Ватан туйғуси — энг олий туйғу

 Обод ва озод Ватанимиздаги бугунги тинч ва осуда ҳаёт, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик бебаҳо бойлигимиздир. Халқимиз азалдан тинчлик ва осойишталикни Ватан, она, озодлик каби муқаддас тушунчалар қаторида улуғлаб, эъзозлаб келади.

Ҳеч бир инсон Ватандан ташқарида бахт-саодат топа олмайди. Ўз юртида обрў-эътибори бўлмаган инсон ўзга юртда ҳам қадрланмайди. Эҳтимол, “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўл”, деган нақл шунинг учун айтилгандир?!

Инсондаги энг олий туйғу Ватан туйғусидир. Ўзи туғилиб ўсган она юртини жон қадар севадиган, ўзга юрт табиатидан ўз юрти табиатичалик завқ ололмайдиган, диёридаги катта-кичик ютуқлардан фахрланадиган, бутун ақл-заковати, қалб қўри, куч ва имкониятини шу замин гўзаллиги, ривожига бахшида этолган инсондагина бу туйғу намоён бўлади.

Тарихимизга бир назар ташласак, ўтган асрда туғилиб-ўсган ер учун, миллат учун, ўз миллий қадриятлари гуллаб-яшнаши учун фидоий ватаннпарвар киши “миллатчи” сифатида қораланар ёки қатағон қилинарди. Лекин ҳақиқий миллатпарвар, ватанпарвар инсонлар қандай шароит, вазият бўлишидан қатъий назар, асрлар давомида шаклланиб келган қадриятлардан юз ўгирмадилар, уларнинг авлоддан-авлодга ўтиб бориши, умрбоқийлигини таъминлаш учун курашдилар.

Бугун дунёнинг турли мамлакатларида кечаётган мураккаб жараёнлар, диний эсктремизм ва терроризм хавфининг тобора кучаяётгани ҳар биримиздан доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишни, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асрашни тақозо этади. Ақидапараст оқимларнинг муқаддас ислом динини ниқоб қилиб, унинг ғоя ва мақсадларини нотўғри талқин этаётгани, ёш авлод онгига ёт ғояларни сингдиришга уринаётгани ташвишланарлидир. Ваҳоланки, ислом дини таълимоти бағрикенг, меҳр-оқибат, одоб-ахлоққа йўғрилган тинчликпарвар ғоялари билан барқарорликка раҳна солувчи ҳар қандай иллатни кескин қоралайди ва уларга қарши маърифат билан курашишга чақиради. Инсонларни эзгулик йўлида бирлашиб, ҳамкор ва ҳамнафас бўлиб яшашга даъват этади.

Инсон жамиятда ўз ўрнини топиши учун шу жамиятдаги қонун-қоидаларга риоя қилиши лозим. Бу қонун-қоидалар гўзал ахлоқ, тартиб-интизомдир. Динимизнинг бош ғояси ҳам шу – гўзал ахлоқ, намунали ҳаёт тарзи. Лекин бугун ер юзининг турли минтақаларида муқаддас динимиз ғояларига мутлақо ёт бўлган ишлар ислом дини номи билан амалга оширилаётгани фитнадан бошқа нарса эмас.

Демак, ҳар бир инсоннинг ўз ишини сидқидилдан амалга ошириши, лоқайдлик, бепарволикнинг олдини олиши, ўз атрофида бўлаётган воқеаларга теран нигоҳ билан қараб, Ватан тинчлиги йўлида ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаши, аждодларимизга армон бўлиб қолган, биз эришган мустақиллик ва тинчлик-осойишталикни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

Шундай экан, Аллоҳ устимизга ёғдириб қўйган тинчлик-эминлик неъматининг қадрига етайлик. Ғаразли кимсаларнинг алдовига учиб, ташвиқотларига илиниб қолмайлик. Ана шунда, Яратган ваъда қилганидек, неъматларини зиёда қилаверади.

Сирожиддин ЖАҲОНОВ,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси