Ширк – кечирилмас гуноҳдир

Араб тилида ширк сўзи “икки нарсани тенглаштириш”, “тенгдош қилиш”, “шерик қилиш” деган маъноларни билдиради. Унинг шаръий маъноси: Аллоҳ таъолога зоти, феъллари, ибодати ва гўзал исми сифатларида махлуқларни тенгдош қилиш, шерик қилиш тушунилади. Қуръони каримда ширк ва унинг ўзагидан ясалган сўзлар 34 марта зикр қилинган бўлиб, уларнинг барчасида ушбу гуноҳ қораланган ва ундан қайтарилган.

Шариатимизга кўра, ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади. Ундан қайтариш жамики анбиё алайҳимуссаломлар даъватининг асоси ва самовий шариатларнинг мағзидир. Чунки, ҳар бир набий ва расул албатта ўз қавмига: “Эй, қавмим! Аллоҳга сиғинингиз! Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир”, – дегандир (Аъроф сураси, 59-оят).

Аллоҳ таоло Ўзига ширк келтиришдан Қуръони каримнинг кўплаб ояти карималарида қайтарган. Жумладан, Наҳл сурасининг 51-54 оятларида шундай деган: “Аллоҳ: “Икки (сохта) илоҳни маъбуд қилиб олмангиз! Албатта, У ягона илоҳдир! Бас, Мендангина қўрқингиз!” – деди. Осмонлардаги ва Ердаги барча нарсалар Унинг мулкидир. Дин (итоат қилиш) Унгагина (бўлиши) вожибдир. Аллоҳдан ўзгасидан қўрқасизми?! Сизларда қайси бир неъмат бор бўлса, албатта, у Аллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга мусибат етса ҳам фақат Унгагина ёлворасизлар. Сўнгра (У) сизлардан (ўша) мусибатни даф этгач, сизларнинг орангиздан бир тўда (кимсалар чиқиб) Парвардигорларига ширк келтирурлар” (Наҳл сураси, 51-54-оят).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй одамлар, ушбу ширкдан сақланинглар, чунки, у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир”, –дедилар. У зотга Аллоҳнинг иродаси ила бир киши: “Эй Аллоҳнинг расули, агар у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқ бўлса, қандай қилиб ундан сақланамиз?”, – деди. Шунда у зот саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ, биз билиб туриб, сенга ширк келтиришимиздан паноҳ сўраймиз, билмаганимизга истиғфор айтамиз”, – денглар, деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ва Имом Табароний ривоят қилишган).

Демак, ширк чумолининг ўрмалашидан ҳам махфий тарзда мўмин киши амалларига кириб қолиши мумкин экан. Уламоларимиз ушбу ҳадисни изоҳлаб, ширк келтириш барча солиҳ амалларда, жумладан, дуо, сажда, назр, садақа каби жисмоний ва молиявий ибодатларда ҳам бўлиши мумкин, деганлар.

Мусулмон киши ўзининг имон ва эътиқодига биноан барча ҳожатларини сўрашда фақат ягона Аллоҳ таолодан сўраши ва Унинг Ўзигагина  ибодат қилиши шарт. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: “…Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф сураси, 110-оят).

Шариатимиз кўрсатмаларига кўра қабрларни зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана, энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро у сизларга охиратни эслатади(Имом Термизий ривояти).

Демак, қабристонга борганда у ерда ётган марҳумларнинг аҳволини ўйлаб, ундан ҳар ким ўзига ўгит ва ибрат олиши лозим бўлар экан. Шунингдек, азиз- авлиёларнинг мақбараларини, яқинларимизни қабрларини зиёрат қилиб туриш Ислом динида савобли ишлардан саналади. Аммо бунинг ҳам ўзига яраша тартиб-қоидалари бор. Бугунги кунда айрим ватандошларимиз юртимиздаги баъзи зиёратгоҳлардаги мақбаралар ва у ердаги дарахтларни муқаддас санаб, уни тавоф қилиш ва унга сиғиниш каби ширк амалларни қилаётганлари сир эмас. Тилаклар ижобат бўлади, дея қабристондаги дарахтларга латта боғлаш, қабрлар ёнига шам ёқиш, қабр тошларини ўпиш бидъат ва хурофот амаллардир. ҳеч нарсага ярамайдиган оддий бир латтани дарахтга боғлаб, ҳожатим раво бўлади, дейиш мантиққа ҳам тўғри келмайди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, қабрлар зиёрати охиратни эслаш учундир. Аммо қабрлар зиёратининг асл моҳиятини унутиб, азиз авлиёлар қабрларига бориб,  ҳожатларини сўрайдиган, бахт ёки фарзанд ёҳуд ишига ривож тилаб, истакларини соҳиби қабрлардан сўрайдиганлар ҳам бор. Ваҳолангки, ҳар қандай истак, тилакларни фақат ёлғиз Аллоҳдан сўралиши керак. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиганларга илтижо қиладиган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Ҳолбуки, у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофил (бехабар)дирлар” (Аҳқоф сураси, 5-оят).

Сарвари коинот Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида Ислом дини ақидалари, аҳкому усулларини саҳобаи киромларга мукаммал равишда етказганлар. Саҳобалар, тобеинлар, табаъа тобеинлардан тортиб то бизнинг асримизгача ўтган Ислом уммати уламолари, мусулмонларга Аллоҳ қодир қилгунча шариат аҳкомларини тушунтириш, Исломга кириб қолган бидъат ва хурофотлар ҳамда ирим-сиримларга қарши жиддий курашишда зўр маҳорат кўрсатиб келганлар. Лекин шунга қарамай, мусулмон халқи ўртасида ҳануз динга заррача алоқаси бўлмаган баъзи бир урф-одатлар, асоссиз эътиқодлар ҳукм суриб келаётганлиги ачинарли бир ҳолдир.

Баъзи одамлар айрим ой, кун, жой ва одамлардан шумланишлари ва улар ҳақида ёмон гумонда бўлишлари нодонлик ва ислом шариати таълимотларидан бехабарликларига далолатдир.

Аллоҳ таоло ўзининг каломида биз уммати Муҳаммадга ширкнинг ҳалокатга элтувчи энг оғир гуноҳ эканлиги борасида ҳазрати Луқмони ҳакимнинг ўғилларига қилган насиҳатларини ибрат қилиб келтиради. “Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: “Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).

Демак, оталар фарзандларига дунёни қандай тўплашни эмас, олдин шу насиҳатларни қилиб, уларга тўғри эътиқод ва тушунчаларни ўргатсалар фойдали бўлади. Эътибор берсак Луқмони ҳаким биринчи навбатда ўғилларига ширкдан эҳтиёт бўлишни насиҳат қилдилар. Демак биз ва фарзандларимиз биринчи навбатда ширк амаллардан узоқ туришимиз керак. Чунки ширк энг хатарли, бутун солиҳ амалларни йўққа чиқарадиган, жаҳаннамда  инсонни абадий қолдирадиган гуноҳдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзи рози бўладиган солиҳ амалларга муваффақ этсин ва Ўзи қайтарган катта-кичик гуноҳлардан паноҳида асрасин. Ўзимиз ва оила аъзоларимизни соғлом эътиқодда ҳаёт кечириб боришимизни насиб айласин!

Музаффар Қосимов

“Хожа    Бухорий”    ўрта     махсус ислом 

билим   юрти маънавий -маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари