Ватан инсонга бахт- иқбол берадиган заминдир

Инсон ҳар қандай шароитда дунёга келар экан, у кўз очиб кўрган макони, қайси масканда, майли, у вайронкор ё кошона, ғариб ё салобатлидир, одамзод учун ўша ер азиз, муқаддас Ватанидир.

Ҳар бир баркамол инсон Ватан камолоти ва истиқболи, эл-юртнинг омадлилиги ва мустақиллиги учун ҳамма нарсани, ҳатто, ширин жонини ҳам аямайди. Бу ҳақида Мавлоно Фузулийнинг: «Менинг битта ҳаётим бор, Борди-ю, мингта ҳаётимга эга бўлган тақдиримда ҳам, ҳаммасини Ватанимга сарфлаган бўлар эдим», деб айтган сўзлари ҳар биримиз учун бебаҳо ўгитдир. Ватанга садоқатли инсонгина буюк ишларга қодир бўлади.

“Ватан” атамаси аслида арабча сўз бўлиб, она юрт маъносини англатади.

У кенг маънода бирор халқ вакиллари жамулжам яшаб турган, уларнинг аждодлари азал-азалдан истиқомат қилган ҳудудни англатади. Тор маънода киши туғилиб ўсган уй, маҳалла, қишлоқ назарда тутилади. Ибн Халдун “Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир”, – деб таъриф берган.

Ватан – муқаддас даргоҳ. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Пайғамбаримиздан Саъид ибн Зайд разияллоҳу анҳу ривоят қилиб: “Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир”, – деганлар (Абу Довуд ривояти).

Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу тўғрида Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом; “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, – деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).

Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб кириш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.

Келтирилган мисоллардан маълум бўладики, Ватан инсон учун муқаддас, ҳеч бир нарса билан алмаштириб бўлмайдиган туйғу, у ўз-ўзидан севилишга, ардоқланишга ва қадрланишга лойиқдир.

Қуйида машҳурлар томонидан Ватан ва ватанпарварлик ҳақида айтилган фикрларда намуналар келтирсак.

“Чўлда ўрмалаб юрган жониворлар ҳам туғилишиданоқ ўз маконларини биладилар, ҳавода учувчи қушлар ҳам, денгиз ва дарёлардаги балиқлар ҳам ўз ошёнларини ҳис қиладилар, ҳатто болари ва шунга ўхшашлар ҳам ўз уяларини муҳофаза қиладилар, шунинг каби одамлар ҳам қаерда туғилиб парвариш топсалар, ўша жойга чексиз меҳр қўйган бўладилар.”

Франциск СКОРИНА, беларус адиби.

“Ватанпарварлик — ёлғиз ўз ватанига меҳр қўйишдан иборатгина эмас. Бу жуда катта ҳис… Бу  ватан билан ўзини бир бутун деб билиш, унинг яхши-ёмон кунларида асқатиш демакдир.”

Алексей ТОЛСТОЙ, рус ёзувчиси

“Ҳақиқий ватанпарварлик барча муносабатлар ва манфаатлардан устун туради ва инсониятга меҳр-муҳаббат билан мустаҳкам алоқададир.”

Николай ДОБРОЛЮБОВ, рус адабиётшуноси

Ватан учун энг қийин бўлган пайтларда унинг энг мушкул ишларини ўз зиммасига оладиган кишигина ватанпарвардир.

Пётр ПАВЛЕВКО, рус ёзувчиси

Шундай экан, ҳар биримиз ўз ватанимизга бўлган муҳаббатимизни янада ошириб, тинчлигини қадрига етиб, уни ободлиги ва ривожланиши йўлида ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Саид Худойқулов, ўқитувчи