Таълим ва тарбия — бугуннинг энг муҳим вазифасидир

Бугунги кунда дунё шиддат билан ўзгараётган, минтақалар ва давлатлар ўртасида сиёсий, иқтисодий ва мафкуравий курашлар тобора кескинлашаётган бир шароитда мамлакатимиз ёшларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари биз учун янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ҳар бир жамиятнинг, унда яшайдиган инсонларнинг тақдири ва келажаги албатта давлатларнинг етакчи кучлари ҳисобланмиш ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқдир.

Юртимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда. Зеро, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Абу Ҳомид Ғаззолий фарзанд тарбияси ҳақида шундай фикрларни билдиради: “Билгин! Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота ва онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта бу савобга унинг ота-онаси, муаллими ва унга тарбия берган ҳар бир киши шерикдир. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади” дейди. Бу хусусда Аллоҳ таоло Таҳрим сурасида “Эй мўъминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли оилаларингизни дўзахдан сақлангиз”, деб огоҳлантиради.

Буюк ватандошимиз шайхурраис Абу Али ибн Сино ёш авлод тарбиясининг ибтидоси қандай ва нималар билан бўлиши ҳақида қуйидагиларни айтган эди: «Ёш бола бошланғич таълим ва тилга доир қоидаларни ёд олганидан кейин у машғул бўлиши мумкин бўлган касб-ҳунар ва санъатга мойиллигига қараб, уни шунга йўллаймиз. Агар у котибликни хоҳласа, тил, хат ёзиш, нутқ сўзлаш ва одамлар билан муомала қилиш кабиларга далолат қиламиз. Албатта, бу ўринда, боланинг майли аҳамиятга эга»[1].

Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний тарбия ҳақида куйиниб бундай деган: «Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур? деган савол келадур. Бу саволга жавобан: биринчи – уй тарбиясидур. Бу Оналарнинг вазифасидур. Иккинчи – мактаб ва мадраса тарбиясидур. Бу Оталар, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур.

Фарзанд тарбияси қанчалик эрта бошланса, тарбия натижаси шунчалик самарали бўлади. Чунки эрта ёшда уларни яхшилик томон буриш осонлик билан кечади. Тарбиясизликдан вужудга келган ёмон хулқ ва одатларни кейинчалик қайта тарбиялаш йўли билан тузатиш мумкин. Аммо бунинг учун кўп меҳнат сарф қилишга тўғри келади.

Дунёга келган боланинг ҳар бир ҳаракатидан, ундаги ўзгаришлардан ота-она огоҳ бўлиши лозим. Фарзанднинг тили янги чиққан вақтда тўғрисўзлик ва ширинсуханликка ўргатилса, биринчи бор овқат еганда «Бисмиллоҳ», деб, ўнг қўлда ейиш ва озодалик сингдирилса, биринчи бор мутолаа қилганда фойдали китоб тавсия этилса, бирон-бир иллат биринчи бор содир этилганидаёқ қайтарилса, бу сабоқларга бола умрининг охиригача амал қилиб яшайди. Зеро, ота-она тарбияси бола учун умри давомида ҳамиша биринчи ва ҳал этувчи бўлиб қолади.

Ўткир ҒУЗАРОВ,

 “Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти мудири

 

[1] «Исломий тарбия ва унинг фалсафаси». Муҳаммад Атия, 197-бет.