ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ – ДИНИМИЗ ШИОРИ
24

Маълумки, жаҳолат ва жоҳилликнинг давоси – бир қанча бўлиб, улардан энг асосийси – китоб ўқишдир. Дарҳақиқат, китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман васвасаларни киши онгидан қувиб чиқаради. Китоб –ҳаётнинг қоронғу йўлларини ёритиб борувчи чироқдир! Кўп китоб ўқийдиган инсон ҳаётда улкан муваффақиятларга эришади. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ! Шунингдек, жаҳолатдан кўра зарарлироқ нарса ҳам йўқ!
Машҳур саҳоба ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу шундай деганлар: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”.
Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали Парвардигорларини танийдилар. Дунё ва охиратларини илм билан обод қиладилар.
Ҳасан ибн Саҳл раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Маъмун ухлаганда атрофида китоблари турар эди. Ухлашдан олдин ҳам китоб ўқир, уйқудан уйғониб кетганида ҳам китоб ўқир эди. У шундай деб кўп насиҳат қилар эди: “Ёлғизлик ғурбатини китоб ўқиш билан енггин. Зеро, китоблар сўзлагувчи тиллар ва тикилиб турувчи кўзлардир”.
Буюк аждодимиз Амир Темур ҳам: “Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”, – деганлар.
Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд Ас-Сижистоний кийим тиктирганларида енгини кенг қилиб тиктирар эканлар. Чунки унга китоб солар эканлар. У киши кўп китоб ўқишни яхши кўрар эдилар. Қаерга бормасинлар, албатта ўзлари билан бирга китобларини олиб юрар, бўш вақт топилди дегунча енгларидан китобларини олиб ўқир эканлар.
Уламолардан бирлари: “Агар биз китоб ўқишдан топаётган лаззатни мулкдорлар билсалар эди, уни биздан тортиб олишарди”, – дер эди.
Маълумки, динимиз – илм ва маърифат дини. Илм талаб қилишни фазилати ҳақида кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд. Жумладан: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Илм излаш – ҳар бир мусулмонга фарздир” (Имом Ибн Можа ривояти). Илм икки қисмга бўлинади: Фарзи аъйн ва фарзи кифоя.
Киши жаҳолатдан қутилиш мақсадида илм талаб қилиши учун албатта ёш бўлиши шарт эмас, балки қайси ёшда бўлишидан қатъий назар, илмли бўлишга ҳаракат қилиш керак. Чунки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимнинг ажали илм талаб қилаётган вақтида етиб қолса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида у билан пайғамбарлар ўртасини фақат пайғамбарлик даражасигина ажратиб туради” (Имом Табароний ривояти).
Илмсизлик ва жаҳолат – жамиятимизнинг энг катта душмани, айни пайтда жамият учун – катта офатдир. Ислом дини илм-марифатга тарғиб этиб, оламни нурга тўлдиришидан олдинги даврни бежизга жоҳилият даври деб аталмаган. Йиллаб давом этадиган урушлар, қон тўкишлар, бой-бадавлат кишилар томонидан фақиру муҳтожларнинг мудом эзилиши, судхўрлик, зинокорлик, ҳаромхўрликнинг авжига чиқиши, будпарастлик, оташпарастликнинг муқаддаслаштирилиши айни жоҳилият даврининг энг кўзга кўринган жиҳатлари эди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай ҳаёт кечираётган кишиларни илму маърифат билан бир ота-онадан туғилган биродарлардек аҳил ва иноқ кишиларга айланишларига сабаб бўлдилар. Натижада, илм-фан ва маданиятда бутун дунёга ўрнак ва устоз бўладиган авлодлар етишиб чиқди. Хусусан, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан илм-фаннинг барча соҳасида пешқадам бўлган улуғ алломалар ҳозирги замон авлодлари бўлмиш – бизларнинг фахру ифтихоримиз саналадилар.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунимизда ҳам илм-марифатни қўйиб, жаҳолат йўлини тутган кимсалар ҳам йўқ эмас. Маърифат дини бўлмиш Ислом динидан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланаётган кучлар илмсиз ёшларни йўлдан уриб, жаҳолат гирдобига тортаётгани сир эмас. Минглаб ёшлар турли оқимларнинг таъсирига тушиб, ана шундай жаҳолат қурбонига айлангани ҳам барчага маълум. Шунинг учун ёшларни илм олишга ундаш, китоб ўқишга тарғиб этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бўлиб қолмоқда.
Фарзандларни тарбиясига биринчи навбатда масъул шахс эса – ота ҳисобланади. Шундай экан, фарзандларимизни ҳам китоб ўқишга ўргатайлик. Уларни бўш вақтларини китоб ўқиш, илм-маърифат ҳосил қилиш ва касб-ҳунар ўрганиш каби фойдали ишлар билан машғул қилиш – биз, ота-оналар, зиммамизда эканини зинҳор унутмаслигимиз лозим.
Аллоҳ таоло юртимизнинг тинчлиги ва фаровонлигини, халқимизнинг илм ва маърифатини бунданда зиёда айласин! Барчамизни ўқимишли ва китобсевар инсонлардан бўлишимизни насиб этсин…
Музаффар Қосимов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти маънавий -маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
