Ота фарзандига берадиган энг яхши ҳадя – тарбия

Айтиш керакки, тарбия ҳақида сўз кетар экан, ўтган мақоламизда бу ҳақда анчайин кенгроқ тўхталиб, тарбиянинг маъно ва таърифларига бирмунча маълумот бериб ўтган эдик. Бугун мана шу тарбия масаласини давоми сифатида исломий тарбияга оид адабиётлар ёрдамида қўшимча қилишни лозим топдик. Тарбия борасида жуда ҳам кўп ибратли ҳолатлар ҳақида гапириш, ёзиш мумкин. Аммо, бугунги яшаш шароитимиздан келиб чиқиб, ҳам диний, ҳам дунёвий тарбия, оилада фарзанд тарбияси – отанинг фарзанди учун энг яхши ҳадяси эканлиги бўйича  ёндашишга ҳаракат қилдик.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг», дедилар».  Ибн Можа ривоят қилган.

Боланинг ота-онада, ота-онанинг болада ҳақлари бўлади. Ҳар ким ўз ҳақларини адо қилиши ҳақ эгасини икром қилиш ҳисобланади. Бола ота-онаси ҳузуридаги омонат бўлиб, унинг қалби покиза бир гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, яхши, одобли бўлиб ўсади. Бунинг савобига эса ота-онаси ва устоз-мураббийлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка ўргатилса, ёмон, бадхулқ бўлиб ўсади. Бунинг гуноҳига ота-онаси ва мураббийлари ҳам шерик бўладилар. Боланинг тарбиясига мутасадди киши (ота-она, валий) уни турли ёмонликлардан, ахлоқсизликлардан сақлаши, унга муносиб таълим-тарбия бериши лозим. Унга яхши ахлоқларни ўргатишсин, уни ёмон болалар таъсиридан сақлашсин, ўткинчи, ҳавойи лаззатларга қизиқишга одатлантиришмасин, уни зебу зийнатга ружуъ қўйишга қизиқтиришмасин. Токи, катта бўлганида зебу зийнат ортидан юриб, умрини зое қилмасин.1

Айни ҳаётимизда бугун ўз таъсирини кўрсатаётган фарзандлар тарбиясидаги ота–оналарининг таъсири биринчи ўринда туради. Фарзандларининг одобларини гўзал шакллантиришда ота – онанинг ўрни, уларнинг муомаласи, амаллари ила ўз фарзандаларига ўрнак бўлишлари айни ҳақиқатдир. Ва бунга жуда кўп ибратли ҳамда ҳикматли воқейликларни мисоллар билан келтириш мумкин. Аммо тарбия борасида гапирганда, исломий тарбия билан бир қаторда дунёвий тарбия ҳам бугун ўзларини ўта “ақлли” санаётган оилаларнинг устуни бўлган ота – оналар учун зарур бўлиб келмоқда. Улар учун фарзандлар билан муомала қилганда нималарга аҳамият қаратишлари кераклиги бўйича тавсиялар келтирилган.  Қуйидаги тавсиялар бўйича фарзандаларнинг болалигаданоқ амал қилинса, ин ша Аллоҳ албатта ўз таъсирини беришига ишонамиз. Яъни:

  1. Асабийлашмаслик! Ўзингиздан бошланг. Авваламбор, болалар бизнинг кайфиятмизни ҳис қилиб, ундан таъсирланадилар. Хотиржам аёлларнинг фарзандлари ҳам хотиржам бўлишади. Иккинчидан, болалар бизнинг улкан сабримизга муҳтожлар. Шунинг учун сизнинг руҳий ҳолатингиз ҳам яхши ҳолатда бўлиши лозим. Уй ишларингиз қолиб кетса ҳам, албатта, тиниқиб ухланг. Агар қариндошларингиз сизга ёрдамларини таклиф қилсалар, рад этманг. Уйдан ташқарига чиқишга ва онда-сонда бўлса-да, уй жиҳозларини ўзгартириб туришга ҳаракат қилинг. Фарзандингизга ўз ҳаётидан мамнун она керак.
  2. Фикрдан қайтмаслик! Агар фарзандингизга ваъда берган бўлсангиз, албатта, уни бажаринг. Бу нарса тақиқларга ҳам тегишли: мабодо бир нарсани бир марта тақиқлаган бўлсангиз, қолганларида ҳам шу тақиққа амал қилинг. Шунингдек, «Она билан мумкин эмас, ота билан мумкин», деган тушунча ҳам бўлмаслиги керак. Оиланинг барча аъзоларида тўғри тарбия қилиш стратегияси бўлиши лозим.

3.Урмаслик! Агар болага қўл кўтарсангиз (бу енгилгина шапати бўлса ҳам), унга келишмовчиликларни куч билан ҳал қилишни ўргатасиз. Болакай ким каттароқ, кучлироқ бўлса, ҳақ бўлади, деб ўйлайди. Бунинг хавфли томони у катта бўлгач, сизга нисабатан ҳам худди шу ишни қилиши мумкин бўлишидадир.

  1. Алдамаслик! Агар эмлатишга кетаётган бўлсангиз, ҳаммасини борича айтинг: «У ерда сенга укол қилишади, бу ёқимли ҳолат эмас, аммо мен ёнингда бўламан», денг. Агар фарзандингиз сиздан бирор нарса сўраган бўлса ва у сизнинг ёдингиздан кўтарилган бўлса, шунчаки узр сўранг. Ҳар бир кичик ёлғон обрўингиз тўкилишига сабаб бўлади.
  2. Шантаж қилмаслик! (Яъни дўқ-пўписа қилманг!) «Агар бақирмасанг, ширинлик бераман» ёки «Бас қилмасанг, мультфильм томоша қилмайсан» каби гаплар шантаж ва манипуляция (ҳийла қилиш)дир. Доим бола сиз хоҳлаётган ишингизни қилишига ундайдиган муносиб сўзлар топа олиш лозим. Энг муҳими сабрли бўлинг.

6.Таъқиқламаслик! Болага бирор нарсани таъқиқлашдан аввал яхшилаб ўйлаб кўринг, шу нарсани тақиқлаш шунчалик муҳимми? Тақиқлар имкон қадар кам бўлиши керак, акс ҳолда бола уларнинг барчасини қабул ҳам қила олмайди, эслаб ҳам қолмайди. Розетка, иссиқ газ плитаси, ойна, катта йўллар – аниқ мумкин эмас. Қолган барча нарсаларни ё кўринмайдиган жойга олиб қўйиш керак ё ўзини бўш қўйиб, рухсат бериш керак. Агар фарзандингиз қимматбаҳо қўл телефонингиз ёки лаб бўёғингизни олса, бу сизнинг айбингиз, уларни беркитиб қўйишингиз керак эди. Бола учун эса бу – мутлақ меҳнат қилиб топилган ўлжа.

  1. Нотўғри намуна бўлмаслик! Бирор қилиш мумкин бўлмаган ишни қила туриб уни фарзандга тақиқлаш аҳмоқона иш. «Мен каттаман, менга мумкин» каби изоҳлар мутлақо ёрдам бермайди.
  2. Хатоларни тан олишдан қўрқмаслик! Агар сиз жаҳл устида болага бақириб берсангиз ёки уриб юборсангиз, ножўя қарор қабул қилган бўлсангиз ё фарзандингизни нотўғри тушунган бўлсангиз, албатта, унга вазиятни тушунтириб, қаерда хато қилганингизни айтиб, узр сўранг. Сизнинг обрўингизга таъсир қилмайди, хавотир олманг. Аммо «кичик жаноб» хатоларидан уялиш керак эмаслигини тушуниб етади. Ахир биз хатолар орқали тажриба орттириб борамиз.
  3. Эркалашдан қўрқмаслик! Болани бағрингизга босишдан, кўтаришдан, совға олишдан қўрқманг. Агар имконингиз бўлса, фарзандингизни қучоқланг, кўтаринг, совғалар беринг. Энг муҳими – юқорида келтирилган аниқ тарбия услубига риоя қилиш. Агар сиз ўрнатилган қонун-қоидаларга тўлиқ амал қилсангиз, бошқа ишларда болангизга истагингизча рухсат беришингиз мумкин. Ахир фарзандларимизнинг болалиги бир марта бўлади-ку!

Билдингки, гўзал хулқ ақл қувватининг мўътадиллигига, ҳикмат камолига боғлиқ. Ғазаб ва шаҳват қувватининг мўътадиллиги ҳам гўзал хулқ белгисидир. Бу мўътадиллик ақл ва шариатга тобеликни тақозо қилади ва у икки жиҳатга кўра ҳосил бўлади.

Биринчиси, илоҳий эҳсон ва фитрий комиллик билан ҳосил бўлган мўътадиллик. Фитрий комилликнинг белгиси шуки, инсон туғма ақли комил, хулқи гўзал бўлади. Мана шу сифатлар унга шаҳват ва ғазабни бошқаришга кифоя қилади. Балки, ундаги туғма мўътадил бу иккита хулқ ақл ва шариатга бўйсунгандир. Бундай инсон таълимсиз олим, ҳеч қандай тарбия олмасдан одобли бўлади. Бамисоли, Ийсо ибн Марям, Яҳё ибн Закариё алайҳиссалом ва бошқа пайғамбарлар каби. Инсон табиатида яна шундай сифатлар яширинки, уларни мунтазам ҳаракат билан юзага чиқариш мумкин. Баъзи болалар туғма тили равон, чеҳраси очиқ, саҳоват билан хулқланган бўлса, баъзилари бунинг акси. Одатланиш, яхши хулқли болаларга қўшилиш, катталардан одоб-ахлоқни ўрганиш орқали уларда гўзал хулқлар ҳосил бўлади.

Иккинчиси, қаттиқ меҳнат ва риёзат билан ҳосил бўладиган мўътадиллик. Дейлик, кимдир ўзида саҳоват хулқини ҳосил қилмоқчи. Бунинг учун у сахийлар ҳаётини ўзлаштирмоғи, яъни молни Оллоҳ йўлида сарфлашни ўрганмоғи лозим. Нафсга юкланган бу меҳнат то табиатга сингиб, хулққа айланиб кетгунча улкан сабр керак бўлади. Шариатга мувофиқ, мақтовга муносиб хулқларнинг барчаси шу йўл билан ҳосил бўлади. Қачонки киши қилган саҳоватидан лаззат олса, бу саҳоватнинг юксак даражасидир. Ҳақиқий сахий молини сарфлар экан, лаззатланади, оғриниш, қийналиш унга бегона. Камтарликдан лаззат олган киши ҳақиқий камтардир. Токи нафсимиз барча яхши одатларга ўрганиб, барча ёмон феълларни тарк этмас экан, ҳеч қачон унда диний ахлоқ қарор топмайди.2

Модомики, сен ҳам гўзал феълларга муштоқ кишида бўладиган доимий қунт ва тиришқоқликни зиммангда сезмас, бу хулқ билан лаззатланмас, қабиҳ феълларни ёмон кўриб, улар туфайли алам чекмас экансан, ҳақиқий саодатга эришолмайсан.

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

Нилуфар Аҳадовна

1 “Ижтимоий одоблар” китобидан

2 “Bintu Sodiq” сайти