Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

Мустақиллик шарофати билан миллий ва диний қадриятларимизга эркинлик берилиб, “Рамазон”, “Қурбон” ҳайитлари каби ибодат ва маросимларни мукаммал адо этиш, фазилатли кунлар шарофатидан кенгроқ баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлдик. Истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ инсоннинг маънавий камолоти билан боғлиқ миллий-диний қадриятларни тиклашга умумдавлат аҳамиятига молик устувор йўналиш сифатида қаралди.

Ватанимиз мустақиллиги йилдан-йилга мустаҳкамланиб, Ўзбекистонимиз халқаро миқёсда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, халқимизнинг турмуш даражаси, эл-юрт фаровонлиги янада равнақ топмоқда. Айниқса, ҳукуматимиз раҳбарияти мусулмонларнинг диний маросимларини, ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун лозим бўлган барча шарт-шароитларни яратиб бермоқда.

Юртимизда охирги йилларда барча соҳаларда бўлганидек,  диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар бўлиб, диний ибодат ва байрамларга кенг йўл очиб берилди. Бу йилги яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин. Аллоҳ таоло қалбида эзгу тилаги бўлган ҳар –бир кишини ўз мақсадига етишиштирсин.

Байрам кунларида мўминлик ахлоқи, меҳр-оқибат ва саховат кўрсатиш каби фазилатлар ёрқинроқ намоён бўлади. Ана шу қутлуғ айёмда қариндош-уруғларни, ёр-биродарларни, устозларни зиёрат қилиш, ҳол-аҳвол сўраш, ота-оналарни хурсанд қилиш гўзал фазилатлардандир.

Қурбон ҳайити кунлари муҳтожлар, фақир-мискинлар ҳолидан хабардор бўлиш, ҳақдорлар ҳақини ато этиш, инфоқ-эҳсон қилиш, болаларга ҳайитлик улашиш лозим. Фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, унинг буюклигини ҳис қила билсин, ана шунда яхши бўлади. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадриятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.

Бемор кўриш, йўқсил, қамбағаллар ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб ишдир. Шунингдек, узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки мусулмон биродарига гина қилган кишиларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак. Бундай ҳолатларда ҳайитликлар бериш ҳам орадаги гина-кудуратни кўтарилишига сабаб бўлади.

Ибн Абуддунё «Макоримул ахлоқ»  китобида қуйидаги ҳадисни келтиради: Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам ): «Бир-бирингизга ҳадялар беринг, чунки ҳадя, оз бўлсин ё кўп бўлсин, кек-адоватни кетказади ва меҳр уйғотади», – дедилар.

Таниш-билиш, ёру дўст ва ҳар бир кўринган мусулмон кишини ҳайит билан табриклаб, уларга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш жамиятда инсонларнинг бир-бирларига бўлган ака-укачилик, оға-инилик муҳаббатларини зиёда қилади, ўзаро алоқаларини мустаҳкамлайди.

Баъзи жойларда ҳайит кунлари динимизда буюрилмаган, исрофгарчиликка сабаб бўладиган турли маросимлар ўтказиш ҳолатлари кузатилади. Бу динимизга зиддир. Хурсандчилик, шоду хуррамлик рамзи бўлган байрамни аза ва йиғи-сиғига айлантириш мутлақо мумкин эмас.

Айнан шу куни остона тагида туриб, белни боғлаб ўзини азадор ҳолатда кўрсатиш ёки кўчама-кўча юриб таъзияхонлик қилиш каби ишлар динимизда мутлоқ мумкин эмас.

Бизларни эътиқод эркинлигимизга йўл қўйилмаган бир пайтларда бу каби  хурофот ишлар кўп жойларда одат тусига айланиб улгургани боис қанча тушунтириш ишлари олиб борилса ҳам айримларнинг буни тарк этиши қийин кечмоқда. Ўтганларини эслаш, уларнинг руҳларини шод қилишнинг тартиб-қоидалари ва ўз ўрни бор. Қолаверса, марҳум ҳаққига дуо қилиш учун албатта, унинг уйига бориш шарт эмас ва буни айнан ҳайит кунига аралаштириш ҳам яхши эмас, албатта.

Ундан кўра, қариндош-уруғ, ёру дўстлар билан дийдорлашсак, кекса ёшдаги улуғларимизни зиёрат қилиб дуоларини олсак,  ўз аҳилларимизга совғалар улашиб, бир-биримизни ва болаларимизни хурсанд қилсак, бунинг савоби улуғдир.

Шуни ҳам таъкитдлаш лозимки, айни пайтда Коронавирус пандемияси авж олгани сайин унинг олдини олишга қарши кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам жадал тус олмоқда. Дунё олимлари вирусга қарши дори воситаларини яратиш ва амалиётга татбиқ этиш устида жиддий бош қотиришмоқда. Бироқ бир нарсани тушуниш керакки, ҳар бир касалликнинг энг биринчи ва самарали давоси – бу руҳий тетикликдир. Ҳар куни соғликни сақлаш тизими мутасаддилари ва мутахассислари томонидан ойнаи жаҳон орқали ушбу вирусга қарши баҳамжиҳатликда курашиш лозимлиги даъват этилаяпти. Энг аввало, ўзимиз ва оила аъзоларимизнинг карантин қоидаларига қатъий амал қилишини таъминласак, давлатимизга муносиб кўмаклашган бўламиз.

Аллоҳ таоло  барчамизнинг қурбонлик ибодатларимизни ўз даргоҳида мақбул айлаб, юртимиз тинчлиги ва мустақиллигимизни абадий қилсин.

Ў. Ғузаров, “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири