КОРРУПЦИЯ БИЛАН БОҒЛИҚ ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТЛАРГА ҚАРШИ КУРАШ – ИСЛОҲОТЛАРИМИЗНИНГ БОШ ЙЎНАЛИШЛАРИДАН БИРИ
15

“Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз”
Ш.М.Мирзиёев
Коррупция — мансабдор шаxсларнинг, давлат xизматчиларининг ўз хизмат вазифаларини суиистеъмол қилишлари, мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, жиноят олами вакилларига воситачилик қилишларидир. Коррупция муаммолари билан шуғулланувчи “Transparency International” ташкилотининг маълумотларга кўра, айни дамда дунёда кўплаб жиноятларга сабаб бўлаётган нафс балоси, яъни коррупция ва пораxўрлик натижасида йилига бир триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилар экан. Шу боис коррупция ва пораxўрликни ҳеч иккиланмай “тараққиёт кушандаси” деб аташ мумкин. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олдида турган энг глобал муаммолардан бири саналган коррупцияга қарши курашнинг давлатлар ўртасида мувофиқлаштирилган дастурлари ва бошқа ҳуқуқий меъёрлари ишлаб чиқилган.
Ўзбекистонда мазкур иллатнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда олдини олиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилиб, бу каби жиноятчиликка нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда. Ҳукуматимиз томонидан давлат хизматчилари ва мансабдор шахсларнинг коррупция домига тушиб қолмасликларини таъминлаш, уларнинг бебошлигига йўл қўймаслик мақсадида ишлаб чиқилган бир қатор узоқ муддатли чора-тадбирларнинг ижроси доимий назоратга олинган. Бу эса ўз навбатида жиноятчиликка қарши кураш стратегиямизни белгилаб беради. Бироқ жамият ривожига хавф солувчи коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш Ер юзидаги барча давлатларда ҳамиша ва ҳамма замонда давом этган.
Аллоҳнинг каломи Қуръони каримда порахўрлик бевосита тақиқланади: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг” (Бақара сураси, 188).
Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида фуқаролик жамиятини қуришда тўғаноқ бўладиган муаммолардан бири коррупциядир, деб қайд этган. Бозор иқтисодиёти тизими кушандаси, давлатлар ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик, бизнес ҳамда инвестиция ривожида шафқатсиз тўсиқ ҳам айни шу коррупция ҳисобланади.
Энг аввало, коррупцияга қарши курашишни оиладан бошлаш даркор. Бу борада аёлларнинг роли катта, деб ҳисоблаймиз. Агар ўғрилик ёки пора ҳисобига келган луқманинг таг-илдизини аёлларимиз суриштириб билса, очиқ фикрини айтолса, эрлар ҳалол ризқни излашга тушиб, иши ва оиласида файз-барака, сокинлик ҳамда хотиржамлик қарор топиши, шубҳасиз.
Мухтасар айтганда, коррупция — тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш тегишли органларнинггина эмас, барчанинг иши бўлиши зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этган бўламиз.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти маънавий-маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
