдиз” отишига сабаб бўлган омиллар қаторига, аҳолининг саводхонлик (маълумоти) даражаси пастлиги ҳам унинг янада ривожланишига замин ҳозирлайди.

Ҳозирда, ушбу тоифалар аҳоли ўртасидаги табақалашув, ишсизлик каби муаммолардан “унумли” фойдаланишаяпти. Аҳолининг қуйи табақаси яшаш учун зарурий маблағни топиш йўлида уларнинг тузоғларига очиқдан-очиқ илиниб қолишмоқда.

Шуни таъкидлаш ўринлики, ақидапарастликнинг пайдо бўлиши ва ривожланишига сабаб бўлган омиллар ичида мафкуравий бўшлиқнинг таъсири алоҳида ўрин тутади. Яъни, мутаассиб кучлар ушбу омилдан жамият аъзоларининг етарли мафкуравий иммунитетга эга бўлмаганлигидан унумли фойдаланиб, уларнинг қалби ва онгига таъсир кўрсатишга уринишмоқда. Зеро, “ғоявий заифлик ва мафкуравий беқарорлик миллат бирдамлилиги ва давлатнинг қудратига путур етказади, унинг тараққиётини орқага суриб юборади”.

Бу иллат оммавий бўлганлиги, ўзининг домига кўпгина кишиларни айниқса, ёшларни тортганлиги боис, унга курашишнинг энг самарали йўли бу – унга қарши оммавий курашиш лозим ва кечиктириб бўлмас ҳақиқатдир. Чунки, Пайғамбаримиз сав: “Ким бир мункар “ёмон” ишни кўрса уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга қодир бўлмаса тили билан ўзгартирсин, шунга ҳам қодир бўлмаса уни дили билан ёмон кўрсин бу эса унинг иймони заифлигидандир”, деганлар.

Доимо огоҳ бўлиш, ҳар бир воқеа ва ҳодисага дахлдорлик ҳисси билан яшаш лозим, ҳеч кимни лоқайд, бепарво бўлишга ҳаққи йўқ. Чунки булар салбий иллатлар бўлиб, динимиз кўрсатмаларида қаттиқ қораланган.

Соф ислом ақидалари ва мазҳаб имомлари тутган йўлдан бориш, доимо билимни кучайтириш, чунки тўғри олинган илм соҳибини ҳидоятга бўлишида сабабчи бўлади.

Мана шу омилларни ҳисобга олиб, экстремистик ва ақидапараст тўдалар фаолиятининг янада кенгайиб кетиши ва тажрибасиз ёшларнинг бу иллатга аралашиб қолишининг олдини олиш мақсадида, аҳолининг иқтисодий ва демографик ҳолатини яхшилаш, ялпи меҳнатга, илм олиш ёки спорт машғулотларига жалб этиш, уларнинг вақтларини тўғри тақсимлаш лозим.

Хулоса сифатида шуни айтиш лозимки, экстремизм ва терроризм жамият хавфсизлигига, халқларнинг миллий маънавиятига реал таҳдид сифатида намоён бўлиб келмоқда.

Шундай экан, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, равнақи ва фаровонлиги доимий ва қатъий ҳаракатларни талаб этади.

Ўткир Ғузаров, «Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом билим юрти мудири