«Бугунги  ўғри, фирибгар ва хулқи ёмон  кимсалар  кеча тарбиясига  эътибор  берилмаган болалардир!»

Ёшларимизнинг миллий  ва  диний  кадриятларимизга  мутлақо  зид,  зарарли  иллатларга  чалинишлари  бизнинг  бепарволигимиздан  бошланишини унутмайлик.  Келажагимиз  бўлган  ёшлариимиз  тарбиясига катта аҳамият  беришимиз,  уларнинг юксак  ахлоқий  қадриятлар,  миллий ва  диний  анъаналаримизга  содиқ  бўлишларига  ғайрат  қилишимиз  керак.  Фарзандларимизни тарбия қилишда шундай йўл тутайликки, улар бизга яқин дўстидек ишонсин. Шунда уларга насиҳат қилсак оғир олмайди.  Ҳазрати Али:  «Фарзанд билан етти ёшгача ўйна ва унга фикри қабул қилингани  ҳамда инобатга олинганини  билдириб қўй, бу услубнинг яхши самараси кўп», деганлар. Фарзандлар билан дўстларча муносабатда бўлиш уни ёмонлар билан дўстлашишдан, бузғунчи ахборотларга эргашишдан сақлайди. Олимларнинг кўп йиллик илмий кузатиш ва тадқиқотлари шуни кўрсатадики, инсон ўз умри давомида оладиган барча информациянинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврида олар экан.  Боланинг онги асосан 5-7 ёшда шаклланишини инобатга оладиган бўлсак, айнан ана шу даврда унинг қалбида оиладаги муҳит таъсирида маънавиятнинг илк куртаклари намоён бўла бошлайди.  Бундан келиб чиқадики,  демак, фарзандларимизнинг тарбияси  билан  ёшлигиданоқ   шуғулланишимиз лозим бўлади.

Ахлоқи ёмон болалар асосан муҳити  соғлом  бўлмаган  оиладан  чиқиши маълум.  Абдулла Авлоний  «Бугунги  ўғри, фирибгар ва хулқи ёмон  кимсалар  кеча тарбиясига  эътибор  берилмаган болалардир!» деган эди. Шунинг учун оилада фарзандларнинг тарбиясига алоҳида эътибор беришимиз лозимдир. Бу борада аждодларимиздан ўрнак олсак бўлади.  Чунки  улар  фарзанд тарбиясига, бир томондан,  ширин лутф  билан,  иккинчи томондан,  ибрат ва намуна билан,  учинчи томондан, танбеҳ ва насиҳат билан  ёндашишга,  халқимизга  хос,  ҳеч  қаерда  ёзилмаган  одоб,  ҳаё  қоидаларини  жорий  этишга, таъминлашга  ҳаракат  қилишган,  ўзларини  шунга  бурчли деб  билишган.

Янги асрда ахборот тезлиги  тараққиётга ижобий таъсир кўрсатяпти. Айни чоғда қатор муаммоларни ҳам келтириб чиқаряпти. Интернет ва уяли телефон орқали ёшларга қилинаётган ҳужумлардан сақланиш энг  катта   муаммолардан бирига  айланди.  Эҳтиёт  чоралари изланяпти, лекин бу ечим ва чоралар кўпи  фақат назарий, уларни амалда қўллаш қийин.  Булардан ташқари  турли  хил оқимлар  ва  «Оммавий маданият»  ниқоби остидаги ахлоқий бузуқлик ва зўравонликлар ёшларимизнинг маънавиятига таҳдид солиб турибди.

Бу иллатларга қарши бизлар  фарзандларимизни  ёшлик чоғидан бошлаб миллий тарбия, ахлоқ-одоб, юксак маънавият асосида вояга  етказайлик.  Чунки  илмли  ва  юксак  маънавиятли  фарзандларимизда  бу  таҳдидларга  қарши  «мафкуравий иммунитет»  шаклланади.

Маънавий таҳдид деганда, аввало, тили, дини, эътиқодидан қатъий назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружларни назарда тутиш лозим.

Кези келганда айтиш мумкинки: бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади.

Ҳозирги кунда — ана шундай маънавий бўшлиқни тўлдиришга уринадиган, шунинг ҳисобидан ўзининг ғаразли мақсадларини амалга оширишни ўйлаб юрганлар кўп. Минг афсуски бу кучларнинг асл қиёфаси, мақсад-муддаолари ва имкониятларини тўла ва аниқ-равшан тасаввур қилиш осон эмас. Нега деганда, улар кўпинча турли ниқоблар, жозибали шиор ва ғоялар пардаси остида иш кўради. Бундай кучларнинг ихтиёрида жуда катта моддий, молиявий ресурслар ва имкониятлар мавжуд бўлиб, уларнинг пухта ўйланган, узоқ ва давомли ёвуз мақсадларига хизмат қилмоқда.

Демак,  маънавиятимизга қарши қаратилган ҳар қандай хуруж – бу миллатимизни миллат қиладиган, асрлар, минг йиллар давомида аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган ўзига хос ва ўзига мос хусусиятларга, миллий ғурур, миллий ифтихор туйғусига, бизни доимий равишда тадрижий тараққиётга чорлайдиган, шу йўлдаги барча асорат ва иллатлардан халос бўлиб, озод ва фаровон ҳаёт барпо этишдек эзгу мақсадларимизга катта зарба берадиган мудҳиш хавф-хатарларни англатади.

Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, бундай мафкуравий хуружлар миллий ва диний томирларимизга болта уришини, улардан бизни бутунлай узиб ташлашдек ёвуз мақсадларни кўзлашини, юртимизда яшайдиган соғлом фикрли ҳар бир одам яхши тушуниши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги шиддатли даврда чинакам маънавиятли ва маърифатли одамгина инсон қадрини билиши, ўз миллий қадриятларини, миллий ўзлигини англаши, эркин ва озод жамиятда яшаш, мустақил давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллаши учун фидойилик билан кураша  олиши мумкин.

Шу юртда яшаётган ҳар қайси инсон ўзлигини англаши, қадимий тарихимиз ва бой маданиятимиз, улуғ аждодларимизнинг меросини чуқурроқ ўзлаштириши, бугунги тез ўзгараётган ҳаёт воқелигига онгли қараб, мустақил фикрлаши ва диёримиздаги барча ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси билан яшаши зарур. Биз ёшларимизни она Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, ота-боболаримизнинг муқаддас динига садоқат руҳида тарбиялаш учун аввало уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтиришимиз зарур. Токи ёшларимиз миллий ўзлигини, шу билан бирга, дунёни чуқур англайдиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсонлар бўлиб етишсин.

Ўткир Ғузаров,

“Хожа  Бухорий” ўрта махсус ислом   билим   юрти мудири