Бидъатнинг турлари

Бидъатнинг турлари

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар ва пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога мукаммал салот ва саломлар бўлсин.

Мусулмон авлодининг дастлабки вакиллари зиммаларига тушган дин омонатини кўз қорачиғидек асраб авайлаб ўзларидан кейингиларга етказиб ўтдилар. Вақт ўтгани сари ислом динига ёт бўлган ғоя ва тушунчалар, бошқача қилиб айтганда бидъатлар пайдо бўлди. Ҳар бир асрда ислом мусаффолигини сақлашдек шарафли вазифани адо этадиган уламолар жамоаси мавжуд бўлиб келган. Қуйида биз бидъат ҳақида умумий тушунча берадиган бир ҳадиси шариф билан атрофлича танишиб чиқамиз.

عَنْ أُمِّ الْمُؤْمِنِينَ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ». وفي رِوَايَةٍ لِمُسْلِمٍ: «مَنْ عَمِلَ عَمَلا لَيْسَ عَلَيْهِ أَمْرُنَا فَهُوَ رَدّ»ٌ. (رواه البخاري ومسلم(.

Уммул мўминин Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки динимизда асли йўқ бўлган нарсани пайдо қилса, у албатта рад этилур», дедилар.

Имом Муслимнинг ривоятида: «Кимки биз унга буюрмаган амални қилса, у албатта рад этилур». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Бу ҳадис Ислом динининг асл қоидаларидан биридир. “Амаллар ниятлар биландир” ҳадиси амалларнинг ички-ботиний тарафи учун мезон ҳисобланиб, агар Аллоҳ толо розилиги мақсад қилинмаган бўлса, ҳеч бир амал учун ажр-савоб йўқ эканлигини англатарди. Бу ҳадис амалларнинг зоҳирий тарафи учун мезон ҳисобланади ва ҳар қандай амал агар Аллоҳ ва Расулининг амри бўлмаган бўлса, қилган кишининг ўзига қайтарилажагини ҳамда кимки динда Аллоҳ ва Расули изн бермаган нарсаларни пайдо қиладиган бўлса, Ислом дини ундан пок эканлигини англатади.

Имом Нававий айтадилар: «Ушбу ҳадисни ёддан билиш ва мункар ишларни қайтаришда уни далил қилиб келтириш керак».

Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадиларки: «Бу ҳадис энг сермазмун қоидалардандир. Бирор далилдан шаръий ҳукмни чиқариб олишдан аввал ўша далилни шу қоида асосида текшириб кўриш лозим».

Ҳадисдан олинадиган фойдалар

  1. Ислом дини фақат бўйсуниш ва эргашишдир, унда янгича нарсаларни пайдо қилиш мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу қисқагина ҳадис билан Исломни “ғулув”га кетувчилардан, яъни, динда чуқур кетиб, одамларга Исломни мураккаб қилиб кўрсатиб қўювчилардан ҳамда ботилга эргашувчилардан, яъни Исломга бидъат таълимотларни олиб кирувчилардан ҳимоялаб қўйдилар. Шунинг учун бу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган оз сўзлар билан кўп маъноларни ифодалай олиш мўъжизасига бир намуна саналади.
  2. Рад этиладиган амаллар. Мазкур ҳадис Аллоҳ ва Расул тарафидан буюрилмаган ҳар қандай амал рад этилишига очиқ ҳужжатдир. Рад этилиши лозим бўлган амаллар икки турли бўлиши мумкин.

Биринчи. Бу турдаги амаллар ибодатларда бўлади. Қайси бир ибодат Аллоҳ ва Расули ҳукмидан четга чиқадиган бўлса, у мардуд амалдир.

Иккинчи. Рад этилиши лозим бўлган амалларнинг иккинчи тури муомалалардадир. Шариатга буткул зид бўлган ҳар қандай шартнома ва келишув ботил ҳисобланади ва ўз эгасига қайтарилади.

  1. Мақбул амаллар. Динда кейинчалик пайдо қилинган амаллар орасида шариат аҳкомларига зид келмайдиган, балки шаръий далил ва қоидалар уларни қувватлайдиганлари ҳам бор. Бундай амаллар мақбул ва мақтовга сазовор амаллар ҳисобланади. Саҳобаи киромлар ҳам шу каби амалларни жоиз санаганлар. Бу эса улар тарафидан ижмо деб эътироф этилади. Сўзимизга энг ёрқин мисол Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу даврларида Қуръони каримнинг яхлит китоб шаклида жамланиши ва Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу даврларида шу китобдан нусхалар кўчирилиб, турли ўлкаларга қорилар билан тарқатилишидир. Бундан ташқари, наҳв (синтаксис), фароиз (мерос илми) ва тафсир каби диний фанларнинг алоҳида китоб қилиб жамланиши, ҳадис иснодлари ва матнлари ҳақида баҳс юритувчи илмлар ва шу каби Ислом шариатининг асосий манбалари ҳисобланувчи бошқа назарий билимларнинг яратилиши ҳам таҳсинга сазовор янгиликлардандир. Жамият ривожи ва уммат ислоҳи учун зарур бўлган барча дунёвий илмлар ҳам ана шу қоида доирасига киради.
  2. Ёмон бидъат ва яхши бидъат. Юқорида айтиб ўтганларимиздан сўнг қуйидаги хулосага келамиз. Динда кейинчалик пайдо қилинган амалларнинг Аллоҳ шариатига хилоф бўлганлари ёмон бидъат ва очиқ залолатдир.

Ёмон бидъатлар ичида фақатгина макруҳ бўлганлари ҳам бор. Аммо фақат зарар ва фасод келтирадиган ҳамда Исломнинг асл мақсадлари ва аҳкомларига зид бўлган бидъатлар ҳаром қилингандир.

Ҳозирда кўпчилик орасида тарқалган бидъатлардан яна бири қандайдир булоқ, дарахт, мозор каби нарсаларни улуғлаш, табаррук санаш ва уларни фойда ёки зиён келтиришга қодир деб эътиқод қилишдир.

  1. Ҳадис мазмунидан қуйидаги фиқҳий қоида ҳам келиб чиқади.

Бирон амалдан қайтариш шу амал бажарилган тақдирда, унинг фосид саналишини ва эътиборга олинмаслигини билдиради.

Ҳадиси шарифдан олинадиган хулосалар.

  • Барча амаллар шариат аҳкомлари билан чегаралаб қўйилгани.
  • Барча амалларга бандадан содир бўлган иш сифатида Қуръон ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида келган буйруқлар ва қайтариқлар асосида ҳукм берилиши.
  • Амаллар шаръий аҳкомлар доирасидан чиқиб кетмаслиги ва ҳар қандай амал борасида шариат берган ҳукмни тан олиш лозимлиги.
  • Одамлар ўзларига ёққан амал билан шариат устидан ҳукм чиқармоқчи бўлса, ҳар бир мусулмон бундай амални ботил деб билмоғи ва уни рад этиши лозимлиги.

Аллоҳ таолога барчамизни ислом динида собитқадам қилсин. Турли бидъат ва хурофотлар исканжасида қолиб кетишдан Ўзи сақласин!.

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти

Ўқитувчиси Қодиров Омон