БОШЛИҚҚА ИТОАТ ДИНИМИЗ ТАЛАБИДИР

Бандаларини одил бошлиқлар билан ризқлантирган Аллоҳ таъолога ҳамд-у санолар бўлсин! Умматларига энг гўзал раҳбар бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот-у дурудлар ёғилсин!

Амма баъд, Аллоҳ таъоло ўз каломи шарифида:

﴿إِنَّ الدِّينَ عِنْدَ اللَّهِ الْإِسْلَامُ٩﴾ [آل عمران: 19]

“Албатта, Аллоҳ ҳузурида (мақбул) бўлган дин – Исломдир” )Оли Имрон сураси, 59 оят), дея хабар берди. “Дин” бу йўл, ҳаёт тарзи, яшаш йўли деганидир. “Ислом” дегани эса тинчлик, “тинчлик бериш” деган маънода эканини биламиз. Демак, оятнинг маъноси, Аллоҳ таоло барча пайғамбарлар орқали бандаларга ўргатган, кўрсатган ҳаёт йўли тинчлик йўлидир. Албатта, Аллоҳ таоло бу тинчлик барпо бўлиб туриши учун сабаб ва шароитлар тайёрлаб қўйган.

Тинчликнинг, яъни, исломнинг шартларидан бири итоатдир. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда шундай буюради:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُم ٥٩﴾ [النساء: 59]

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинглар ва ушбу Пайғамбарга ва ўзларингиздан бўлган иш эгаларига (бошлиқларга) итоат қилинглар”(Нисо сураси, 59 оят). Ушбу оят мутлақ бошлиққа итоат қилиш худди Аллоҳ таъолога ва унинг Расулига итоат этиш каби вожиблигини ва бошлиққа итоат қилмаслик катта гуноҳ эканлигини исботлайди. Фақат бу итоат Аллоҳнинг тоатига, бандаларнинг диний ёки дунёвий манфаатларига, ислоҳотларига таклиф қилинганда, буюрилганда вожиб бўлади. Аммо гуноҳ ишларга буюрилганда итоат қилинмайди. Масалан, бошлиқ қўл остидаги кишини ўғирлик қилиш, зино қилиш каби ишларга буюрса, ундай ҳолатда итоат қилинмайди. Чунки, Имом Аҳмад ва Табаронийлар Имрон ибн Ҳусайндан ривоят қилишган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Холиқ (Аллоҳ)га гуноҳ бўладиган ишда махлуқ (инсонлар)га итоат қилинмайди”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

(مَن رَأَى من أمِيرِهِ شيئًا يَكْرَهُهُ فلْيَصْبِرْ عليه ، فإِنَّهُ ليس أحدٌ يُفارِقُ الجَماعةَ شِبْرًا فيَموتُ ، إِلَّا ماتَ مِيتةً جَاهِلِيَّةً)

Ким амиридан бирор бир унга ёқмайдиган ишни кўрса, сабр қилсин. Чунки, ким жамоадан бир қарич узоқлашса, жоҳилият ўлимида ўлим топади”.

Аксинча мутасадди раҳбарларга итоат қилмаслик, ёки уларни масхара қилиб камситиш – тинчликка путур етказувчи энг оғир гуноҳлардан бўлиб, Аллоҳ таолонинг иродасидан норозилик ва Аллоҳга итоатсизликнинг бир кўринишидир.

Яна шу мавзудаги бошқа бир ҳадисни кўриб чиқайлик.

(من خرَجَ من الطاعَةِ وفارَقَ الجمَاعَةَ فماتَ فميتُتُهُ جاهليةٌ ومَن قاتِلَ تحتَ رايةٍ عِمِّيَّةٍ يغضَبُ للعَصَبيَّةِ أو يدعو إلى العصبيَّةِ أو ينصر عصبِيَّةِ فقِتْلَةُ جاهليةٍ ومَن خَرَجَ علَى أمتِي بسيفِهِ يضربُ برَّهَا وفاجِرَهَا لا يُحَاشِى مؤمنًا لإيمانِهِ ولا يَفِي لذِي عهدٍ بعهدِهِ فليسَ مِن أمتِي واست منه)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деяётганларини эшитдим: Ким бошлиққа итоат қилишдан бош тортса, жамоатдан ажралса ва шу ҳолида ўлса жоҳилийят ўлимида ўлади. Ким кўрлик байроғи остида урушса, яъни, сабаби ноаниқ, ҳақлиги исботланмаган байроқ остида бир уруғни, бир қавмни ёмон кўриб ёки тарафкашликка чақириб ёки бир уруғга ёрдам бериш учун уруш қилса-ю ўлдирилса, бас, бу жоҳилийят ўлимидир. Ким умматимга қарши қилич кўтариб, унинг яхшиси-ю ёмонининг бошига уриб, мўъминидан уялмасдан, аҳдлашганларнинг аҳдига ҳам парво қилмасдан (қарши) чиқса, бас, у мендан эмас ва мен ундан эмасман!”.

Алҳамдулиллаҳ, мустақилликка эришиб, ўзлигимизни англадик, дин-диёнатимизни кўлга олдик. Аллоҳ таъоло халқимиз бошига оқил-у доно, жонкуяр юртбошилар ато қилиб, ҳаётимиз фаровон, тинчлик, яъни, ислом барқарор бўлиб турибди.

Афсуски, орамизда шунга ҳам ношукрлик қилиб, раҳбарларимиз ҳаққига нолойиқ гаплар гапирадиган, итоаткор имомларимизни “сарой муллалари” деб масхара қиладиган жоҳиллар ҳам учраб турибдики, улар бу гуноҳнинг қанчалик оғир ва ўзларига зарарли эканлигини тушунмайдилар.

Ҳар бир мусулмон киши бу масалада ниҳоятда эътиборли бўлиб, тинчликка халал бериб қўйишидан сақланиши, ўзининг исломдан чиқиб, жоҳилийят ҳолатига тушиб қолишидан қўрқиб туриши керак. Раҳбарларимиз ва уламоларимизга эса доимо итоатда бўлиб, хақларига дуолар қилиб туришимиз лозим бўлар экан. Аллоҳ таъоло раҳбарларимизни ислом ривожи йўлида, тинчлик йўлида қилаётган хизматларига катта ажру-савоблар инъом этиб, соғлиқ ва куч-қувват ато қилсин!

 Махтумқули Тошқулов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом

билим юрти ақоид фани ўқитувчиси