Ростгўйлик-азизлик, ёлғончилик-хорликдир
26

Ростгўйлик – эзгу хулқларнинг посбони бўлиб, ўзини ҳақиқий мўмин− мусулмон ҳисоблаган инсон ҳеч қачон ёлғон сўзламайди ва ҳеч кимни алдамайди ҳам. Негаки, ислом динининг муқаддас манбаи бўлган Қуръони каримнинг аксарият оятлари ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кўплаб ҳадиси шарифларида ростгўйликка тарғиб қилинади, ёлғондан қайтарилади.
Имом Бухорий ҳазратлари “Ал-адаб ал-муфрад” асарида Абдуллоҳ ибн Масъуддан қуйидаги ҳадисни баён қиладилар: “Набий (а.с): рост гапиринглар, чунки ростгўйлик яхшиликларга бошлайди ва бу яхшиликлар эса жаннатга йўллайди. Киши рост гапираверса, у Аллоҳ таоло ҳузурида жуда ростгўй (сиддиқ) деб ёзилиб қолади. Ёлғон гапиришдан ўзларингизни сақланг, чунки ёлғон гапириш ҳамма бузуқликларга олиб боради, бузуқлик эса дўзахга йўллайди. Киши ёлғон гапираверса, Аллоҳ ҳузурида ёлғончи бўлиб ёзилиб қолади”, деганлар. Ушбу ҳадисдан ростгўйликнинг ҳам даражаларга эга экани келиб чиқади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келмасидан ҳам илгари шу даражада ростгўй эдиларки, қабиладошлари У зотга “амин (ишончли)” деб ном берган эдилар.
“Унвон ул-баён” китобида ростгўйлик ва ёлғончилик ҳақида қуйидагича баён қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумога: “Агар гапирсанг, қисқа қил, хоҳлаганингни етказган бўлсанг, бас, энди чиранма”, дедилар.
Яна Маозга айтдилар: “Қачонки, сукут сақласанг, саломатсан, гапирсанг, гапинг ё сенинг фойдангга ёки зарарингга бўлади”.
Донишманд дейди: “Ёлғончилик дард, ростгўйлик эса даводир. Ёлғончилик хорлик, ростгўйлик эса азизликдир”.
Луқмон Ҳаким ўғлига яна айтди: “Эй ўғилчам, ёлғондан сақлан! Чунки, ёлғон динингни бузади, одамлар олдида муруватингни йўққа чиқаради, мартабангни туширади ва обрўнгни зое қилади, гапирсанг, сени эшитишмайди, сўз айтсанг, сени тасдиқлашмайди. Модомики, шундай экансан, ҳаётда сен учун яхшилик қолмайди. Ишингдаги бу ҳолдан огоҳ бўлишар экан, энди тўғри гапирсанг ҳам, сени муттаҳамга чиқаришади, шаънингни ерга уришади, сен билан ўтиришдан нафратланишади, сирларини сендан махфий тутишади, сени кўрган заҳоти сўздан тўхтайдилар, гапини яширишади, дин ишларида сендан эҳтиёт бўлишади, шахсий ҳолатлари билан боғлиқ ишларда сенга ишонишмайди. Бу дунёда инсонлар олдида шу ҳолатга тушасан, лекин охиратда Аллоҳ таолонинг азоби ва уқубати бундан каттароқдир”.
Ибн Саммок деди: “Ёлғонни тарк қилганим учун ўзимни савоб топган деб ҳисобламайман. Чунки мен ёлғондан нафратланганим учун уни тарк қиляпман”.
Яна айтди: “Агар ёлғонда хорликдан бошқа нарса бўлмаганда ҳам, унинг хунук иш эканига кифоя қилади. Қандай кифоя қилмасин, чунки ёлғонда гуноҳ ҳам бор”.
Шаъбий деди: “Ростгўйлик сенга зарар етказишини билган ўринда ҳам уни лозим тут. (Негаки, зарар бўлиб кўринаётган) ростлик, аслида сенга фойда келтиради. Сенга нафи тегадиган ўринда ҳам ёлғондан сақлан. Чунки (манфаатли бўлиб туюлаётган) ёлғон, аслида сенга зарар беради”.
“Агар ростлик сени таҳдидли ваъдалар оловида куйдирса ҳам, ростгўй бўл. Аллоҳнинг розилигини иста. Одамларни энг бадбахти бандаларнинг розилигини қозонаман деб Парвардигорининг ғазабини келтирган кишидир”.
Али розияллоҳу анҳу деди: “Аллоҳ таоло тилни шунчалик мустаҳкам қўрғон билан ўрадики, бирорта аъзо бунчалик мустаҳкам ҳибс қилинмаган. Тилнинг олдида (ўттиз иккита) тиш саф тортган, тишлар ортида иккита лаб ёпилган, ичкарида тилнинг усти кичик тилча билан қопланган, ундан ичкарида қалб турибди. Бас, Аллоҳдан қўрқ, бу маҳбусни қамоқхонасидан бўшатиб юборма. Магар қачонки, тилнинг ёмонлигидан сақланишга ишонч ҳосил қилсанг, ана ўша пайтда уни эркин қўйишинг мумкин”.
Адиблардан бири айтди:
“Маҳбуслик муддатинг чўзилишига сабаб бўлишидан олдинроқ тилингни ҳибс қилиб қўй”.
Бошқаси деди: “Ким сирини яширса, сири уни хурсанд қилади ва одамларни сирининг ёмонлигидан (яъни сири очилиши оқибатида пайдо бўладиган ёмонликдан) сақлаган бўлади. Ким тилини ҳоким қилса, уни шармандали ҳолга солади, шаънини булғайди. Тинчликни олиб қўядиган гапдан пушаймонни эргаштириб келадиган жимлик яхшироқ”.
Ҳакимлардан бири айтди: “Ёлғончи билан дўст тутиниб, ўзаро муомалаларни йўлга қўйиб бўлмайди”.
Али розияллоҳу анҳу деди: “Эр киши тилининг ўрами остига яшириндир, дўпписи остига эмас” (яъни, дўппи иссиқ ёки совуқдан сақлаши мумкин, аммо ундан ҳам каттароқ балолардан тилнинг ечилиб кетмасдан ўралиб туриши сақлайди). Тили шириннинг оғайнилари кўп. Қадрини таниган ҳалокатга юз тутмайди. Ҳар бир инсоннинг қиймати чиройли адо қилган иши билан белгиланади. Ким ўзини таниса, Яратувчисини танийди. Ким гапираётганига эмас, нимани гапираётганига қара. Интиқом билан бошқарув йўқ, маслаҳатсиз тўғрилик йўқ, ёлғончи учун одамийлик йўқ. Оғайниларингга ёмонлик етказадиган нарсани тилингга келтирма.
Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига қуйидаги ҳадис яққол далил ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, дедилар” Имом Абу Довуд ва Имом Муслим ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда эса ёлғончиликнинг нақадар жирканч амал эканини очиқ баён этилган: Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар банда ёлғон гапирса, ёлғони сассиғидан фаришта ундан бир мил нарига узоқлашади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир саҳиҳ ривоятда эса ёлғончилик мунофиқларнинг белгиларидан бири экани таъкидланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, (унга) омонат топширилса, омонатга хиёнат қилади” (Муттафақун алайҳ).
Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади: Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг: “Ёлғондан эҳтиёт бўлинглар, ёлғон албатта имондан четлатувчидир” — деганини эшитдим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир гўдак болага, мана буни ол, деса-ю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади”, дедилар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар биримиз қалбимизни поклаб, руҳиятимизни ҳар томонлама камол топиши ва маънавиятимизни юксалишига эътибор берар эканмиз, ростгўйлик-барча инсоний олий фазилатларнинг калити эканини ҳар доим ёдда тутишимиз керак.
Азамат УСМОНОВ
