Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар фасодчилардир, лекин сезмаслар.

28

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сураси 11-12 оятлар шундай марҳамат қилади.

11. Ва агар уларга, ер юзида фасод қилманг, дейилса, биз фақат ислоҳ қилувчилармиз, дерлар.

Мунофиқлар ўз табиатларидан келиб чиқиб, ер юзида фасод ишлар–кофирлик, гуноҳ, бузуқлик, зулм қиладилар. Агар уларга бу номаъқул ишлари эслатилиб, «ер юзида фасод қилманг», дейилса, улар мазкур номаъқул ишлардан қайтиш тугул, балки баланддан келадилар ва:

«Биз фақат ислоҳ қилувчилармиз», дейдилар. Яъни, қилаётган фасодларини ислоҳ–яхшилик деб даъво қиладилар.

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан  ривоят қилишларича, у киши ушбу оятни ўқиб туриб, бу оятнинг аҳли ҳали-ҳануз келганлари йўқ, деган эканлар.

Аммо бизнинг вақтимизга келиб, улар ер юзини босиб кетдилар. Исломдан хабарлари йўқ, қалбларида иймондан заррача ҳам йўқ, қилган ишлари дину диёнатга, мўмин-мусулмонларга қаршиликдан бошқа нарса эмас-ку, лекин, мен мусулмонман, Қуръонни ўқиб чиқдим, Каъбани зиёрат қилдим, у қилдим-бу қилдим, деб ўзини ислоҳчи сифатида эълон қилади.

Аммо уларнинг гаплари пуч. Аллоҳ ҳаммасини кўриб-билиб туради. Уларнинг асл баҳосини У зотнинг Ўзи беради.

12. Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар фасодчилардир, лекин сезмаслар. (тафсири ҳилолдан)

Ҳозирги кунда ҳадис бор бўлгандан кейин фиқҳ ва фақиҳнинг нима кераги бор дейдиганлар, муҳаддисларнинг ҳаётларига ва уларнинг мазҳабларига назар солсин.

Ўз даврининг энг йирик муҳаддиси, Мадинаи Мунавварада Расули Акрам ётсалар мен қандоқ қилиб, улов миниб юраман, деб шаҳарда доимо пиёда юрган имом Молик р.а нинг «Муватто» китоблари «Сиҳоҳи ситта»нинг бири бўлишга номзод, агар шундай бўлса, Бухорий ва Муслимлар китобларидан кейин учинчи китоб бўлиши муқаррар. Лекин шундай буюк муҳаддис ҳам ҳадис туриб, фиқҳнинг нима кераги бор демай, эътироф қилинган тўрт фиқҳий мазҳаблардан бирига асос солдилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал эса, ҳадис илмининг уммони бўлганлар. У кишининг ҳадисдаги «Муснад» китоблари энг мўътабар китоблардан ҳисобланади. У киши бу китобда келтирган қирқ минг ҳадиси шарифни етти юз эллик минг ҳадисни матнини ва уларнинг сон-саноқсиз ровийларини ўрганиб чиқиб танлаганлар.

Имом Аҳмаднинг «Муснад»ларида Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг китобларида ҳам учрамайдиган саҳиҳ ҳадислар бор.

Лекин «мен муҳаддисман, етти юз эллик минг ҳадисни яхшилаб ўрганиб чиқдим. Ичидан қирқ мингини танлаб олиб, «Муснад» китобимни туздим. Энди менга фиқҳнинг кераги йўқ», деб қайсарлик қилмадилар. Аксинча, фиқҳнинг ашаддий тарафдорларидан бўлиб, тўрт фиқҳий мазҳабдан бири бўлган Ҳанбалий мазҳабини туздилар.

Қолган муҳаддислар ҳам фиқҳий мазҳабларга тобе бўлишни ўзларига ор билмаганлар. Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий каби энг саҳиҳ ва энг мартабали ҳадис китобларининг мусаннифлари ҳам Шофеъий мазҳабида бўлганлар. Бошқа муҳаддислар ҳам шу қабилда иш тутганлар.

Имом Шофеъий ҳам ўткир муҳаддис бўлганлар. Ҳадис илмида «Муснад» номли китоблари бор. Лекин фақиҳ сифатидаги шуҳратлари муҳаддислик шуҳратларидан устун бўлган.

Баъзиларимиз Имом Аъзам Абу Ҳанифа муҳаддислик бобида энг олий даражада туришлигини, ҳофизлик мақомига етган зот эканликларини билмасак керак. Лекин у кишини ҳам ҳадис бобида маломат қиладиганлар топилади. Ҳолбуки, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳадисда ҳофиз бўлишлари билан бирга «Муснад» китобини ҳам ёзганлар.

Кўриниб турибдики, ҳадис билан фиқҳ бир бирига чамбарчарс боғлиқ илмлардир. Бирини олиб, иккинчисини четга суриб қўяман, деган одам хато қилади. Шунинг учун ҳам ўтган уламолар бу икки илмни баробар пухта эгаллашга ҳаракат қилганлар. Фақат ҳадисда катта муваффақиятга эришганлар ҳадис илми имомлари, фиқҳда кўпроқ шуҳрат топганлари фиқҳ имомлари бўлиб танилганлар.

Демак, фиқҳий мазҳабга амал қилиш ҳадисни қўйиб, бировнинг фикрига юриш, дегани эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни қўйиб, Абу Фулонга эргашиш дегани эмас. Аксинча, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўр-кўрона эмас, оқилона ва ўзлари кўзлаган маънода эргашишдир.

Суннатда келган ҳар бир нарса фарз ёки вожибми? Ёхуд суннат-мандуб ёки мустаҳабми? Суннатда ман қилинган нарсалар ҳаммаси ҳаромми ёки макруҳи ҳам борми? Агар Суннати мутаҳҳарада келган ҳамма буйруқ ва кўрсатмалар фарз бўлса, нима учун фарз? Агар вожиб ёки суннат бўлса, нима учун шундай? Агар Суннатда келган ҳукмлар фарз, вожиб, суннат, мандуб, мустаҳаб, ҳаром, ҳалол, макруҳ кабиларга бўлинадиган бўлса, уларни қандоқ қилиб ажратиб оламиз? Шу ва шунга ўхшаш саволларга фақиҳларимиз муфассал жавоб берганлар.

Шундай экан, бирорта ҳадисни санади билан тўлиқ ёд билмай туриб, юз минглаб ҳадисларни санади билан ёд билган, уларни ҳамма жиҳатдан синчиклаб ўрганиб чиққан муҳаддислардан ўзимизни юқори қўймайлик. Уч-тўрт ҳадис маъносини чала-чулпа тушуниб олиб, ўтган азиз уламоларга тош отиб, айюҳаннос солмайлик, ҳаддимизни билайлик.

Аллоҳ таоло барча ўтган муҳаддис ва фақиҳларимизни жойларини жаннатдан қилсин. Бугунги кунда ҳадисларни носих ва мансухлигини билмай ёки зоҳирига қараб, аслини билмай фатво бериб, мўмин мусулмонлар ўртасида ихтилофга сабаб бўлаётганларга айтамизки, Илм билан одамларни ўзингизга қаратиб, шуҳрат топишга уринманг, Аллоҳ берган илмга амал қилиб, у билан Аллоҳ таолонинг розилигини топиш ҳаракатини қилинг.

Зеро, «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни фақат дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди», деганлар».

 

Манбалар асосида Азамат Усмонов тайёрлади