Ҳушёрликни оширайлик !
17

Тинчликнинг бебаҳо неъмат экани ислом дини манбаларида такрор-такрор айтилган. Хусусан, Қуръоннинг 50 дан зиёд сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар тинчлик, эзгулик ва бағрикенгликка чақирилган. Ҳадиси шарифда эса «Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар» дея инсонлар тинчликнинг қадрига етишга, ўзаро аҳил-иноқ яшашга даъват этилади. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани бежиз эмас, албатта. Шунингдек, халқимизнинг «Қўшнинг тинч – сен тинч», «Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади» каби мақолларда ҳам тинчликнинг қанчалик бебаҳо неъмат экани эътироф этилади.
Минг афсуски, дунёнинг айрим ҳудудларида қонли тўқнашувлар, тўс-тўполонлар содир бўлмоқда. Айниқса, Ироқ ва Суриядаги динимиз душманлари қўлида қўғирчоқ бўлаётган бир тўда террорчилар томонидан қилинаётган қўпорувчиликлар, хунрезлик ва босқинчиликлар ҳар қандай кишининг қалбини ларзага солади.
Худкуш террористлар қўллаётган «Шаҳидлик камари» бидъатчилар томонидан ишлаб чиқилган уйдирма сўз бўлиб, бундай атамага шариат таълимотида ҳеч қандай ўрин йўқ. Портловчи моддаларни ўз белига боғлаб, ваҳшиёна жиноятларни содир қилишга шайланган одам исломият ва инсониятга қарши жиноят воситасини белига боғлаган бўлади. Қотиллик қуроли ва жиноят воситаси бўлмиш портовчи белбоғини ҳеч қачон шаҳидлик аломати деб ҳисоблаш мумкин эмас.
Аслида эса, инсонни жонига қасд қилиш энг катта гуноҳлардан биридир. Аллоҳ таоло Моида сурасининг 32-оятида марҳамат қилади: «Шунинг учун ҳам Бану Исроилга: «Ким бир жонни бирор жон сабабисиз ёки ер юзида бузғунчилик қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдиргандек бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», – деб ёздик. Батаҳқиқ, расулларимиз уларга очиқ-ойдин ҳужжатлар олиб келдилар. Сўнгра, ўшандан кейин ҳам улардан кўплари ер юзида ҳаддан ошувчилардан бўлдилар».
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Кимки бир мўмин-мусулмонни қасддан ўлдирса, ўз жойини жаҳаннамдан белгилаб қўйсин», дея марҳамат қилганлар.
Террористик оқимларнинг асл мақсади барқарорлик эмас, балки, муқаддас ислом дини ниқоби остида талончилик ва босқинчилик, террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этиш, жамиятга ҳар томонлама зарар етказиш орқали кишилар, айниқса ёшлар орасида миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятларини шакллантиришдан иборат экани бугунги кунда ҳеч ким сир эмас.
Бугунги кунда дунё миқёсида ҳамон нотинчлик кузатилмоқда. Сиёсий курашлардан тортиб, терроризм, экстремизм, наркобизнес, қурол-яроғ савдоси каби иллатлар дунё тинчлиги ва барқарорлигига, халқларнинг тинч-тотув яшашига таҳдид қилмоқда. Қўшни Афғонистон, Яқин Шарқ, Араб мамлакатлари ва ер юзининг бошқа нуқталаридаги тўқнашувлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида турли хабарлар тарқатилмоқда. Бундай вазиятдан тўғри хулоса чиқариш, огоҳ бўлиш бугунги куннинг долзарб вазифаси эканлиги барчамиз яхши англашимиз ва ҳушёрлигимизни оширишимиз лозим бўлиб қолмоқда.
Ўткир ҒУЗАРОВ
«Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом билим юрти мудири
