СОХТА САЛАФИЙЛИК ОҚИМИ…

 Сохта салафийлик оқими Ислом динидаги ҳукм ва фатволарни замон тақозосига кўра эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда тадбиқ этишни олға сурувчи оқим ҳисобланади. Оқим аъзолари ўн тўрт асрдан бери Исломнинг буюк алломалари, фақиҳу-мужтаҳидлари қабул қилган фатволарга амал қилишга қарши чиқадилар.

“Салаф” сўзи араб тилида “олдин ўтган”, “аввал яшаган” деган маънони беради. Истилоҳий маъноси эса Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишидан кейин тахминан уч юз йил яшаб Ислом динига хизмат кўрсатган олимлар — “салафи солиҳинлар” тушунилади.

Охирги пайтларда “салафи солиҳларга эргашиш”ни ниқоб қилиб Исломий жамиятларга Исломнинг илк даврига қайтишни тарғиб қилувчи мутаассиб сохта салафий оқимлар кўп кузатилмоқда.

Бу оқим вакиллари ўзлари учун 1263 – 1328 йилда яшаган Ибн Таймиянинг фикр ва қарашларини мослаштириб оладилар. Ибн Таймия ҳам ўз навбатида кескин ҳаракатлари туфайли тўрт марта зиндонга ташланган. Ўзи яшаган давр олимлари томонидан кўп танқид остига олинган.

Ибн Таймиянинг фикрига кўра асрлар ўтиши билан Ислом динига турли бидъат ва хурофотлар кирган, уларни тозалаш зарур, бунинг учун “давлатни шариатсиз бошқарган ҳукмдорга жиҳод эълон қилиш керак” деган ғояни илгари сурган. Бу эса кейинги асрларда радикал сиёсий оқимларнинг пайдо бўлишига катта замин яратган.

Ибн Таймиянинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалар ва валий кишиларнинг қабрини зиёрат қилиш, шунингдек, тавҳид, Аллоҳнинг макони, такфир (куфр келтириш) ва бошқа ақидавий масалаларда ашъарийлик ва мотуридийликка зид фикрлари ўша давр мусулмон уламоларининг кескин норозилигига учраб, кўплаб раддиялар битилиб, кескин кураш олиб борилган. Шундай бўлсада, бундай ғоялар кейинчалик турли мутаассиб гуруҳ ва ҳаракатлар етакчилари мафкурасига асос бўлиб хизмат қилган.

Бунинг оқибатида “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоатидан ҳеч қандай наф йўқ”, деган ғоялар тарқалиб, муқаддас зиёратгоҳлар вайрон қилинган.

Кейинчалик Жамолиддин Афғоний, Муҳаммад Абдуҳ ва Абдураҳмон Кавкабийларга ўхшаган радикал тарғиботчилар “Ислоҳотчи салафийлар” номини олишди.

Улар XIX асрнинг ўрталарида яшаган, ҳамда “мусулмон халқларининг диний сиёсий иттифоқи” номли ғоя ишлаб чиқишди. Бундан мақсад урфдаги мазҳабларни йўқотиш, мазҳабсизликка олиб бориш эди.

Хусусан, XVIII асрда ҳар қандай янгиликни инкор қиладиган, тасаввуфни асло тан олмайдиган, васила яъни, восита орқали Аллоҳга мурожаат қилишни куфр, деб ҳисоблайдиган, ўзларига эргашмаганларни “кофир” деб эълон қилган, тарихий манбаларда “қонли даъват” номини олган оқимлар пайдо бўлган.

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра Ислом беш аркондан иборат. Иймон келтириш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш ва ҳаж амалини бажариш. Салафийлик оқимида олтинчи аркон ҳам киритилган. Бу — жиҳод. Уларнинг эътиқодида ҳар бир мусулмон киши учун жиҳод қилишлик фарзи айн. Бу ўз навбатида “Ихвонул муслимин”, “Такфир вал Ҳижра”, “Жиҳод ал-Исломий”, “Шабаб Муҳаммад” каби ўта радикал, экстремистик-сиёсий ташкилот ва оқимларнинг пайдо бўлишига йўл очиб берган.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам:  “Одамларнинг хайрлиси (энг яхшиси) менинг даврим (одамлари)дир, кейин уларга яқин бўлганлари, сўнгра уларга яқин бўлганларидир”, дедилар.

Ушбу ҳадиси шарифдаги “менинг даврим (одамлари)дир”дан мурод саҳобаи киромлар, “кейин уларга яқин бўлганлар”дан мурод тобеинлар ва “сўнгра уларга яқин бўлганлар”дан мурод эса табаъа тобеинлардир.

Ислом уламолари юқоридаги ҳадиси шарифдан келиб чиқиб, ана шу илк ҳижрий уч асрда яшаб ўтган саҳобалар, тобеинлар ва табаъа тобеинлардан иборат олиму фозиллар ҳамда мужтаҳидлар “салафлар” деб аталишини таъкидлайдилар.

Ҳижрий тўртинчи асрдан бошлаб то ҳозирги кунимизга қадар яшаб ўтган бирорта олим, фозил ёки авлиёга нисбатан “салафи солиҳ” деган атамани ишлатиш мумкин эмас. Ҳатто дастлабки уч асрда яшаб ўтган бўлсалар – да, хорижийлар, мўътазилалар, қадарийлар, жаҳмиялар ва бошқа фирқалар вакиллари ҳам “салафи солиҳлар”га кирмайдилар.

Кейинчалик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳижрий ўн иккинчи асрда ана шу атамани Нажд минтақасида янгидан жонлантирди. Исломнинг буюк алломаларидан Муҳаммад Закий Иброҳимнинг айтишича:  “Зеро, қаерда террористни кўрсангиз, экстремист ёки бузғунчини, фитначи, мусулмонлар ўртасига тафриқа солгувчини кўрсангиз, албатта у салафийликка мансуб бўлиб чиқади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар. Шундай экан, мусулмон шахс суннатга эргашишини даъво қилар экан, ушбу қоидани маҳкам тутиши лозимдир.

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари