Ақиқа нима ва у қандай ўтказилади?

Ўзининг муқаддас каломи шарифида “…Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай” деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.
Ўзининг муборак ҳадисларида “Ҳар бир бола ақиқаси билан гаровлангандир. Ундан еттинчи куни (жонлиқ) сўйилади, сочи олинади ва исм қўйилади” деган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дуруду саловатлар бўлсин.
Фарзанд ато этиш Аллоҳ таолонинг ихтиёрида бўлгани учун ҳатто, пайғамбарларга ҳам бир хил жинсда ёки бир хил миқдорда фарзанд бермаган. Масалан, Лут ва Шуайб (а.с.)ларга фақат қиз фарзандлар, Иброҳим (а.с.)га фақат ўғил фарзандлар, Муҳаммад (а.с.)га ҳам қиз, ҳам ўғил фарзандлар, Яҳё ва Исо (а.с.)ларни эса фарзандсиз бўлишларини ирода этган.
Бу илоҳий тақсимот бандаларининг синови учундир. Бинобарин, бандасидан неъматга шукр ва мусибатга сабр матлубдир.
Оилада янги чақалоқ таваллуд топгач, она ва бола соғ-саломат эканлари ва фарзанд неъматига шукрона ўлароқ Исломда чақалоққа ақиқа қилиш жорий қилинган. Бу хусусда ҳадиси шарифларда етарлича кўрсатмалар келган.

 عَنْ سَلْمَانَ بْنِ عَامِرٍ الضَّبِّيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَعَ الْغُلاَمِ عَقِيقَةٌ فَأَهْرِيقُوا عَنْهُ دَمًا وَأَمِيطُوا عَنْهُ الأَذَى. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَصْحَابُ السُّنَنِ وَالدَّارِمِيُّ وَأَحْمَدُ.

Салмон ибн Омир аз-Зоббий разияллоҳу анҳу ривоят қилади.
“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: (Ҳар бир) бола билан ақиқа (бор)дир. Бас, унинг учун қон чиқаринг ва ундаги нопокликни кетказинг!” деб айтганларини эшитганман” (Бухорий, Сунан соҳиблари, Доримий ва Аҳмад ривояти).
Демак, чақалоқ туғилганида унинг номидан қон чиқариш ва ундаги нопок, азият берувчи нарсаларни кетказиш, болани поклаш лозим. Бошқа ҳадиси шарифларда ушбу маросимни бола етти ёки ўн тўрт ёки йигирма бир кунлик бўлганда амалга ошириш кераклиги айтилган. Бу ерда “қон чиқариш” деб умумий маънода айтилаётган бўлса ҳам, бошқа ривоятларда ақиқа учун қўй сўйиш кераклиги айтилган.

   عَنْ يُوسُفَ بْنِ مَاهَكَ أَنَّهُمْ دَخَلُوا عَلَى حَفْصَةَ بِنْتِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ فَسَأَلُوهَا عَنْ الْعَقِيقَةِ فَأَخْبَرَتْهُمْ أَنَّ عَائِشَةَ أَخْبَرَتْهَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَمَرَهُمْ عَنْ الْغُلاَمِ شَاتَانِ مُكَافِئَتَانِ وَعَنْ الْجَارِيَةِ شَاةٌ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Юсуф ибн Моҳакдан ривоят қилинишича, улар Ҳафса бинти Абдураҳмоннинг олдига киришганида ундан ақиқа ҳақида сўрашган. Шунда у Оиша разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга ўғил бола учун бир-бирига ўхшаш иккита қўй, қиз болага битта қўй (сўйиш)ни амр қилганларини айтганини маълум қилди (Термизий ривояти)
Мазкур ривоятда ўғил болага иккита, қиз болага битта қўй сўйиш алоҳида таъкидланмоқда. Албатта, имкони бўлганлар шундай қилади. Аммо имкони йўқ кишилар ўғил болага ҳам худди қиз болага сўйгани каби битта қўй сўйсалар бўлади. Энг муҳими чақалоқ номидан ақиқа қилинса бас.
Бизда ақиқа қилиш деганда қўй сўйиб, маросим ўтказиш, одамларни чақириб, амру-маъруф қилиш, кетидан таом улашиш назарда тутилади. Бу ҳам яхши. Аммо ақиқада меҳмон кутиш шарт қилинмаган. Жонлиқ сўйиб уни яқин қариндош ва қўшниларга улашиш ҳам мумкин. Ақиқада алоҳида йиғин қилиб, меҳмондорчилик қилиш талаб этилмайди. Муҳими чақалоқ номидан жонлиқ – қўй сўйиш керак.

عَنْ عُبَيْدِ اللهِ بْنِ أَبِي رَافِعٍ عَنْ أَبِيهِ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَذَّنَ فِي أُذُنِ الْحَسَنِ بْنِ عَلِيٍّ حِينَ وَلَدَتْهُ فَاطِمَةُ بِالصَّلاَةِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ

Убайдуллоҳ ибн Абу Рофеъ отасидан ривоят қилади.
“Мен Фотима Ҳасан ибн Алини туққанида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қулоғига азон айтганларини кўрганман” (Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ривояти
Ушбу ривоятга кўра, янги туғилган боланинг қулоғига азон айтиш энг биринчи қилинадиган вазифалардан саналади. Зеро, чақалоқнинг қулоғи азон билан, Аллоҳнинг зикри билан очилса, унинг келажакда мўмин қобил фарзанд бўлиши эҳтимоли кўпроқ бўлади. Одатда азон айтилганида чақалоқнинг танглайи кўтарилади ва унинг ҳаққига дуолар қилинади. Ана ўша иш гўдак учун жуда муҳим саналади. Бизда тик турган ҳолда қиблага юзланганча чақалоқнинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтиш урф бўлган. Бу иш бошқа ривоятлардан келиб чиқиб жорий қилинган.

 عَنْ أَبِي بُرْدَةَ عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: وُلِدَ لِي غُلاَمٌ فَأَتَيْتُ بِهِ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَسَمَّاهُ إِبْرَاهِيمَ فَحَنَّكَهُ بِتَمْرَةٍ وَدَعَا لَهُ بِالْبَرَكَةِ وَدَفَعَهُ إِلَيَّ وَكَانَ أَكْبَرَ وَلَدِ أَبِي مُوسَى. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو يَعْلَى وَابْنُ سَعْدٍ.

Абу Бурда Абу Мусодан ривоят қилади
“Мен фарзандли бўлдим ва уни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб бордим. У зот ўғлимга “Иброҳим” деб исм қўйдилар ва танглайини хурмо билан кўтардилар. Кейин унга барака сўраб дуо қилдилар ва менга узатдилар. У Абу Мусонинг катта фарзанди эди” (Бухорий, Муслим, Абу Яъло ва Ибн Саъд ривояти).
Ушбу ривоятда янги туғилган чақалоққа қилинадиган баъзи ишлар келтирилмоқда. Булар: болага яхши исм қўйиш, унинг танглайини кўтариши (бу хурмо ёки ширинлик билан бўлгани афзал) ва чақалоқ ҳаққига яхши дуолар қилиш. Мазкур ҳадисга биноан бундай ишларни қавмнинг ёши улуғ, кўпни кўрган ва тақволи кишиларга қилдириш керак.
Саҳобалар фарзандли бўлишса, хурсандчилик билан болани Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келишар, агар исм қўйишмаган бўлса, у зот чақалоққа чиройли ва маънодор исм қўяр, ҳаққига дуо қилар, танглайини кўтарар эдилар. Бу ишлар чақалоқнинг соғ-омон катта бўлиши, яхши инсон, комил мўмин бўлиб етишишида муҳим омиллардан саналади.

Қодиров Омон 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси