Ислом дини ва террор бир-бирига бутунлай қарама-қаршидир

Ислом дини тинчлик ва эзгулик динидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам биз учун ислом динини худди нурафшон йўл каби баён қилиб берганлар. Ундан фақатгина ҳалокатга йўл олган кишигина юз ўгиради. Бу диннинг асоси раҳмат ҳисобланади. Бу борада Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам; “Раҳмдилларга Роҳман раҳм қилади”,  деган  ҳадиси шарифни айтганлар.

Инсонларга раҳм-шафқатсиз, кунига юзлаб бегуноҳ одамларни ўлдираётган, юз минглаб тинч аҳолини ўз уйини ташлаб сарсон-саргардонликка солиб, қочоқлар сафига қўшилишга мажбур қилаётган террористик ташкилотларнинг охири вой бўлиб, фаолиятига чек қўйилиши муқаррар.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, одамларни Ислом динидан қўрқитиш билан шуғулланувчилар – Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган ёвуз кимсалардир. Модомики, улар ҳар қандай қабиҳ ишдан қайтмайди. Мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш, бўҳтон ёғдириш, кўп­лаб хунрезлик­лар содир этишдан ҳам тап тортмайди. Дунёда бўлаётган қўпорувчилик­лар бунга яққол мисолдир. Бундай қинғирлик­ларни қандайдир кўринмас кучлар қўлида қўғирчоқ бўлаётган исломни ниқоб қилган тўдалар зиммасига қўйиб, муборак Ислом дини билан боғлашга ҳаракат қилинади. Бу каби ҳийлаларни кимлар қилиши Қуръони каримда очиқ баён этилган: “Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир”, дейилади. (Наҳл, 105)

Ислом дини ва террор бир-бирига бутунлай қарама-қаршидир. Ислом бир инсонни ўлдириш у ёқда турсин, унга бироз озор беришдан ҳам қайтаради. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом): “Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир”, деб таъкидлаганлар.

Муқаддас динимизнинг маъри­фат­парвар ғоялари ва ҳаётбахш ўгит­ларини душманлар ўзларининг қо­ра мақсадларига етишларида тўсиқ деб билади ва уни таназзулга учратиш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилади.
Улар бу мақсад йўлида ҳар қандай ёмонликни қилишга тайёрдир.

Фундаментализм ва экстремизм асосида вужудга келиб, террорчилик усулларини қўллаётган ислом ниқобидаги турли ташкилотлар ва ҳаракатларга қарши самарали мафкуравий кураш олиб боришда, уларнинг ғайриинсоний маҳиятини англаб етиш муҳим аҳамият касб этади. Халқимиз айниқса ёшларимиз онгига таҳдид солишига ҳаракат қилаётган мазкур оқимларнинг таъсирига тушиб қолмаслик учун маънавий салоҳиятимиз етук бўлиши, ҳар биримиз доимо огоҳ бўлишимиз юрт тинчлиги халқ фаравонлиги йўлида ўз хиссамизни қўшишимиз лозим.

Ўткир Ғузаров,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус  ислом билим юрти мудири