Дунё уламолари эътирофида

Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон ўтган йиллар мобайнида дин соҳасида ўзининг янгича муносабатини шакллантирди. Бу соҳада узоқ муддатга мўлжалланган аниқ стратегиясини белгилаб олди. Диний соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда либераллашув жараёни бошланди. Хусусан, давлат томонидан маърифий исломни тарғиб қилиш, диний ташкилотлар фаолият олиб боришини енгиллаштириш, диний бағрикенгликни қўллаб-қувватлаш каби масалаларга чуқур аҳамият қаратилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳаси алоҳида устувор йўналиш этиб белгиланди.

2020 йил 19-20 февраль кунлари Давлатимиз раҳбари Туркия Президенти таклифига биноан ушбу мамлакатда бўлди. Ташриф доирасида Юртбошимиз Анқара шаҳрида Туркия Республикаси Президенти девони Халқ кутубхонасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

Нуфузли тадбирда мамлакатимиздаги ислоҳотлар ҳақида нутқ сўзлаб жумладан диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида бундай дедилар: “Азиз қардошлар! Биз илм-маърифатни кенг маънода тушунамиз. Шу сабабли юртимизда дунёвий таълим даргоҳлари билан бирга диний мактаб ва мадрасалар, илмий-маърифий марказлар ташкил этилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида кўп асрлик маърифат хазинасини ўзида мужассам этадиган, фундаментал тадқиқотлар олиб бориладиган Ислом цивилизацияси марказини бунёд этмоқдамиз. Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият кўрсатмоқда. Уларда бошқа фанлар қатори ҳадис, калом, ақида, тасаввуф, фиқҳ илмлари чуқур ўрганилмоқда. Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Тошкент Ислом маъҳади, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси сингари олий ўқув юртларида етук малакали мутахассислар тайёрланмоқда. Бу йил ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, ақида илмида мактаб яратган алломалар – Абу Мансур Мотуридий ва Абу Муин Насафийга бағишланган халқаро илмий конференциялар ўтказиш ниятидамиз. Шунингдек, улуғ аллома – насли-насаби туркиялик бўлган Абдухолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг, Баҳоуддин Нақшбанд бобомизнинг таваллуд айёмларини, Мир Араб мадрасасининг 500 йиллигини ҳам юқори савияда ўтказишни ният қилганмиз. 2020 йил Бухоро шаҳри – “Ислом маданияти пойтахти”, Хива шаҳри – “Туркий дунё маданияти пойтахти”, деб эълон қилинди. Шу муносабат билан жорий йил давомида мамлакатимизда бир қатор халқаро анжуманлар ташкил этилади. Туркиялик муҳтарам олиму уламоларимиз ушбу маданий-маърифий тадбирларнинг азиз меҳмонлари бўладилар, деб ишонаман”.

Дарҳақиқат, Президентимиз томонларидан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистоннинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бугун ижобий ўзгаришларни юртимиздаги ҳар бир инсон ўз тақдири мисолида яққол ҳис қиляпти.

Диний-маърифий жабҳада ҳам аҳамияти беқиёс ишлар амалга оширилаётганини ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Янгидан барпо этилаётган масжидлар, улуғ аждодларимиз номидаги мажмуалар, очилаётган диний таълим муассасалари, соҳада халқаро ҳамкорлик ривожланиб, чет эллик таниқли уламоларнинг диёримизга ташриф буюраётгани, нуфузли ташкилотлар билан алоқалар ўрнатилаётгани юртдошларимизга чексиз қувонч, ғурур-ифтихор бағишламоқда.

Юртимизга ташриф буюраётган нуфузли меҳмонлар ҳам олиб бораётган ишларимизни кўриб, ўз мамнунликларини билдиряпти. Жумладан, Покистон давлати муфтийси Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ Ўзбекистон заминига сафарлари чоғида “Мен ушбу заминни зиёрат қилиш тавсия этилган уч муқаддас жойдан — Масжиди ҳарам, Масжиди Набавий ва Ақсо масжидидан кейинги ўринга қўяман. Бу юртни кўриш орзу эди. Йигирма етти йил аввал Ўзбекистонга келган эдим. Ўшанда фақат Самарқандни зиёрат қилишга имкон бўлган. Бу гал Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент ерларидаги табаррук жойларни зиёрат қилишга Ҳақ таоло муваффақ қилди. Аввалги ташрифим билан бу сафарим орасида жуда катта фарқ бор. Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон моддий ва маънавий жабҳада улкан юксалишларга эришибди”, деганлари катта эътирофдир.

Шунингдек, АҚШнинг Ж.Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти президенти Фредерик Старр ҳамда институт директори Сванте Корнелл “Ўзбекистон: мусулмон дунёсидаги ислоҳотлар учун янги модель” сарлавҳали мақолада “Минтақа исломнинг эътиқодий маркази сифатида қараладиган Яқин Шарқдан қолишмаган ҳолда, тарихий, диний ва интеллектуал асосларига кўра, мусулмон дунёсининг маркази бўлишга ҳақли”, дея таъкидлаган.

Ўз навбатида бу ўзгаришлар республикамизнинг халқаро имижини янада юксалишига замин ҳозирлайди. Жумладан, 2020 йил декабрь ойида АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF) Ўзбекистонни махсус кузатувдаги мамлакатлар рўйхатидан олиб ташлади. Бу ҳақидаги хабарни АҚШ давлат котиби Майкл Помпео маълум қилган.
Хусусан, Помпео ўз баёнотда диний эркинлик бу инсоннинг ажралмас ҳуқуқи эканини алоҳида таъкидлаб, «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»да ўзгаришлар бўлганини айтиб ўтган.
«Сўнгги бир йил ичида Ўзбекистон ҳукумати эришган муҳим, аниқ ютуқларга асосланиб, Ўзбекистонни махсус кузатув рўйхатидан чиқарилганлигини эълон қилишдан мамнунман. Ўзбекистоннинг қонунлари ва амалиётдаги жасоратли ислоҳотлари бошқалар учун намуна бўлмоқда», дея Майкл Помпео республикамиз эришаётган ютуқларни эътироф этиб ўтган.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш, халқимизни маънан юксалтириш ва келажагимиз эгалари бўлган баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

 

Ў. Ғузаров,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири