МУСТАҚИЛЛИГИМИЗНИНГ 30 ЙИЛЛИГИ МУБОРАК!

27

Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсинки, яқин кунларда  жонажон юртимизнинг 30 йиллик мустақиллик байрамини нишонлаймиз. Ҳар бир миллатни, юртни ва ўша юртда истиқомат қиладиган инсонларни ҳур, мустақил бўлиши, эрки ва ихтиёри ўзида бўлиши бошқаларга қарам бўлмаслиги буюк бир неъматдир.

Бу доруломон кунларга етиб келишимизга сабаблардан бири, ўтган аждодларимизнинг биз ҳақимизда қилган дуолари десам, асло муболаға бўлмайди.  Уларни  “Ватан хоини”, “халқ душмани” қилиб қувғун қилганларида, оиласидан, ватанидан, ота-онасидан айириб ушбу куйга солганларида мазлум бўлган ҳолларида: “эй Қодир Эгам, бизни бошимизга келган кунларни фарзандларимизга ҳаром қилгин ва уларга доруломон кунларни насиб қилгин” деб, сўраган бўлсалар не ажаб”. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўзларининг муборак ҳадисларида, уч тоифа кишининг қилган дуоси Аллоҳнинг даргоҳида шубҳасиз қабулдир деб, уч тоифадар бири бўлган “мазлум”нинг дуосини зикр қилганлар. Чунки, уларнинг эрки ўз қўлида бўлмади, ибодатларини эмин-эркин амалга ошира олмадилар, улар таҳқирланди, бу миллатни бойлигини аёвсиз ташидилар ва дунёга илм-маърифат тарқатган бу миллатни отанг-онанг маймун бўлган деган ғояни таълимот сифатида фарзандларига дарслик қилиб ўқитдилар ва ҳакозо.

Аллоҳ таолонинг инояти ва мустақиллигимизнинг шарофати ила жуда кўплаб неъматларга сазовор бўлдик. Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида: «Агар Менинг сизларга берган неъматларимни санайдиган бўлсангизлар унинг охирига етолмайсизлар» деб, марҳамат қилган. Анашундай беҳисоб неъматларга айнан мустақиллик шарофати ила эришдик десак, тўғри бўлади. Мустақиллик шарофати ила динимизга қайтдик, динимиз таълимотларини ўрганиш ва уни халқимизга ўргатиш ҳамда аждодларимиз тарихини, улар қолдирган бой илмий меросларни ўз она тилимизда чоп этиб ўрганиш, нафақат ўзимиз балки, дуёга тараннум этиш бахтига муяссар бўлдик.

Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари, саъйи ҳаракатлари билан биргина диний соҳада амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовордир. Бу янгиликларни, ўзгаришларни кўриб, эшитиб кўзинг қувнайди, дилинг яйрайди ва беихтиёр Яратганга шукроналар келтирасан. Халқимизнинг истаклари инобатга олиниб, ўрта махсус ва олий диний таълим муассасаларининг сони ошганлиги, илмий мактабларни ташкил қилиниши, мўмин-мусулмонларимизни диний саводхонлигини ошириш мақсадида Қуръони карим ва тажвид фани ўқув курсларини очилиши, буюк аждодларимиз қўним топган қадамжоларни ободонлаштириш, уламоларимизнинг хизматларини инобатга олган ҳолда давлат мукофотларига лойиқ кўрилиши ва уларга илмий даражаларни берилиши ана шулар жумласидан. Истиқлол шарофати ила эришган ютуқларимизни санаб адоғига етиб бўлмайди. Бу ҳолатларни зикр қилишдан мақсадимиз, халқимиз қалбида ва тилида яна бир бора шукроналик туйғусини ўйғотиш.

Аллоҳ таолони бизларга берган неъматларини гапириш, зикр қилиш аслида шукроналикнинг бир кўриниши ҳисобланади. Қолаверса, динимиз таълимотларида ёмонликни гапиришдан тийилишга ва доимо яхши ишларни гапиришга тарғиб бор. Истиқлол неъмати бизга берилган омонатдир, анашу омонатни келажак авлодга шу ҳолатда етказмоғимиз ҳам фарз ҳам зиммамиздаги қарздир. Ҳар бир киши ушбу масъулиятни ҳис қилган ҳолда ҳаракат қилмоғи даркор.

Аввало Аллоҳ таолога шукрни кўпайтириш лозим бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло шукр қилувчи бандаларига неъматларини зиёда қилиб бериши ваъда қилган. Ҳар бир оила бошлиғи оила даврасида истиқлол, тинчлик каби буюк неъматлар тўғрисида фарзандларига таълим бермоғи керак. Таълимни шунчаки қуруқ гап эмас, балки дунёдаги бугунги вазият, уруш алови ёниб турган юртлар, унинг сабаблари, миллионлаб болалар ўқишдан, таълимдан бебаҳра эканлиги, таълим-тарбиядан йироқ эканлиги, очликдан ва сувсизликдан нобут бўлаётганини мисол қилиб келтириш керак.

Тинчликни, дастурхонлармиздаги тўкин-сочинчиликларни қадрига етиш исрофга йўл қўймаслик, ҳар бир ишни ақл тарозусига солиб кўриб, оқибатини ўйлаб кейин бажариш лозимлигини бод-бод уқтириш керак. Айниқса, диний таълим кишининг эътиқоди билан боғлиқ бўлганлиги учун уни ҳар кимдан ўрганиш нотўғри иш эканлигини доимо эслатиб туриш керак.  Улуғ тобиъинлардан Муҳаммад ибн Сирийн: “Албатта бу илм диндир, бас,  динингизни кимдан олаётганларингизга қаранг!” деган, эдилар. Бугунлик кунда юртимизда дунё уламолари эътироф қиладиган диний билимга эга бўлган илм аҳли, имом-хатибларимиз ва диний билимларни мукаммал олиш истагида бўлганлар учун ўқув даргоҳларимиз ҳам етарлича бўлиб, аслида бу ҳам мустақиллик шарофати ила эришган улуғ неъматдир.

Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимизни мустақиллигини даври қиёматгача давом этишини, халқимиз ушбу буюк неъматни қадрига етиб, шукрини қилиб юрмоғини насиб қилсин.

 

Ўткир МАҲМУДОВ

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси