Илмдан бебаҳра қолмайлик!

Одам болаларини бутун оламга илм ва амал билан афзал қилиб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин.
Араб ва ажамнинг саййиди Муҳаммадга ва у кишининг аҳли байтига ҳамда ҳикмат ва илм булоқлари бўлмиш саҳобаларига саловат ва саломлар бўлсин.
Ҳар қандай касбу ҳунар тинимсиз меҳнат ва саъй ҳаракат билан ўрганилгани каби, дунё ва охиратда инсонни азиз ва мукаррам  қиладиган илмга ҳам саъй ҳаракат ва тинимсиз изланиш билан етилади. Бунга ўтган буюк олимларнинг ҳаётлари ёрқин далилдир. Уларни ота-оналари ёшлигиданоқ тарбиялаб, илм ўргатганлар. Шу ўринда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сўзлари ёдга келади.

أَنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ ، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم : مَا مِنْ مَوْلُودٍ إِلاَّ يُولَدُ عَلَى الْفِطْرَةِ فَأَبَوَاهُ يُهَوِّدَانِهِ ، أَوْ يُنَصِّرَانِهِ ، أَوْ يُمَجِّسَانِهِ كَمَا تُنْتَجُ الْبَهِيمَةُ بَهِيمَةً جَمْعَاءَ هَلْ تُحِسُّونَ فِيهَا مِنْ جَدْعَاءَ ثُمَّ يَقُولُ {فِطْرَةَ اللهِ الَّتِي فَطَرَ النَّاسَ عَلَيْهَا لاَ تَبْدِيلَ لِخَلْقِ اللهِ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ}.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат-соф табиат ила туғилади. Ота-онаси эса уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?” дедилар.
Сўнгра Абу Ҳурайра “Агар хоҳласангиз: “Аллоҳнинг одамларни яратган фитратидир. Аллоҳнинг яратишини ўзгартириш йўқ. Ана ўша, энг тўғри диндир», деган оятни ўқинг”, дер эди”.
Бу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, боланинг қандай инсон бўлишига ота-онанинг хизмати катта экан. Боланинг диёнатли, илмли, маърифатли бўлиб шаклланишида ота-она ўз тарбияси билан муҳим ўрин тутади. Ота-онага Аллоҳ томонидан берилган энг улуғ неъматлардан бири фарзанддир. Ўша неъматнинг қадрига етиш эса, уни берувчи Зот яратган соф табиат ила Аллоҳнинг динида юрадиган ҳқиқий мусулмон  қилиб тарбиялашдир. Бу ота-онанинг бурчи бўлиб, ҳар бир ота-она шу масъулиятни тўлиқ ҳис қилиши, ушбу ҳадисда айтилган тарбиянинг аҳамиятига катта эътибор қаратиши керак.
Ҳозирги кунда айрим ёшлар ота онасининг этиборсизлиги туфайли илм олишга ташна бўлган вақтларини кўча куйда, компютер хоналарда инсоннинг маънавиятига фойда бўлиш ўрнига зарар бўладиган ўйинлар билан ўтказмоқдалар. Баъзи ота-оналар пул топиш илинжида мактаб ёшидаги норасида фарзандига илм ўргатиш ўрнига, бозорма–бозор писта сотишга ўргатмоқдалар. Ахир, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси муборакларида марҳамат қиладилар.

عَنْ زِيَادِ بْنِ الْحَارِثِ الصُدَائِيِّ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ طَلَبَ الْعِلْمَ تَكَفَّلَ اللَّهُ بِرِزْقِهِ

Зиёд ибн ас- Судаий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимки илм талаб қилса, Аллоҳ таоло унинг ризқини Ўз кафолатига олади”, дедилар.
Инсон мол-дунё билан эмас балки Аллоҳ таолонинг инсониятга хос неъмати бўлган илм билан бахт-саодатга, улуғликга, олийликга эришади. Илмнинг шарафли ва инсониятга хос эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Зеро, илмдан бошқа шужоатлилик, ботирлик, кучлилик ва меҳрибонлик каби   барча хислатларда инсон ва бошқа жонзотлар ўзаро муштаракдир. Аллоҳ таоло шу илм сабабли Одам (а.с)ни фаришталардан устун қилди ва уларга Одам(а.с)га сажда қилишларини буюрди. Илм яхшилик ва тақвога васила бўлгани учун ҳам шарафли бўлди. Албатта, инсон тақво ва яхшилик орқали Аллоҳ ҳузуридаги кароматга ва абадий саодатга эришади.
Фатҳ Мусалий: “Касалга сув ва таом берилмаса, ўладими?” деб сўрадилар. Атрофидагилар: “Ҳa,ўлади”, дeдлар. У : “Қaлбгa ҳaм уч кун илм берилмаса, ўлади” деди.
Олимлардан бири: “Ким илм ва ҳикматни қўлига юган қилиб ушласа, одамлар уни ўзига имом қилиб олади. Ким илму ҳикмат билан танилса, бошқалар унга ҳурмат билан қарайди” деган экан.
Аллоҳ таоло Мужодала сурасида шундай марҳамат қилган:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ

“Аллоҳ сизлардан иймон келтирганлар ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарадир”. (Мужодала сураси, 11-оят) 
Бу оятдан билиб оламизки  иймон келтирганлар ва илм берилганларни Аллоҳ таоло юқори даражаларга кўтариб қўяр экан. Ислом илм деганда барча илмларни кўзда тутади ва дунёвий илмларга ҳам тарғиб қилади.
Ҳакимлардан бири: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, деган экан.
Имом Шофиий: “Илм талаб қилиш нафл ибодатдан афзал”, деган.
Имом ас-Саврий: “Фарз амаллардан сўнг илм талаб қилишдан кўра афзали йўқдир”, деган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, фарзандларимиз янги ўтқазилган ниҳол кабидирлар. Агар ўша ниҳолни яхши парваришлаб, вақтида озуқасини бериб, атрофдан етадиган хавф – хатарлардан ҳимоя қилиб борилса, келажакда эгри- бугри бўлмасдан тўғри ўсади ва яхши ҳосил беради. Ёш авлодни вақтида таълим тарбиясига аҳамият берилса, кунлик ўрганган дарсларини текшириб, тушунмаган нарсаларини ўргатиб борилса, келажакда имом Бухорий, имом Мутуридий, Алишер Навоий ва Бобур сингари етук сиймолар етишиб чиқади. Барча олимлар  биринчи таълим ва тарбияни оиладан, ота-онасидан ўрганган. Шундай экан биринчи пойдевор мустаҳкам ва бақувват бўлиши керак. Шунда  унинг устига барпо қилинадиган деворлар ҳам мустаҳкам ва бақувват бўлади.

Қодиров Омон

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси