Миссионерлик ва унинг мақсадлари

33

Миссионерлик ҳақида гап кетар экан, ушбу тушунчанинг луғавий ва истилоҳий маъноларини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида қайд этиш лозим.

Ушбу сўз лотин тилидаги “missio “ сўзидан олинган бўлиб, “юбориш”,  “вазифа топшириш”, миссионерлар эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Жумладан, ҳар йили қайта нашр этиладиган  “world Book” (жаҳон китоби) энциклопедиясида “Миссионерлар бирор диний гуруҳ томонидан бошқаларни ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган инсон”,-деган фикр қайд этилган. Демак, миссионерлик — бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади. Миссионерлик билан бир қаторда прозелетизм ҳам тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга қаратилган ҳаракатларни англатади. У ўз моҳиятига кўра миссионерликнинг таркибий қисми ҳисобланади.

Бугунги кунда миссионерликни христианлик динининг протестантлик оқимида вужудга келган айрим секта, диний ташкилотлар ғояларини “Евангел христиан баптистлари”, “Исо Масиҳ” прозелитик гуруҳлари, Буддизмда “Кришнани англаш” диний ташкилоти харакатида кенг тарғиб этилиши фаолиятида кўриш мумкин.

Ёшларимиз онгига таъсир ўтказишга ҳаракат қилаётган яна бир миссионерлик оқими «Иегово шоҳидлари»дир. Ушбу оқимга Чарльз Тейз Рассел (1852-1916) томонидан асос солин­ган. Оқимнинг диний таълимоти унинг етти томлик «Муқаддас ёзувларни ўрганиш» китобига асосланади. Ушбу оқимга мансуб ёшлар ҳар қандай давлат мадҳиясини иж­ро этишдан, армияда хизмат­ қилишдан ва сайловларда қатнашишдан бош тортишади. Иеговочиларнинг қон қуйишга қаршилик кўрсатишлари натижасида эса бе­морлар ҳалок бўлган ҳолатлар учрамоқда.

Иегово Шоҳидлари миссионерликка катта эътибор берадилар. Жамоа пайдо бўлган даврдан бошлаб асосан уйма-уй юриш ва адабиётлар тарқатиш билан ўзларига янги эътиқодчилар жалб қилишни бошлаган. Ҳозирги кунга келиб миссионерлик билан шуғулланувчи аъзолар сони 700 мингдан ошиб кетган. Миссионерлик фаолиятини молиявий қўллаб қувватлаш ва адабиётларни нашр этиш учун “Қўриқчи минора, библия ва брошюралар жамияти” (1882) тузилган. Инжилнинг маҳаллий тил ва лаҳжаларга таржима қилиниши ва текинга тарқатилиши ташкилот ҳаракатининг энг бошида келмоқда.

Бундан ташқари даъват қилинаётган шахсларнинг савиясига мос китоб, рисола  ва шу кабиларни етказишга катта аҳамият берилади.  Ташкилот томонидан 25 млндан зиёд ададда “Қўриқчи минора”, “Уйғонинг” журналлари нашр этилмоқда. Шунингдек, ташкилотнинг “Фарзандларингизга таълим беринг”, “Сиз Худонинг дўсти бўлишингиз мумкин”, “Ҳақиқий имон қалбда бўлади”, “Яҳовага қайтинг” номли даврий журналлари ҳам чоп этилмоқда.

2006 йилдан “Қўриқчи минораси” журналини ўзбек тилида ҳам чиқариш бошланди. Ушбу нашрлар асосан миссионерлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилгани учун уларни юртимиз ҳудудига олиб кирилишига йўл қўйилмаяпти.

Миссонерлик фаолиятини Иегово Шоҳидлари асосан тўрт босқичда амалга оширадилар:

1. Даъватларга заррача бўлсада мойиллик билдирган, “қизиққан” одамларни қидириш;

2. Уларни таълимотни қабул қилишга тайёрлаш;

3. Даъват қилинаётган одамнинг онгига Библия курслари ва унинг матнини ўрганиш орқали диний таълимотларини сингдириш;

4. Прозелитларни сув билан чўқинтириш, уларни тарғиботчилик (миссионерлик) фаолиятига тайёрлаш.

“Иегова шоҳидлари” ўз фаолиятларини амалга оширишда интернетнинг ижтимоий тармоқларидан фаол фойдаланмоқда. Ташкилотнинг www.jw.orgинтернет сайти дунёнинг 784 хил тилида фаолият олиб бормоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, республикамизда расман рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатаётган ноисломий диний конфессияларга мансуб жамоалар талайгина.­ Умумий аҳоли сонининг 3-4 фоизини ташкил қиладиган фуқаролар учун шунча имконият яратиб берилгани қонунларимиз нечоғлик демократик тамойилларга асосланганининг исботидир.

Бироқ қонунларимизни нодемократик деб жар солаётган миссионерларнинг даъволари одамларни чал­ғитиш, уларнинг кўнглига ғулғула солишдан бошқа нарса эмас. Дин, унинг моҳияти, инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни ҳақида чуқур маълумотга эга бўлмаган одамлар фикрини ўзгартириш, уларга бир динни ёмон кўрсатиб, бошқасини яхши деб талқин қилиш ҳамиша осон. Миссионерлар асосан таъсирчан ваъзлари орқали айнан билимсиз кишиларни чалғитишга ва таклиф этилаётган динни қабул қилишга даъват этадилар. Оқибатда эса оми инсонлардан таш­кил топган турли секталар, оқим ва диний жамоалар мамлакатда тартибсизликларни келтириб чиқаради.

Табиийки, инсон табиати ахборот олишга мойил. Ўз вақтида тўғри ахборот етказиб берилмаса, жамиятда ғоявий бўшлиқ пайдо бўлади. Бундай эҳтиёж маърифат, тўғри йўлга бошловчи ғоя билан қондирилмаса, четдаги ёвуз кучлар шу заҳоти ишга тушади.

Миссионерлик ҳаракатида яна бир ҳолатини алоҳида ажратиш лозим. Бу маълум бир ижтимоий қатламни ажратиб олиш ва билан мақсадли иш олиб бориш. Жумладан, ёшлар билан ишлашнинг турли миссиялари мавжуд бўлиб, улардан бири болалар учун христиан лагерларини ташкил қилиш.

Миссионерлик билан фаол шуғулланувчи «Иегов шоҳидлари» сектасида таъсир этиш механизмлари аниқ ва лўнда қилиб ишланган. Бу йўналиш 19-асрнинг 70-йилларида АҚШда вужудга келган. Бугунги кунда жаҳоннинг турли мамлакатларида 100 га яқин бўлинмаларига эга. Бу ташкилот қатъий марказлашган бўлиб, унинг бошқарувчи раиси чекланмаган ҳокимиятга эга. Юқоридан пастга кўрсатмалар ва адабиётлар, пастдан юқорига ҳисоботлар юбориб турилади.

Мутахассисларнинг айтишича, «Иегов шоҳидлари» сектаси аъзолари жалб этишнинг 86 хил усулидан фойдаланар эканлар.

Африка халқлари ўртасида машҳур бир гап юради: “Миссионерлар бизнинг ёнимизга келганида уларнинг қўлида Инжил, бизнинг қўлимизда ер, мол-мулк бор эди. Бироз вақтдан сўнг бизнинг қўлимизга Инжил, уларнинг қўлига ер, мол-мулк ўтди”.

Моида сурасининг 3-оятида эса: “…Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун исломни дин бўлишига рози бўлдим…”,-деб марҳамат қилади.

Аллоҳ таоло “Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги (ҳақ) дин Исломдир”(Оли Имрон 19-оят),-деб марҳамат қилади. Яна, Оли Имрон сурасининг 85-оятида эса: “Ким Исломдан бошқа динни истаса, ундан(ўша дин ёки ибодати) ҳаргиз қабул қилинмайди”,-деб огоҳлантиради.

Аччиқ бўлсада шуниси ҳақиқатки, Ислом динини қўйиб, насроний бўлиб кетаётганларни динимизда муртад (диндан қайтган) дейилади(Аллоҳ ўз паноҳида асрасин) ва улар тўғрисида бир қанча ҳукмлар жорий бўлади: ундай кишиларнинг мусулмон қариндошларидан мерос олишга ҳаққи бўлмайди, улар мусулмон аёлларга уйлана олмайди, агар мусулмон хотини бўлса, ўрталарига талоқ тушади, вафот этса, жаноза  ўқилмайди ва мусулмонларнинг қабристонига дафн этилмайди, сўйган ҳайвонининг гўшти ҳаром бўлади.

Бугунги кунда миссионерлик йўли билан инсонларни Аллоҳнинг динидан қайтараётганлар ҳамда уларга кўр-кўрона эргашаётганлар инсоний фитрат ва соф ҳис-туйғулардан маҳрум бўлган, ҳою-ҳавасларига эргашаётган кишилардир.

Ўткир Ғузаров

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири