АЗИЗ ЁШЛАР ОГОҲ БЎЛИНГ!

Инсон умри давомида кўп нарсаларга эҳтиёж сезади. Шулардан бири диндир. Дин азалдан одамларни эзгу ғоявий мақсадли бирлаштиришга хизмат қилган. У барчани софликка, тўғриликка, ҳақиқат ва адолатга, умуман, бунёдкорликка тарғиб қилган.

Ҳозирги кунда жаҳонда баъзи ғаламислар томонидан ислом дини ҳақида турли нотўғри фикрлар тарқатилаётгани, террорчилик каби иллатларни айни пайтда бевосита исломга боғлаб, муборак динимиз ва мусулмонларга нисбатан нафрат ўтини ёқишга уринаётгани ҳеч кимга сир эмас, ваҳоланки муқаддас динимиз ҳар қандай ёвузликни инкор этади. У соф инсоний фазилатлар, гўзал ахлоқ одоб, маънавий комиллик каби фазилатларга даъват этади.

Шу билан бирга биз яшаб турган дунёда ғаламис ниятли тўдалар, ташкилотлар, дин ниқоби остида тўр ташлаганлар бор экан доим ҳушёр бўлишимиз, соф ислом ақидасини ўрганишимиз ва ёвуз кучларнинг қора ниятларидан огоҳ бўлишимиз лозим бўлади. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ислом фақат нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка ундайди. Ҳеч қачон хунрезлик, қотиллик, зўравонликка чақирмайди. Ана шу ҳақиқатни тан олмасдан, сохта ғояларга алданиб, зарарли оқимларга кириш, террорчи бўлиш – бу Ўзбекистон халқига мутлақо тўғри келмайди”.

Келинг энди мавзуга оид атамалар, ёвуз кучларнинг мақсад вазифалари ҳақида ўраганамиз. Чунки  ёвуз кучлар айёр бўлиб, ҳар бир нарсадан ва имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Биз уларнинг мақсадини ва қандай ҳаракат қилишини олдиндан билсак, бизда уларга қарши   иммунитет пайдо бўлади.

«ЭКСТРЕМИЗМ» (экстремизм – французча «еxtremisme», лотинча «extremus» — кескин, сўнгги) ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, Давлатнинг жорий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳокимиятни зўрлик ишлатиб эгаллаб ёки диний адоват қўзғатишга қаратилган ҳаракатларнинг ашаддий шаклларини ифодалайди

ТЕРРОРИЗМ  – сиёсий, диний, мафкуравий  ва бошқа мақсадларга эришиш  учун   шахснинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирувчи, мол-мулк ва бошқа моддий объектларнинг йўқ қилиниши (шикастлантирилиши) хавфини келтириб чиқарувчи ҳамда давлатни, халқаро ташкилотни, жисмоний ёки юридик шахсни бирон-бир ҳаракатлар содир этишга ёки содир этишдан тийилишга мажбур қилишга, халқаро муносабатларни мураккаблаштиришга, давлатнинг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини бузишга, хавфсизлигига путур етказишга, қуролли можаролар чиқаришни кўзлаб иғвогарликлар қилишга, аҳолини қўрқитишга, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган, зўрлик, зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёки бошқа жиноий қилмишлардир.

ДИНИЙ МУТААССИБЛИК –   ўз  диний  қарашларини  мутлақ ҳақиқат   сифатида   эътироф   этган   ҳолда  бошқа  диний  эътиқодларга муросасиз  муносабатда   бўлиш.   Мутаассибликка   берилган  одамлар ва   уларнинг   гуруҳлари   тарқатаётган  ғоялари  ва   амалий   фаолияти жамиятдаги   ижтимоий   барқарорликка   таҳдид   ҳисобланади.

ДИНИЙ НИЗО –  турли  дин вакиллари  орасидаги муносабатларнинг  муайян  тарафнинг  қонуний  ҳуқуқлари  ҳақиқатдан ёки  хаёлий  поймол  этилиши   оқибатида   кескинлашуви.

Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини кенгайтириш мақсадида асосий йўналиш ҳисобланган интернет орқали тарғиботни кучайтириш ва экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, шу билан бирга меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш,  улар асосида “ҳужралар” ташкил этиш, каби усулларда амалга оширмоқда.

Бундан келиб чиқади интернетдан фойдаланишда, четдан туриб мутаассиб кимсаларнинг юборган диний мазмундаги ҳар хил фатволари таъсирига тушиб қолишдан ва чет элга  борганимизда ҳушёрлигимизни янада  кучайтиришмиз керак бўлади.

Мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари — мусулмонлар учун ўта аҳамиятли бўлган нозик тушунчалар – “кофирга чиқариш”, “ҳижрат”,  “жиҳод”, “шаҳидлик”, кабиларни бузиб талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва ўз яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кечаётган мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборат.

Жиҳодий жамоаларнинг мафкурасида «такфир», яъни «кофирга чиқариш» тамойили муҳим ўрин тутади. «Такфир» – мусулмонни иймонсизликда айблаш демакдир. Жиҳодчилар ўзига эргашмаган мусулмонларни «кофир», яъни «динсиз» деб асоссиз ҳукм чиқаради. Ҳадисда «Кимки мўмин кишини «кофирсан» деб ҳақоратласа, гўёки унинг қонини тўкканчалик гуноҳ қилган бўлади» дейилади. Яъни, мусулмонман, деган инсонга «кофир», деб ҳукм чиқариш ҳуқуқи ҳеч бир инсонга берилмаган.

Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Дайламий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳу соллаллоҳу алайҳи васал-лам: «Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг зотида ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир», дейилган.

«ЖИҲОД» сўзи “Жидду-жаҳд”, яъни инсон ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, ҳаракат килиши маъносини англатади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мусулмон одам жиҳод қилмоқчи бўлса, ўзининг барча куч-қувват, ақл-заковати ва моддий имкониятларини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши керак бўлади. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, жиҳод сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Урушни араб тилида бошқа сўзлар билан ифода этилади. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида «қитол» сўзи ишлатилади.

Жиҳод деганда, аввало, нотўғри йўлдан қайтариб, тўғри йўлга бошлаш тушунилади, дейиш мумкин. Бу қоида кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган эмас. Балки илк ислом даврида юзага келган бўлиб, Қуръони карим оятларига асослангандир. Расулуллоҳ (алайҳиссалом):  “Тили ва қўлидан бошқалар азият чекмаган киши ҳақиқий муслмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ҳижрат қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, деганлар.(Имом Бухорий ривояти). Уламолар ушбу ҳадисларни шарҳлаб, ундаги “ҳижрат”дан мурод “тарк қилишдир”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса, Умму Анас (разияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда унга энг маҳбуб амал шу бўлади”. деганлар.

“ҲИЖРАТ” сўзи луғатда бирор нарсадан ажраш, шариатда эса, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тарихий-жорий вазиятдан келиб чиқиб Маккани тарк этиб, Мадинага боришларига қиёсан, Ислом дини йўлида мусулмонларнинг яшаб турган ерларини ташлаб, бошқа юртларга кўчиб кетиши назарда тутилади.

Ҳозирда Ислом дини ақидасини очиқдан очиқ бузиб, шариатга мутлақо зид равишда муайян гуруҳларнинг ғараз мақсадларни кўзлаётган кимсалар “ҳижрат килмаганлар кофир”, “кофир юртда яшаш куфр” деган сохта ва бузуқ даъволар билан ватандошларимизни айниқса, ёшларимизни алдаб, хориждаги жангарилар тайёрланадиган марказларга жўнатишга ҳаракат қилмоқда. Аслида эса, ислом таълимотига мувофиқ, Ўзбекистон каби мусулмон мамлакатдан “ҳижрат” қилинмайди.

Ҳозирда интернет  ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Шу жиҳатдан интернетдан фойдаланишда қуйидаги мазмундаги сайт ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишдан сақланиш лозим.

  1. Жиҳод, шаҳидлик, ҳижрат, куфр каби истилоҳларни нотўғри талқин қилувчи сайтлар;
  2. Юртимиздаги кечаётган барча ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва диний жараёнларни кескин ва нохолис талқин қилувчи сайтлар;
  3. Турли юклаб олиш мумкин бўлган, аммо, экстремистик мазмунга эга аудио, видео ва электрон шаклдаги китобларни сақловчи сайтлар;
  4. Кўринишдан беозор, бироқ, ҳанафий мазҳабига зид тарғибот ишларини олиб борувчи, ёки мазҳабимизга раддия берувчи сайтлар;

Бундан қандай қилиб сақланамиз, ўзимизда нималарни шакллантиришмиз керак бу саволларга қуйидагича жавоб.

-мустақил фикрга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлишлик;

-соғлом ҳаёт тарзи кечириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни чуқур ўрганиш ва уларга амал қилиш;

-турли дин ниқобидаги оқим ва йўналишлар таъсири ҳамда ақидасига қарши ўзида иммунитет ҳосил қилиш, бунинг учун мафкуравий таҳдидларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш;

-гўёки ислом динини ўргатишни ваъда қилаётган шубҳали шахслар билан мулоқот қилмаслик;

-ноқонуний тарзда чоп этилган ёки тайёрланган диний мазмундаги адабиёт, мобил телефонлардаги материаллардан фойдаланмаслик ва олиб юрмаслик;

-интернет тизимида экстремизм, терроризм ва миссионерликни тарғиб қиладиган сайт ва ижтимоий тармоқларга кирмаслик.

Илмсизлик оқибатида экстремистик оқимга аъзо бўлган шахсларнинг ўзга юртларга кетиши ва жангларда асирга тушиб хор-зор бўлиши ҳам хар бир инсонни тафаккур қилишга огоҳ ва ҳушёр бўлишга ундаши лозим

Хулоса ўрнида машҳур уламо, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутий бундай бузғунчи тоифаларнинг қилмишини қоралаб айтган қуйидаги сўзини келтирамиз: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш”, дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш”, дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васалам) бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?”.

 Ўткир Ғузаров,

 “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири