Мустақиллик – олий неъмат!

Истиқлолимизни қўлга киритган илк кунлардан бошлаб, аждодлардан авлодларга ўтиб, асрлар давомида эъзозлаб келинаётган, шу юртда яшаётган ҳар бир инсон ва бутун халқнинг қалбида чуқур илдиз отиб, унинг маънавий эҳтиёжи ва ҳаёт талабига айланиб кетган, таъбир жоиз бўлса, ҳар қайси миллатнинг энг эзгу орзу – интилиш ва умид – мақсадларини ўзимизга тасаввур қиладиган бўлсак, бундай кенг маъноли тушунчанинг мазмун – моҳиятини ифода қилишни олдимизга мақсад қилган эдик. Шу мақсадда ижтимоий фанлар соҳасидаги етакчи олимлар, сиёсатшунос ва иқтисодчилар, ижодкор зиёлилар, кенг жамоатчилигимиз эътиборини ана шу муҳим масалага қаратган эди. Халқимизнинг асрий орзуси, кўзлаган юксак мақсадларимизга етишнинг асосий омили – авваламбор мустақилликни асраб – авайлаш, уни янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ эканидан келиб чиққан ҳолда, миллий ғоямизнинг маъно – мазмунини ҳам ана шундай мезонлар негизида белгилашни вазифа қилиб қўйилганлиги ва бу борада бир қанча эътиборга лойиқ ишлар амалга оширилганлиги айни ҳақиқатдир.

Аллоҳ таоло тарихда турли қийинчилик ва машаққатларга сабр қилиб, ўзининг иймон-иродаси, тарихий илдизларини сақлаб қолган халққа мана шундай имкониятлар кўринишида улуғ мукофотлар бергай, иншааллоҳ.

Бугун мустақиллигини 30 йиллигини нишонлаш арафасида турган Ўзбекистонни олдига қўйган мақсадлари чексиздир…

Мустақиллик шарофати билан бу диёр ўзининг диний-маданий қадриятларини тиклаш борасида ҳам улкан имкониятларга эга бўлди.

Ижтимоий – маънавий соҳани янада ривожлантириш, оилаларимиз, маҳалларимизда, бутун жамиятимизда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш вазифаси бугунги кунда қандай улкан аҳамият касб этаётгани ҳақида, ўйлайманки, ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ.

Нега деганда, айнан шу масалалар бизнинг бугунги ва эртанги кунимизни, фарзандларимиз, набираларимиз тақдири ва келажагини, бир сўз билан айтганда, ҳаёт-мамотимизни ҳал қилиши ҳеч кимга сир эмас.

Маълумки, минтақамиз, авваламбор, бугунги Ўзбекистон замини ислом илм – фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг ана шундай бой тарихий, илмий маънавий меъросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини барпо этилганлиги, “Жаҳолатга қарши — маърифат” шиори остида мана шундай марказни ташкил этилиши бугунги даврнинг талаби бўлиб келмоқда.

Айни кунларда ижтимоий – маънавий муҳитни ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ёшларни турли диний экстремистик оқимлар таъсиридан асраш масаласи барчамиз учун энг асосий масала бўлиб турибди. Муқаддас ислом динини ниқоб қилиб бошқа кўчаларга кириб кетаётган жоҳил кимсалар бир нарсани тушунмайди ёки тушунишни истамайди. Яъни, ислом фақат нурли ҳаётга, илм – маърифатга, яхшиликка ундайди. Ҳеч қачон хунрезлик, қотиллик, зўравонликка чақирмайди. Ана шу ҳақиқатни тан олмасдан, сохта ғояларга алданиб, зарарли оқимларга кириш, террорчи бўлиш – бу Ўзбекистон халқига мутлақо тўғри келмайди.

Алҳамдулиллаҳ, барчамиз мусулмонмиз, бунинг шукронасини қилиб, фарзандларимизни ҳам бундай неъматнинг қадрига етадиган инсонлар этиб тарбиялашимиз керак албатта.

 

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

Нилуфар Аҳадовна